“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

Ҳикоялар

Мадина ҲОЖИЕВА

ҚИШ КУНЛАРИНИНГ БИРИДА

Бозор кўчаси ёнида бир киши ариққа думалаб ётибди. Одамлар гавжум, машиналар серқатнов. Кечгача дўкончи аёл итининг овози тинмади. Шиппак билан ҳам уриб кўрди, фойдаси бўлмади. Ахийри, бўйинбоғини ечиб, “Йўқол!” деб қувиб солди. Ит яқин орадаги ариққа бориб келар, ҳурарди. Ҳеч ким эътибор бермади. Эртасига кўча хизматчилари ишлаш жараёнида ариқда маст киши ётганидан хабар беришди. Айтишларича, “хавфли” экан. ИИБ ходимлари марҳумнинг сиқилган қўлидан юрак хуруж қилганда ичиладиган дори топишди.

 

ДАНГАСА МОНОЛОГИ

Кечагина, шундоққина ёнимдан битта каламуш пойабзал кийиб ўтиб кетди. Ўзим кўрдим! Ўзимга қарадим, унга қарадим, ўз пойабзалимга қарадим, уникига қарадим. Кейин туни билан ухлолмай чиқдим, бутикдан яқиндагина кўриб ололмай келган, ойнаси ортидан қараб-қараб кўзим тўймай ҳавасимни келтирган пойабзални Каламуш олиб кетибди! Шундан ҳам қуруқ қолдим.

Кўп ўйланиб, ичимни ит тирнаб ўтиргандим, бир маҳал мушугим уйдан кетишга жомадон йиғяпти.

“Хўжайин, бизга уят, Каламушлардек четга чиқиб ишлаб келмасам, косам оқармайдиган кўринади”, дея миёвлади у.

Ўзимнинг қарзимни ўйладим. Битта каламушнинг тўпиғига чиқмасам! Йўқ мен ишлайман, қарзимни узаман. Лаббай, бир нима дейсизми? Ҳа, ҳар куни шу гапни айтасан, дейсизми? Йўқ-йўқ аниқ бу, охиргиси, ҳозирдан ҳаракатга киришаман. Аввал бир тўйиб ухлаб олай!

Эртага нима бўлса бўлар!

 

ҚУЛФЛАНГАН МЕҲР

Мактабнинг ёруғ хонаси, унга қоронғудай вақт бунча секин ўтади. Ҳамма дарсда ҳарфларни ўрганяпти. “А”дан айиқ, “б”дан банан “д”дан доно. Қизчага буларнинг қизиғи йўқ. Қўнғироқ чалинди. У йўлаклардан югуриб, уйи томон шошарди. Мана, келди. Дераза олдига беркитилган калитни деворга тирмашиб олди. Эшикни очаркан, темир калитнинг овози уй сукунатини бузди. Хонасига югурди. Ўзини каравотга отди. “Пиқ-пиқ” йиғлади. Кейин кўзлари токчада турган расмга тушди. Кўз ёшлари бироз тўхтади. Суратни қаттиқ бағрига босди. Кўнглида соғинч... Соғинчнинг эса ниҳояси йўқ. Ҳаёт ота-онасини иш, меҳнат, моддий эҳтиёжлар билан банд этиб, юрагига қулф урган.