“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

ЯХШИЯМ, МЕН СЕНИ КЎРМАЙМАН ЁМОН...

Маҳфуза ИМОМОВА

ЯХШИЯМ, МЕН СЕНИ КЎРМАЙМАН ЁМОН...

ҚАЙТА ТУҒИЛИШ

 

Ўзингга қайтасан –

Оғриқларингга

Дуолар ўқийсан ижобат тилаб.

Бир финжон қаҳвани қўйиб олдига

Тўйиб гаплашасан виждонинг билан.

 

Сўнг кино бошланар –

Уруш ҳақида

(На кўргинг келади, на бўлар ухлаб!)

Титрайсан, гўёки экран ортидан

Чиқиб келётгандай адашган ўқлар.

 

Ҳайдалган ит каби увиллар шамол,

Кетиб ҳам бўлмайди,

Совуқ ташқари.

Измингга соласан ўзингни дарҳол,

Сўнг ҳузур топасан дилни бошқариб.

 

Деразанг ортидан боқар мусича,

Булутлар тарқалар тўзғиган пардек.

Тонг отар, уйқусиз ўтади кечанг,

Қонингда югурар ватанпарварлик.

 

Атрофга боқасан табассум билан,

Сезасан манзиллар аён эканин.

Қўрқмайсан,

ортингга қайтмайсан сира

Энди чўчитолмас Аёл эканинг.

 

Тўмарис келади,

Ойбарчин келар.

Сени ишонч қучиб олар дафъатан.

Муҳаббат ҳақдаги тушлар чин келар,

Севгингга хиёнат қилмайди Ватан.

 

Севгига хиёнат қилмагай – Ватан!

 

МУСОФИР

 

Кетасан, йўлларга томиб борар дил,

Кетасан, ҳеч ким-ла қилмай муроса.

Одамлар манзилга томон борадир,

Сен ҳамон ўтмишга томон борасан.

Елкангни узгудек оғир китоблар,

Юрагинг пичирлаб алланима дер.

Имласанг юзларин беркитиб чорлар,

Ҳайдасанг ортингдан келаверар шеър.

Уйинг тор, қишлоқ ҳам...

Сиғмайсан кўкка,

Сени қай орзулар қамраб боради?

Кимсасиз чўлларда

Тоғлари улкан,

Йилларнинг шамоли ямлаб боради.

Дадилроқ қадам бос, умр сўнгида

Кўринсин ҳар битта одамнинг изи.

Бошингга қор тушса, дўл тушса чидаб

Манзилга етгайсан, отамнинг қизи!

 

ОНАМГА ХАТ

 

Супрада ун борми,

Қозончада ёғ,

Ёмғирда ҳўл бўлиб қолдими ўтин?

Кичрайиб қолгандек бугун ҳамма ёқ,

Онажон, орадан шунча йил ўтиб

Мени ҳам соғиниб кетгандир қишлоқ?

Елкамга кўнгилнинг юкини ортиб

Қиз бошим билан мен ҳамон сафарда.

Кўзим-ла чамалаб осмоннинг ортин

Оёғим тупроққа тўлар шаҳарда.

Настарин гуллари тутар ёқамдан,

Ҳар томон сочилиб кетар кўчалар.

Қай бирин тугатай,

Айни шу дамда

Кечирган кунларим келиб ўч олар.

О, қандай ажойиб эди мен кўрган

Тушларим. Ухламоқ осон баридан.

Уйғониб излайман дунёни биркам

Дадамнинг қолдирган чопонларидан.

Сиғмайман кенгликлар бўлмаса уйда,

Ҳар битта ғуссангдан кетганман озиб.

Ёшим ҳам улғайиб бормоқда ўйдан,

Хавотир қалбимни турткилар ҳозир.

Уйимиз совуқми?..

Эшик олдидан

Укам бир чеккага олдими қорни?

Қалинроқ ўранинг,

Иситсин чидам,

Она, уйимизда муҳаббат борми?

 

* * *

Қуёш ёпинчиғин тортади кўздан,

Умидлар қаддини кўтарар хорғин.

Ғурур кўчасида ҳаммадан ўзган

Совуқ юрагимда бошланар ёнғин.

Шу оташ тафтида иситмоқ гумон

Сенинг муз қоплаган ўлкаларингни.

Настарин шохлари тутар, эҳтимол,

Мендан баланд турган елкаларингни.

Учқур саманлардек югурар йиллар,

Шартмиди йўлларга кўз тикиб яшаш?

Сенинг ҳам ёдингда муҳаббат йиғлар,

Эртароқ уйғонган тонгларга ўхшаш.

Яхшиям, кўксимда соғинч уфурган,

Яхшиям, дилимни ўртаган ҳижрон.

Яхшиям, мен сени яхши кўрмайман,

Яхшиям, мен сени кўрмайман ёмон...

 

ОЛТИН БАЛИҚ ЎЙЛАРИ

 

* * *

Бир денгиз тубинда хаёл сурарман

Туртиниб турфа хил тошларга, гулга.

Ёдингдан мубарро ҳаёт сўрарман

Ва кескин бурилиб чиқарман йўлга.

Бир илинж бўлмагай бормоқларимдан

Ўзимни осгали қармоқларингга...

Узуклар ялтирар бармоқларимда,

Узуклар ялтирар бармоқларингда.

 

2

Кўп тилак тилайсан, бажаролмайман,

Надир истарингни шархлай олмайсан.

Кўнглимнинг тубинда қумга беланган

Асл олмосларни фарқлай олмайсан.

Тилло тангаларим қолмасин занглаб,

Сузарман ҳушимга келган ёқларга.

Келарлар ортимдан изғиб наҳанглар,

Мен маржон элтаман чиғаноқларга...

 

3

Шўр денгиз тубинда ҳокимдир ғафлат,

Шўр денгиз тубинда нималар йўқдир?

Нафрат бор, алдов бор ва бунда фақат

Елканлари қизил кемалар йўқдир.

Қароқчи кемалар кўнгил талашар

Олиб кетмоқ истаб соҳилга томон.

Мен шундай жонзотман – на сувда яшар,

На-да қуруқликда қолурман омон.

 

4

Кўксингга қадалган кўзларим – тугма,

Эслатиб тургувчи тағин кимлигим.

Мен учун бирорта сўзингни тўкма,

Ҳаммага ёқмоқда, ахир, жимлигим.

Бедорлик бошимга муборак бўлсин,

Балиқлар кўз юмиб ухламас, бегим.

Шўр денгиз тубинда ўлади, ўлса,

Балиқлар ҳеч қачон йиғламас, бегим!

 

Балиқлар ҳеч қачон йиғламас, бегим...