“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

Юлдузлар ерга тушганда...

Эркин Воҳидов номидаги она тили ва адабиёт фанини чуқур ўқитишга ҳамда хорижий тилларга ихтисослаштирилган мактаб-интернат ўқувчиларининг ижодларидан сизнинг ҳукмингизга ҳавола қилар эканмиз, шу мактаб ўқувчилари учун ғамхўрлик қилаётган устозимиз Энахон Сиддиқовага миннатдорлик билдирамиз.

 

Ҳожимурод Қўзибоев, 9-синф

 

ЮРАГИМНИ КЎРМАДИНГИЗМИ?

Ҳой, ишқ аҳли, шаҳрингиз ора

Қидиришдан ўзга йўқ чора.

Ўлиб қутулмаган бечора

Юрагимни кўрмадингизми?

 

Кеча бироз қаттиқ теккандим,

Қилмишидан қадрин тўккандим,

Шу кўчада дўстим, афандим –

Юрагимни кўрмадингизми?

 

Белгилари: бағри тилинган,

Йиртиқ ери ямоқ қилинган.

Оқсоқ эди – оёғи синган…

Юрагимни кўрмадингизми?

 

Севги эди унинг касали,

Беролмадим бирор тасалли,

Ўн саккиз минг олам гўзали –

Юрагимни кўрмадингизми?..

 

Мудраётган руҳингни уйғот

Кулиб боқиш қанчалар қийин,

Юрагингга бўласан тиргак.

Ёшлигингда катта бўлмоқдек

Катта орзу бўлмаса керак.

 

Синовларга элтар ҳар қадам,

Қўлинг калта бўлиб боради.

Ҳаммасига кўзинг етса ҳам,

Дил кўксингда ўлиб боради.

 

Баҳорнинг ҳам етмас қудрати,

Ёзда ёғар қовоғингдан қор.

Ношукур деб ўйлашар сени,

Парво қилма, майли, ҳаққинг бор.

 

Лабиринтдан чиқолмайсан, йўқ,

Сув урасан юзингга бот-бот.

Кўзларингни очишдан аввал

Мудраётган руҳингни уйғот.

 

Оллоҳёр Эркинов, 7-синф

 

* * *

Янги йил баҳона, давра тўлдириб

Дўстларим тушади шодон рақсга.

Мен эса бир четда ойнадан боқиб,

Мафтун термуламан бир гўзал қизга.

 

У рақс тушади жуда ҳам гўзал,

Эгнида ҳилпирар оппоқ кўйлаги.

Кунда ҳам гўзалдир, тунда ҳам гўзал,

Фақатгина уни келар ўйлагим.

 

Кўп шоирлар кўнглин олган ул малак

Ва уларга насиб бўлгандир севиш.

Ошиқларнинг сафи ошди биттага,

Ўзинг гўзалдирсан, севгилимсан, Қиш!

 

         

УМР

Чангалзорда яшарди йўлбарс,

Унутганди бу дунё ғамин.

Наърасидан харсанг кетар дарз,

Қудратидан титрарди замин.

 

Тоғларга ҳам урар эди дўқ,

Ўзин билди дунёга ҳоким.

Лек кўкрагин тилган митти ўқ,

Ҳаётига ясади якун.

 

Шоҳсанам Омонова, 9-синф

* * *

“Ўткан кунлар” ўтган кунлар

Ва беором ўтган тунлар.

Нигоҳларга тузоқ қўйиб

Мақсадига етган тунлар.

Қайдасизлар, қайдасизлар?

Айтинг, қачон қайтасизлар?

Қувончларга улашиб бахт,

Дилдан кашта тикади вақт.

Орзусини сойга отиб,

Сувни севган, эй муҳаббат.

Қайдасизлар, қайдасизлар?

Айтинг, қачон қайтасизлар?

Кўзмунчоқлар овунчоқмас,

Ҳар битта кўз мунчоқ эмас.

Қайтиб келинг, камтар ҳислар

Сиз йўқ қалбим тупроқ эмас.

Қайдасизлар, қайдасизлар?

Айтинг, қачон қайтасизлар?

Тун ютганда юрагимни,

Қуёш дедим тиргагимни.

Олиб қочиб кетманг ҳислар

Бахт аталмиш гулбаргимни.

Қайдасизлар, қайдасизлар?

Айтинг, қачон қайтасизлар?

 

* * *

Мен ўшаман, танияпсанми?

Армонларда йиғлаб қолган қиз.

Сен кетишинг керак, биламан,

Рўмолларим олиб қўйган ёз.

Мен ўшаман, таниёлмайсан,

Ахир бўлди катта ўзгариш,

Мен кузларга бердим армонни

Ҳар қадамда бор янгиланиш.

Мен ўшаман, танияпсанми?..

 

Абдумалик Хурсаналиев, 8-синф

* * *

Кутиш – яшаш сари интилган қадам,

Яшашга интилдим ҳар бир нафасда.

Ҳаёт найрангидан чекаман алам,

Муҳаббат чеклаган олтин қафасда.

Дийдор дамлар муштоқ бўлади ҳали,

Кутгин мени, эй бахт, бораман бир кун.

Ҳижроннинг азоби тугар маҳали,

Андишадан севги бўлади устун.

Қўлингни тутаман бир куни, гулим,

Соғинчим ер билан битта бўлади.

Ўшанда қаршилик қилмайди ҳеч ким,

Ҳали тақдиримдан кўнглим тўлади.

Гулим, айни дамда сабр таянчим,

Лекин ўзгармайди кўнглимнинг таъби.

Кутиш – яшаш сари интилган қадам,

Яшашга интилгин сен ҳам мен каби...

 

* * *

Мен қишлоқи мен битта содда,

Ҳовучимда ичадурман сув.

Келдим, кўрдим мана шаҳарни,

Ҳаёт қурғур чиқиб қолди қув.

Мен ишонган эртак тугади,

Ҳамон қўмсар қалбим далани.

Қани энди қўш ҳўкиз билан

Борсам эди ўтлаб келгани...

Йироқ осмон асли паст экан,

Ҳижрон, азоб кутар мени шай.

Ҳовучимда ичаман сувни,

Ишқ ҳовучга сиғмади нетай...

 

Муаттар Маматкаримова, 9-синф

БОЙ ҚИЗИ

Жавон тўла кийим, қаторма-қатор,

Жуда нафосатли, қизил ё нимпуш.

Бой қизи яшайди бу тўла уйда,

Минг афсус, минг афсус, юраги бўм-бўш.

Ҳеч ҳавас қилмадим, ҳавас қилмадим,

Қуриб кетсин ўша қиммат упаси.

Уйингда бойлигинг бўлмаса бўлмас,

Олов кўксинг ҳеч ҳам фақир бўлмасин.

Кўриниш ўзгарар, ҳар кун турлича,

Хаёлимда кезар ўзгача ўйлар.

Ҳар куни кийимини алмаштирар у,

Бой қизи севгини кийим деб ўйлар.

Ҳисларсиз яшамоқ, эҳ, қандай мушкул,

Лек етар қўллари осмонга, ё Раб.

Камбағал гадойга қараб шукр дер,

Мен шукр қиламан шу қизга қараб.

Бугун кўксим ёнар, оловдек ёнар,

Маним туйғуларим азобимни ер.

Ҳаёт фақат пулмас, ҳислар ҳам бордир,

Бой оға, қизингга юрак олиб бер!

 

КЎЙЛАКДАГИ ДОҒ

Бугун бирам шодман, хурсандман, чунки

Отам янги кўйлак олиб бердилар.

Қувнаб, этагини гир айтантирсам,

Онам “авайлаб кий, қиммат” дедилар.

Ранги қизил, ўзи жуда ҳам нафис,

Ҳеч ечгим келмасди, кайфиятим чоғ.

Кутилмаган пайтда нимадир бўлиб,

Янги кўйлагимга тушиб қолди доғ.

Хафа бўлиб кетдим шунда ўзимдан,

Энди ёш тўкмоқчи бўлганди кўзим.

Отам дер: “Кўйлакка доғ тушса тушсин,

Лекин кўнглингга доғ туширма, қизим!”

 

Ҳожиакбар Зийнатшоев, 7-синф

АТИРГУЛ

Кўксимдаги атиргул,

Бўйи кўкка татиргул,

Энг чиройли сатргул

Бир ўпайми юзингдан?

Дилим сенга пайваста,

Бир тупгина гулдаста,

Ҳамма сенга ҳавасда,

Бир ўпайми юзингдан?

Гуллар ичра ягона,

Мени қилдинг девона,

Бўлай сенга парвона,

Бир ўпайми юзингдан?

Кўкдаги тилим ҳилол,

Дугонангдир эҳтимол,

Келмасин гулим малол,

Бир ўпайми юзингдан?

 

ОНАЖОНИМ КЎЙЛАГИ

Шеърлар ёзсам байтма-байт,

Қувнаб кетар юраги,

Илҳомимдай ҳилпирар

Онажоним кўйлаги.

Ҳар тарафи лолазор,

Лолазордир ва баҳор,

Ҳайратимдай бетакрор

Онажоним кўйлаги.

Қуёш мисли мусаввир,

Унда яратар тасвир,

Дилга таскин соладир

Онажоним кўйлаги.

Дуогўйим, фариштам,

Бахтга боғловчи риштам,

Ўзларидай саришта

Онажоним кўйлаги.

Тўрт тарафи лолазор...

 

 

Шаҳризода Ботирова, 9-синф

СОҒИНЧ

Юрагимни тилкалар соғинч,

Йўл оламан қишлоғим томон.

Меҳрибоним – онамнинг иссиқ

Қучоғини соғиндим ёмон.

 

Оёқларим югурар бирдан,

Тойиб кетар гоҳо ковушим.

Йўлакчада кетардим шодон,

Ҳаяжондан титраб товушим.

 

Ошиқаман, мендан олдинроқ

Соғинчларим борар югуриб.

Қучоқ очиб кутволар онам

Атрофимда минг бор ўргилиб.

 

Бир кунгина мунис онамнинг

Дийдорига қандай тўяман?

Шаҳар томон яна олдим йўл,

Бир ҳафтадан кейин келаман.

 

Автобусга чиқдим, сўнг бирдан

Дейман: ”Тўхтанг, амакижон, ҳув!

Райҳон исли гул қишлоғимда

Юраккинам қолиб кетди-ку?!”

 

* * *

Бунча юрагимга ёқасиз олов,

Қизариб пишмоқда армоним – кулча.

Сизни излаб тушган киприкларимни,

Соғинчим билинг деб учирдим кеча.

 

Япроқлар баргига боғладим ишқим,

Етказиб бергандир дугонам сабо.

Момақалдироқлар бўлар кўксимда,

Балки ҳисларимга тарқалди вабо.

 

Йўқ, бундай бўлмайди ҳаёт дегани,

Қўл силтаб ўтмасман энди барига.

Сукунат элчиси қўёлмас нуқта,

Ҳаётимнинг масрур лаҳзаларига.

 

Қайдан билардингиз дардимни маним,

Ёлғиз Тангрим берар ишқ давосини.

Ўзгартиролмайсиз, буни биламан,

Кўнглим дунёсининг об-ҳавосини.

 

Ахрор ТЎХТАСИНОВ, 9-синф

БАХТ

Ярим тунда эшик тақиллар,

Ким экан бу номаълум кимса?

Кимлигини билмоқлик учун

Сўроқлайман киравер, кимсан?

Ҳеч овоз йўқ тақиллар эшик:

Тақ, тақ, тақ.

Юрагимга тушади қўрқув,

Пешонамдан чиқиб кетар тер.

Бир лаҳзалик сукутдан кейин,

Яна дедим: кимсан, жавоб бер?!

Ҳеч овоз йўқ, тақиллар эшик:

Тақ, тақ, тақ.

Кенг хонада ёлғиз ўзимман,

Чироқ ўчган, қоронғу хона.

“Мен бахтман” – дер номаълум кимса,

Сўнг ҳеч гап йўқ, сукунат яна.

Фақатгина қадам товуши:

Тақ-тақ-тақ.

Кетиб қолди бахт.

ДЕСЕРТ

Тақиллатмай кириб келишди,

Кўнгил номли кенг ошхонамга.

Сўрадилар таомномани,

Зўр хўранда булар чамамда.

 

“Биринчиси кабоб” дейишди,

Жигаркабоб ёзиб қўяман.

Кейин текин икки қадаҳда,

Қонли шароб ёзиб қўяман.

 

Десертгачи нима айтасиз,

Улар айтди “кўрайлик қани.

Мана буни олиб келингчи,

Таoм ширин бўлса бўлгани”.

 

Яхши танлов, ажойиб таом,

Ҳалигача ҳеч ким емаган.

Тамини ҳам билмайди ҳеч ким,

Олиб келинг шуни демаган.

 

Хулласкалом, кулгу авжида,

Хўрандалар боқмоқда зийрак.

Ошхонага хуш бўй таратиб,

Десерт бўлиб келмоқда Юрак.

 

Одинахон Ҳалилова, 8-синф

 

ШОИР

Мағрур бўлма ҳаддан зиёда,

Вақт келганда сақлагин сукут.

Бу дунёда ҳамма пиёда,

Лек чўққини кўзлайди бургут.

 

Комилликка интил, азизим,

Орзуларга боғлагин қанот.

Қалбингга доғ тушурма, лекин,

Шунда кулиб боқади ҳаёт.

 

Шеър ёзмадим яқин орада,

Юксакликка, мардликка доир.

Кўп ўйладим мен бу борада –

Қўрқоқ инсон бўлолмас шоир.

 

ОЗОДЛИК

 

Уфқдан аста кўтарилиб бош,

Ер юзини қиздирса қуёш,

Иш бошлайди бунда кекса-ёш,

Азобларга қилиб зўр бардош.

 

Иссиқ қумлар учади ғир-ғир,

О, бечора қулларга оғир!

Тортадилар ғурбат, машаққат,

Йўқдир сира уларга шафқат.

 

Бу харсанглар каттадир, қайноқ,

Қул йиқилса қийноқ ва қийноқ.

У ҳам одам, аммо нонга зор,

Шу нон учун бўлади хор, хор.

 

Алал охир йиқилди бир қул,

Қулнинг жони арзимас, бир пул.

Туролмади, у ҳалок бўлди,

Озод бўлди, қутилди – ўлди!..

 

Араббой Аҳмаджонов, 7-синф

 

МЎЪЖИЗА

 

Бу қандай ҳол, қандай мўъжиза –

Чиллада ҳам гулларми дарахт?

Ёки танҳо ўйларми ўзин

Одамларни этибон карахт.

 

Шу аснода тугади қиш ҳам,

Истак бўлди ёзмоқ яна барг.

Ё табиат қаҳри келдими –

Жон куртак-ла уни этди тарк...

 

* * *

Бу дунёга сиғмай кетаман,

Шодликданмас, ғам-андуҳлардан.

Мен ўзимдан қўрқаман фақат,

Қўрқмам асло ёвуз руҳлардан.

 

Тунда менга нажот бор, нажот,

Ой – заминдан чиқиш дарчаси,

Кетолмасам нетай, заминда,

Бор қаламнинг битта парчаси.

 

Ярим кўнглим волидамдадир,

Чунки севги менга бегона.

Севги десам чангимни қоқар,

Меҳрибон ҳам қаттиққўл она.

 

 

Нилуфар Эргашева, 7-синф

 

ОРЗУЛАР ФАСЛИ

Юрагимда орзулар фасли,

Чўққиларда қуёш порлайди.

Эркалайди дилкаш туйғулар

Ва бағрига мени чорлайди.

Юрагимда орзулар фасли,

Осмонларга бўйламоқдадир.

Қалдирғочлар симёғочларда

Шодон қўшиқ куйламоқдадир.

Юрагимда орзулар фасли,

Отам эккан боғлар – ифтихор.

Ҳадя этар неъматларини –

Қўйни-қўнжи тўла ўрикзор.

Юрагимда орзулар фасли,

Кулиб боқди замона менга.

Онажоним – Ўзбекистоним

Гўзал шеърим, шукронам сенга!

УСТОЗ ЭРКИН ВОҲИДовГА

Чизмоқ бўлиб ҳаёт манзараларин,

Қўлимни узатдим қалам – умидга.

“Тирик сайёралар” берди маслаҳат:

“Шогирд тушмоқ керак Эркин Воҳидга”.

Нима эксам экан боғларимизга?

Шаддод юрагимдан отилар савол.

Шунда устоз деди, майин жилмайиб:

“Яхшилик аталган “Ниҳол” эк, ниҳол”.

Баъзан мақтанмоқлик одатларим бор,

Ҳеч сабоқ олмадим хатоларимдан.

Шунда шеър чимчилар қулоқларимни:

“Либос кий “Камтарлик” матоларидан”.

Бугунни эртага қолдирмоқ ёмон,

Вақт уволи ёмон, ким беради шарҳ.

Яна жаранглайди шоирнинг сўзи,

“Бонг уринг” одамлар, бўлмангиз бефарқ.

Чизмоқ бўлиб ҳаёт манзараларин,

Қўлимни узатдим қалам – умидга.

“Тирик сайёралар” берди маслаҳат:

“Шогирд тушмоқ керак Эркин Воҳидга”.