“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

ВИДО ЛАҲЗАСИ

Шоҳид АББОС – 1994 15 март куни Ҳиндис­тоннинг Панжоб штатида туғилган. Файсалобод давлат университетининг инг­лиз филологияси факультетини тамомлаган. Шеър ва ҳикоялари бир неча тилларга таржима қилинган. Айни пайтда инглиз тили бўйича илмий изланишлар олиб бориш билан бирга, ёшларга сабоқ бериб келмоқда.

 

 

Сана туғма ногирон эди. Яхшики, фақат жисман. Қизалоқнинг эс-хуши эса жойида, ҳатто баъзи соғлом тенгдошлариникидан яхшироқ эди. Онаси унга отангга тортгансан, деб кўп айтарди. Қайдам, бўлса бордир. Сана онасининг ёнига бориш учун энди қорни билан судралишни ўрганиб олганди. Бунда у тезда ҳолдан тояр ва нафаси сиқиб қоларди, аммо наилож... Онанинг ёнига бориш фарзанднинг бурчи.

Сананинг отаси гўдаклигидаёқ вафот этиб кетган, қизча уни, унинг қўлларини элас-элас билади-ю, аммо ўша қўллардаги тафтни эслолмасди.

Илк учрашувимизда унга бир савол бергандим. Аҳмоқона савол...

– Сана, мажруҳ бўлиб яшаш қи­йин эмасми?

– Худо мени шундай яратди ва бу яратиғида қандайдир ҳикмат борлигига ишонаман. Агар мен ногиронман, деб ўйлайверсангиз, албатта, яшаш қийинлашиб кетади.

Шу ҳолида ҳам унинг ҳаётдан завқ олишга интилишига қойил қолдим. Инсон шу қадар некбин бўлиши мумкинмикан? Унинг сизга улашаётган кўтаринки руҳида шуур зиёси ва малаксиймо муҳаббат барқ уриб турарди.

Сана ўзини онасига Яратган томонидан берилган ҳадя, деб ўйларди ва она меҳри бебаҳо эканини ич-ичидан ҳис қилиб турарди.

Кейин эса.. бу воқеа бўлди – қизчанинг номуси топталди... дунёнинг чиркин ва булғанч тарафларидан бехабар мурғак дил чил-чил бўлди.

Сана ташқарида, ахлат уюмлари қалашиб ётган ҳовлида ўзининг бўм-бўш уйи томон эмаклаб борарди. Аксига олиб, ҳаво очиқ, қуёшнинг сержило шуълалари заминдан бўса олаётгандай эди. Қарғалар теворга тизилиб, кир-чир кийимларда қиқирлаб ўйнаб юрган болаларни томоша қиларди. Сана елкаларида қуёш тафтини сезганча уйи томон ҳаракатланар, хаёлида эса онасининг келиш вақти яқинлаб қолгандай эди. Отаси ўлгач, рўзғорнинг бутун ташвиши онасининг елкасига тушди ва у шу сабаб кун бўйи ишлар, қизини эса ёлғиз қолдиришга мажбур бўларди.

Бирданига уйга кимдир бостириб кирди. Бегона эркак. Эшик қарсиллаб ёпилди. Сана қандайдир ҳавфни сезди-ю, дағ-дағ қалтирай бошлади.

Кўзларини юмиб олди. Ҳавф яқинлаша бошлагани замон, қизча даҳшатга тушиб энди бақираман, деганида қаердандир келган бақувват кафт унинг оғзини маҳкам ёпди. Сана кўзларини қаттиқроқ юмди-ю, Яратганга шафқат истаб ёлбора бошлади, аммо... бу жирканч ҳолатдан чиқиб кетишга кучи етмади. Бироздан сўнг ҳалиги киши кетди. Сана унинг кимлигини ҳам англамай қолганди.

Онаси уйга қайтгани ҳамоно бу ҳунрезликни кўриб, қўшниларни бақириб ёрдамга чақира бошлади. Улар ҳам саросимада югуриб кириб келишди. Қизчани қонга беланган ҳолда касалхонага элтишди.

Энди жуда кеч... мурғак қалбнинг сўнгги нафас олиб шивирлаб айтган сўзлари ҳамон ёдимда: “Аллоҳим, ниҳоят, сенга етишяпман”.

Оғриқлар якун топди. Сана даҳшатга тушган онаси ва ўша номаълум қотил орасида қолди. У ўлгач ҳам бу кун ҳақида ўйлаб кўрдимикан ё жаннатда ўйнаб юрибдимакан? Билмадим... Сананинг онаси эса... буткул умидсиз, фарзанд доғида адо бўлиб бораётган эди.

 

Инглиз тилидан Суҳроб РАҲМАТУЛЛАЕВ таржимаси