“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

МАХЛУҚ Ҳикоя

Обид ҚЎЛДОШ

Шаҳар ғафлат уйқусида. Баҳайбат Махлуқ ахлатхона ёнгинасидаги захкашдан чиқиб келди. У шунчалар жирканч эдики, айниқса, ундан қўланса ҳид анқиётганига чидаб бўлмас эди. Кўзларида эса меҳрдан асар ҳам йўқ. Аллақандай очлик жазаваси ёниб турарди.

У биринчи бўлиб қишлоқдан шаҳарга қочиб келган енгилтакни еди. Кейин Оймомани унутган бир тўда бангиларни паққос туширди.

Одамлар Махлуқдан телбаларча бақириб қочишар, аммо улар шаҳардан чиқиб кетишнинг имкони йўқлигини билишмасди. Чунки қўшни шаҳарларда уруш кетаётган эди-да. Бу хабар эса уларни шу пайтгача бирор маротаба ҳам қизиқтирмаганди.

– Махлуққа қарши биргалашиб курашганда, уни енгган бўлармидик... – деди қўшним менга илтижоли термилиб. Унинг нигоҳида қўрқув, даҳшат эмас, мен англаб етолмаётган қанақадир хавотир бор эди. Болаларини ташлаб бўлса-да, ўзга шаҳарларга қочаётганлар биланми?

 

Шоир ўзининг саволига ўзи жавоб берди. Тўғрироғи, у ўзига ўзи гапираётган экан.

Бу пайтда шаҳарнинг ярми остин-­устин бўлган эди. Қий-чув, йиғи-сиғи, шовқинлар қулоқни қоматга келтирадиган даражага етди. Бироқ ҳеч ким Махлуққа қурол у ёқда турсин, хода ҳам ўқталмас, у эса кимнингдир тилидан, бошқа бирини кўзларидан ейишни бошлар, паққос тушириб бўлганидан кейин оғзидан бадбўй ҳид тарқатганча кекириб олиб, яна “иш”ини давом эттираверарди.

Махлуқ шаҳар аҳлини деярли еб тугатди. Энди у биз томонга бостириб келаётган эди. Хавотирланиб, қўшнимга боқдим. У нимадандир асабий, лекин ҳали ҳам Махлуқдан заррача қўрқмаётган эди. Менга эса суякларим шиқирлаётгани эшитиларди. У устимизга янада тезлик билан бостириб кела бошлади. Бирдан сонларим ораси қизиганини, кейин ялтироқ шимим ҳўлланганини сездим.

Махлуқ менинг қонсиз юзимга қарата қаҳқаҳа отди. Шунда унинг оғзидан юлқиндилар юзимга сачради. Бадбўй ҳиддан кўнглим беҳузур бўлди. Махлуқ шоирга маҳзунона тикилиб қолди. Мени эса қўшним қўрқинчни умуман туймаётгани ажаблантирарди.

Вайронага айланган шаҳар тинчиб қолган эди. Махлуқ биттаю битта омон қолган уй олдига борди. Биз ҳам унинг ортидан эргашдик.

Қўрқинчдан деярли қутулган бўлсам-да, оёғимга илашаётган ҳўл, ялтироқ шимим кўнглимни беҳузур қила бошлади.

Уйдан аллақандай сеҳрли овоз эшитилаётган эди. Аввалига анг­лолмадим. Шоир менга маъноли термилди. Очиғи унинг “дард”ини тушунолмадим.

Махлуқ дераза қаршисига янада яқинроқ борди. У Онанинг пастқамгина уйидан таралаётган алласини тинг­ларкан, баҳайбат, бесўнақай гавдаси кичрайиб борарди. Шоирга қарадим. Қўшнимнинг маъюс кўзларидан шашқатор ёш оқарди.

Махлуқ секин-­аста Инсонга айланди. У ёшариб, беғуборлаша бошлади. Она ўз қўшиғини тугатганида, у тахминан уч ёшлардаги болага айланиб улгурган эди.

Болакайнинг юзи­ни кўришга юрагим дов бермасди. У секингина биз томонга ўгирилди. Ё Раббим! Бунчалар таниш чеҳра! Уни қаердадир кўргандайман.

Шоир қулоғимга пичирлади: “Болалигинг”.

Рўпарамда ўзим менга илтижоли термилиб турарди.