“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

Муҳайё РУСТАМ қизи. КЎЗИМНИ БЕРКИТДИМ КЎЗ ЁШИМ БИЛАН

Муҳайё РУСТАМ қизи

КЎЗИМНИ БЕРКИТДИМ КЎЗ ЁШИМ БИЛАН

* * *

Кўзим ғамга тўлди, кўнглим қайғуга,

Ҳорғин хотирамда сўнгсиз пушаймон.

Умр ўтиб борар, тўймай туйғуга

Ва билъакс бахт истар юрагим ҳамон.

 

Ҳамон парвоз этар руҳим қушлари,

Ҳамон тилагимнинг чегараси йўқ.

Ҳамон илҳом қилар орзум тушлари,

Ҳамон ҳаётимда бинафша кўк – туғ.

 

Яшил дунёларни чертаман такрор,

Тангрим, толеимнинг даричасин оч.

Сезяпман, севгидай келмоқда баҳор,

Ҳар битта бармоғи-- гуллаган оғоч.

 

* * *

Турмуш ўртоғимга

Чексиз осмонингда порлар юлдузим,

Йўлингни ёритгай ёруғ кундузим.

Муаззам дарахтман саодатга ғарқ,

Сенинг юрагингда менинг илдизим.

 

Толеинг баланддир – иқболим порлоқ,

Жоним жонингдадир, соҳиби омон.

Умринг йўлларидан ўтар ҳаётим,

Менинг мавжудлигим сенда намоён.

 

* * *

(... га)

Ҳуснига таманно, ўз лошига мот,

Гўзал қасрларга танда қўйган мор.

Нажиб эртаклардан чиққан алвасти,

Бир думалаб ҳурга айландинг такрор.

 

Зулматда семирган соядай қўрқинч,

Ваҳшати муваққат кўлкадай ўтдинг.

Ай, жудогар пари, бу тун ўткинчи,

Қуёш борлигини нега унутдинг?..

* * *

Мунис туйғуларни ғижимлар озор,

Қоп-қора зулфларда қўним топди қор,

Бу масрур дунёда мажруҳ муҳаббат,

Унутилди баҳор, унутилди ёр.

 

Кўзимни беркитдим кўз ёшим билан,

Хиёнатинг ёпдим бардошим билан,

Сўнгсиз умр кўрдим ёш бошим билан –

Унут бўлди баҳор, унут бўлди ёр.

 

Эй, сас бер, овоз бер, руҳимнинг рози,

Боғимда бошланди гуллар пардози,

Дил чалса боз ишқнинг такрорин, созин

Унутилди баҳор, унутилди ёр.

 

Агар қайта олсанг омондир боғим,

Юрагим--аламдан қотган қадоғим.

Қўрқма, қўлимдаги тошмас, сабоғим,

Унутилган баҳор, унутилган ёр.

Ҳали оқ олмадай гуллагим келар,

Умримни ифорга белагим келар,

Ўзимдан ҳам аввал тилагим келар

Унутмаса баҳор, унутмасанг, ёр.

 

Сенинг заққумингни ичдим – абгорман,

Таназзул бу ҳаёт, менда – душворман,

Токи мастон ҳуснинг, лутфингда борман

Мени унутма ёр, унутма, баҳор.

 

* * *

Мен ой каби юввошми

Ё шамолдай бебошми?

Ё саратон сархуш – мен

Ё ялдойи беҳуш – мен,

Ё куз менга ошиқдир,

Ё кўклам – ҳур қўшиқдир,

Ё мовий кўк – анбарим,

Ё чаман – гулчамбарим.

Ё шом соҳир маҳрамми?

Ё тонг маним чеҳрамми?

Ё гул ҳиди созимдир

Ё ёмғир овозимдир.

Ё кундуз сувайдоман,

Ё тун нури пайдоман.

Ё армон ўсган боғман,

Ё ғамдан бунёд тоғман.

Ё шафақ – ол меҳробим,

Ё қоришиқ туробим.

Ё муродга марг бўлдим,

Ё нусратга барг бўлдим.

Ё мен дунда бадарман,

Ё кофурий кадарман.

Ё шўр қисмат кўй менга,

Ё охирим тўй менга.

Ё, саботим манзурму,

Ё, гуноҳим мағфурму?

Ё, дегил, не озорим?

Ё, шойиста мозорим.

* * *

Эй, Ишқ, товвонингда янчилган хасман,

Бўйла бу озурда ҳолима, мастман.

Томчидай тўкилдим, қоришдим ерга,

Ман ҳу-у самодаги Нурга ҳавасманд.

 

Суйдим Мийсоқ отлиғ мусаллам онни,

Яшил тупроқ қолиб, занги осмонни.

Паймонамиз лимдур, йўлласин совчи,

Келса, «суюнчига бергаймиз жонни».

 

Эй, БИР, олам йўқдир, бир сен атосан,

Ношуд бандаларни ўйнаб ётосан.

Илло, шу беписанд наззорангга ҳамд,

Муқаддаму Боқий, буюк Яктосан!!!

 

* * *

Эй, ёри меҳрибон, дилсултон,

Қирмизи қирларга кетайлик.

Лолалар қатлида уздим жон,

Ул алвон сирларга етайлик.

 

Боқ, ҳануз дарёлар солланар,

Мовий тус осмон-ку изҳорим.

Кўксимда турналар жонланар,

Келсанг-чи, ишқташна баҳорим.

 

Эй, ёри меҳрибон-нуржаҳон,

Кўкда ой – бинафша малолим.

Намозшом гулига тўкдим қон,

Капалак руҳида хаёлим.

 

Мен каби ёнмагай хуршид ҳам –

Шом маҳал йиқилар ул аста.

Тун бўйи дардимга баҳам шам,

Ёстиқлар ингранар шикаста.

 

Эй, ёри меҳрибон, мен – хазон,

Оввора япроқлар чирпирак.

Ям-яшил исмимда заъфарон

Мезондай тентийди сор юрак.

 

Яланғоч дарахтлар – меҳмоним,

Куз каби сағирман, етимман.

Ёмғирлар бостирар исёним,

Келмасанг айт, кимман, мен кимман?

 

Эй, ёри меҳрибон, ишқ ёмон

Қарғалар тилида қисматим.

Қовоғинг заҳмида қаҳратон,

Довулми, изғирин исматим?

 

Сочимда қировлар илдизи,

Чучмома ҳидидан гуллайман.

Мен сенинг қишингда қор қизи,

Ёзиғим на бўлғай, билмайман.

 

Эй, ёри меҳрибон, қадрдон,

Васлингни истарман муттасил.

Ҳисларим тўлқини напармон,

Кўзларинг измида тўрт фасл.

 

Тақдирми, иккимиз туташмиз,

Севгилим, мен – тупроқ, сен – осмон.

Не ошиқ-маъшуққа ўхшашмиз,

Бу дунё кўрмаган ҳеч...

ҳамон...

 

Эй, ёри меҳрибон...