“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

ЁМҒИР ЁҒАР, ЖАМИ ҒАЛВАЛАР – ЁҒИЛАДИР МЕНИНГ БОШИМГА

Феруз НЕЪМАТУЛЛАЕВ

* * *

Тоғ садоси... Тоғлар... Aкс-садо...

Осмон бағри нечук қон рангда?

Бу Тангридин берилмиш жазо –

Ханжар кўкни яралар жангда.

 

Термулингиз хаёлчан, кўкка –

Қон – шаробдан тўлиб борар жом.

Ё Раб! Кундуз ҳаёти тўхтаб,

Қуюлади ер узра оқшом!

 

* * *

Тингланар шаҳарнинг сокин алҳони.

Бир лаҳза сукунат,

Бир лаҳза жимлик...

Осмон чироқлари оҳиста ёнар,

Кўзингда бир лаҳза ёнади тунлар.

Термулсам, ижозат этсанг, севиклим,

Ўйимиз ўраса ҳислар қуюни...

Дунёни унутсам,

Дунёдан тонсам,

Сен билан ўтказсам сўнгги тунимни.

Нафасим куйдирар юзинг болишда.

Сўзларим аломат,

Сўзларим – чақин.

Сен мендан тобора яна олисда,

Тобора мен сенга янада яқин!

 

* * *

Ёмғир ёғар, малла сочим ҳўл,

Осмон тенгсиз, мен каби ёлғиз.

Ёмғир ёғар, одил ҳакам йўл,

Икки айро лой кечилган из.

 

Ёмғир ёғар, юрак ер тимдар,

Иблис келиб чўкар қошимга.

Ёмғир ёғар, жами ғалвалар

Ёғиладир менинг бошимга.

Манфред

Тун ўқи ёғилар бирма-бир,

Кунма кун йироқдир манзиллар.

Сен олис... Мен олис... Бад тақдир

Тунларга тинглатди арзимни.

 

Яшамак мушкул иш, тириклик

Нақадар аччиқ ва азобли.

Сен – шамол... Мен – шамол... Шамол – ЕРК...

Рутубат мадҳидек ҳаётим.

 

Яшадим – исённи қўзғадим,

Измимни топширдим ўзликка.

Юлдузлар – сочилган сўзларим

Ёндирди. Чатнади музликлар.

 

Aстарта, бул ёруғ жаҳонда,

Ҳақиқат – нур каби тўларман.

Бандаман... Ўлсамда қачондир

Зулматни пичоқлаб ўларман !

 

* * *

Жануб сари учар турналар,

Йўқлик ила чекинар узлат.

Шарпалар сас чиқарган онда,

ВAТAНИМ, деб акиллар итлар.

 

Кезинади бир ун дарбадар

Поёни йўқ дала бағрида:

«Наҳот ҳис қилмайди турналар

Итлар туйган оғриқларини!»

 

Чексизликка етган чоғларда

Само сатҳи чўкар тупроққа.

Буюклик – қад тутган тоғларда

Кўкка етаклагай сўқмоқлар.

 

Охирини топганда сафар

Йўллар юртдан кетмаса нари,

Aжабмас, кун келиб турналар

Aкилласа итлар сингари...

 

* * *

Олис-олисларга боққанда одам,

Кўзлари қамашар қуёш нуридан.

Aхир, у кечилган кундан муттаҳам,

Муттаҳам кечилган узоқ умридан.

 

Булғанган ўтмишда куллар уюми,

Қароғлар намланар, уйилар қошлар.

Aллоҳим, беркитма умр уйини,

Менинг ҳам ҳаққим бор узоқ яшашга!

 

* * *

Бошланар сукунат садоси,

Замҳарир, гўзаллик худоси-

Қор ёғар...

 

Бўғилган кунларим тун каби,

Бўғзимда ёрилган ун каби

Қор ёғар...

 

Жар солар ўликлар бурғуси,

Мен қадар ул марҳум бўлғуси

Қор ёғар...

 

Музлаган нафосат кафтимда,

Ҳали ҳам ҳаётман афтидан

Қор ёғар...

Тушунча

Уруш – минилмаган отлар дупури,

Бунда кунлар қора, ойдин тунлари.

Ҳар он ўтаверар ўқлар югуриб,

Оч қолган, мадорсиз душманлар сари.

 

Енгилар элакда эланган қўшин,

Қўрқув каллаклайди бармоқларини.

Қонталаш бағрига қуролин қучиб,

Жон берар юртидан анча нарида.

 

Уруш – киприкларни синдириб қайтган

Aччиқ – кўзлардаги беун ноладир.

Уруш – ватан сўзин қалтираб айтган

Отасиз, онасиз етим боладир.

 

Юриш, юриш керак, кутадир манзил -

Чечакка бурканиб тинчлик деган туш.

Уруш – ҳаёт дарси, уруш бу, ахир,

Номарддан мардларга қилинган юриш!

 

* * *

Туман оғушида нам олар тупроқ,

Тингланар жимликнинг жарангдор оҳи.

Бунда ҳаёт ёнар, кун ёнар, узоқ,

Ташвишлар – турмушнинг аччиқ даргоҳи.

 

Чорлар поёнотнинг бағрида фироқ,

Севинч қуршовида ёш олар кўзлар.

Шоир кетиб борар йироқдан-йироқ,

Қачондир йўқотган бахтини излаб.

 

* * *

Шарпаларнинг қадамларида

Англанилмас шовқин тингланди.

Чўкаётган мен эмас эдим,

Чўкаётган эди кимлардир.

 

Марҳумотнинг ўзидек якка

Ҳаёт кечиларди уйқуда.

Эгаси йўқ тахт деб фалаклаб

Чўкаётган эди туйғулар.

 

Юлдузларнинг шивири тинди,

Тинди ойнинг сирли унлари.

Само тенги улкан кемада

Чўкаётган эди кунларим.

 

Қароғлардан тупроқ бағрига

Томчилади армон ёшлари.

Тирикликнинг ҳасратларига

Аста-секин чўка бошладим.

 

Йиғлаётган мен эмас эдим…