“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

Заминдай айланар бошим атрингдан...

Рустам МИРВОҲИД

 

БИР ШЕЪР ЁЗСАМ...

Бир шеър ёзсам – овозаси ҳеч шоирда бўлмаса,

Бир шеър ёзсам – андозаси ҳеч шоирда бўлмаса,

Бир шеър ёзсам Тож Маҳалдай, унинг гумбази тугул,

Остонаси, дарбозаси – ҳеч шоирда бўлмаса.

 

Тақдир менга тортиқ этса ё айласа ҳавола,

Вазминлиги тоғ мисоли, шўхлиги-чи, шалола,

Тимсоллари, ташбеҳлари якто бўлса қуёшдек,

Фаришталар талашганча қилса уни мутолаа.

 

Ўша шеър деб, нафақат мен, олам яралган бўлса,

Оламдаги энг биринчи Одам яралган бўлса.

Кавокиблар булут узра ётиб тикилса унга,

Кимсан Оллоҳ ўзи йўнган қалам яралган бўлса.

 

Ўша шеър деб, аввал-охир гуноҳлар кечирилса,

Тинчлик учун қонлар тўккан подшоҳлар кечирилса,

Тескарисин ўқиганда “қора” сўзи чиқса ҳам –

Ёшлик қилиб нўш этилган ароқлар кечирилса.

 

Ахир, у деб, тоқ ўтдилар – иккиланмай – уйланмай,

Кимлар бошин дорга тикди иккиланмай – ўйланмай,

Ахир, у деб, чирт юмдилар кўзларини не-нелар,

Ҳатто Маъжуж деворидан кутиб турар бўйламай...

 

Фақат ҳозир у қаерда, дунёнинг қай кунжида,

Қайси сирли ғор оғзида ё оғзининг лунжида?

Бу дунёга келганимга рози бўлардим, бир бор –

Ҳувиллаган кўксим узра қилса қадам ранжида...

 

Ўша шеър деб аввал-охир гуноҳлар кечирилса...

 

ОҲАНГ ОҲАНРАБОСИ

 

Замину замон ҳам бўлади унут,

Ноталар қаъридан маъно англасанг.

Тилгамас, қулоққа айланар вужуд –

Йўлингда сел бўлиб қўшиқ тингласанг.

 

Йўлда куй эшитмак сафоси бошқа,

Ҳарир ўйлар келар қақшаган бошга,

Шердай тик қарагинг келар қуёшга –

Йўлингда сел бўлиб қўшиқ тингласанг.

 

Тарона авжига чиққанда бот-бот,

Оёғинг узилар ердан шу заҳот,

Куракдан ниш уриб ўсади қанот –

Йўлингда сел бўлиб қўшиқ тингласанг.

 

Узоқ манзилларга очиб қулочин,

Уловинг учганда мисоли лочин,

Дунё шовқинларин тўсар қулоқчин –

Йўлингда сел бўлиб қўшиқ тингласанг.

 

Борлиқ борлиғингни куй билан ўрар,

Энг майин садолар ўз қадрин сўрар,

Кўзлар эшитгандай қулоқлар кўрар –

Йўлингда сел бўлиб қўшиқ тингласанг.

 

Ҳаёт – учқур от гоҳ бўлмас бошқариб,

Қоқилсанг, устингдан кулса ёш-қари,

Куюнма, суюнма ҳаддан ташқари,

Бариси ўткинчи... Ҳақдан ташқари –

Йўлингда сел бўлиб қўшиқ тингласанг,

Киприкка киприкни қўшиб тингласанг...

 

ҒОЙИБОНА

 

Кўрмасдан кўраман... қайдасан ҳозир –

Энг баланд, энг чуқур жойдасан ҳозир.

 

Эшитмай эшитгум... қадаминг сасин –

Майсалар кафтма-кафт элтар муттасил.

 

Илғайман... ҳар битта киприк қоқишинг –

Қуёшни ўчириб ноз-ла ёқишинг.

 

Заминдай айланар бошим атрингдан,

Уфуриб туришинг ҳар бир сатримдан –

 

Англатар – таянган нуқтамлигингни,

Энг ҳарир... айтилмас... нуктамлигингни.

 

АЙНИ ДАМ

 

Келди умринг ёзи, шоир,

 ёз ғазаллар айни дам,

Ким сенга руҳий ғизодур –

 соз ғазаллар айни дам.

 

Бул ғазалнинг шавқи завқи,

 ишқию машқи бўлак,

Омма эрмас, хос элига –

 мос ғазаллар айни дам.

 

Дилда илҳом пардасидин

кўриниб, кўринмайин,

Воҳ, гўзаллар янглиғ этгай

ноз ғазаллар айни дам.

 

Айни дамда айни ғамким:

булҳавас шеърлар талай,

Ёзилур кун-кундин аммо

оз ғазаллар айни дам.

 

Тенги йўқ тенгдошлар ичра

елкадошлар чиқсаю

Назм аро урф ўлса, шояд,

боз ғазаллар айни дам.

 

Яхши ният – ёрти мол, лек

“қиш”да хўб “қишлай” десанг,

Келди умринг ёзи, Рустам,

ёз ғазаллар айни дам.

 

ИНЪИКОС АЙЛАР КЎЗИНГ

 

Келди миш-миш: ишқи лоф деб

 эътироз айлар кўзинг,

Бир назар сол, кўзларимга –

 инъикос айлар кўзинг.

                 

Жозиб ул ўтли қарошинг

 ёдима тушган маҳал

Эътиқодим титрагайки –

 эҳтирос айлар кўзинг.

 

Киприкинг тансоқчи эрса,

 қорачуғ хонқиз эрур,

Билмадим тобеъ ё монеъ –

 турфа ноз айлар кўзинг.

 

Кимсалар хирмонда ҳозир,

 на ўроқ, бошоқда бор,

Тобакай ғайрига бундоқ

 имтиёз айлар кўзинг?

 

Не ажаб, сидқу вафонинг

 бобида ноқис улар,

Гўйиё жабру жафога

 ихтисос айлар кўзинг.

 

Дард элин ашки хирожин,

 кел, санам, тўхтатмасанг –

Бил, жаҳоний иқтисодий

 инқироз айлар кўзинг!

 

Рустамо, не ўзни алдаш,

 гарчи мағрурсан, вале,

Ҳар қарашда ёрга “кел” деб,

 илтимос айлар кўзинг.

 

АФУ ЭТ

 

Афу эт, ноилож соғинганимда,

Васлингга меҳробдай сиғинганимда.

 

Кўзингдан бўсалар сўрганим маҳал

Ва унда ненидир кўрганим маҳал –

 

Лабингга билдирган эътирозимни,

Ҳар бирига бўлак эҳтиросимни...

 

Афу эт, ўзимда бўлмаганимда,

Гоҳ кўнглим қисматдан тўлмаганида.

 

Нетай, қолдирганинг таассуф менга,

Энди ҳажринг – меҳроб – тасаввуф менга.

 

Кўзларинг нўш айладим...

 

Руҳ қамишдир. Пуфладинг – ул

найланиб бормоқдадир,

Дил узумдир. Эздинг – ул ҳам

майланиб бормоқдадир.

 

Бул наю, майли, мажолис

ун нафоисда, пари,

Кўзларинг нўш айладим, бош

айланиб бормоқдадир.

 

Мастманки онқадар,

 туткил қўлимдан, йўқ эса,

Боқ, асо бўлмоққа хома

 шайланиб бормоқдадир.

 

Бир қараб офтобга ўрнин

 кўрсатиб қўй, ҳусн аро,

Тобакай шоҳликка сўрмай

 сайланиб бормоқдадир?!

Рустамингдай ҳажр ўтида

 нола чекмай, найласин,

Руҳ қамишдир. Пуфладинг – ул

 найланиб бормоқдадир.

 

 

Нигор

 

Токи кўнгил ичра ишқинг

 ганж этиб кетдинг, нигор,

Нақди умримни балога

 харж этиб кетдинг, нигор.

 

Тилланинг васвоси тушган

 кимсадек безовтаман,

Мисли сокин сувда бўрон,

 мавж этиб кетдинг, нигор.

 

Кўзларим йўлингда зору

 минг нигорон бўлди, лек

Бир қадам ранжида қилмай –

 ранжитиб кетдинг, нигор.

 

Боғда булбул бирла қумри

 оҳ урарлар басма-бас,

Чунки, додимни тоборо

 авж этиб кетдинг, нигор.

 

Битта таскин шул эрурким:

 Рустамингга дил аро

Сабрини дардига монанд

 дарж этиб кетдинг, нигор.