“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

ҲАР БИТТА КЎНГИЛДА СЎЗИМ ҚОЛГУСИ!

 

Шаҳриёр ШАВКАТ

* * *

Қуюндек айланур идишда қаҳво...

Шаҳарнинг кўзига қўна бошлар чанг.

Дераза ортида қуюқ можаро –

Борадир кун ва тун ўртасида жанг...

 

Мен сени ўйлайман, ғизолим!

 

Кирадир жанггоҳга ой қўшинлари,

Қаролиғ урилур шашти нужумга.

Чақмоқдек зулумот кўксини ёриб,

Башашвор булутлар ўтар ҳужумга!

 

Мен сени ўйлайман, ғизолим!

 

Ўжар тун сулҳга кўнмайди чоғи,

Кунчиқар томонга йўллайди жосус.

Илиниб қоладир ойнинг ўроғи

Тиллоранг зардоли шохига туйқус...

 

Мен сени ўйлайман, ғизолим!

 

Кўзимдан жилмайди мунис қиёфанг,

Барибир хулосам узлатга котиб.

Барибир тинмайди бу муқаддас жанг,

Барибир зардоли остида ёти-иб,

 

Мен сени ўйлайман, ғизолим!

 

Зулхумор ОРИФЖОНОВА

 

 

* * *

Дераза очилди,

қулаб тушаяпман сўнгсизликка, жим.

Ҳайқира олмайман

ва сени чақира олмайман,

ёки кўзёшларга етмайди кучим.

Мен шундайин боқаман кўкка,

Киприкларим қоқади қанот,

Aтрофдаги туннинг рангини,

О, кўксимга сочар хаёлот.

Кўзларини чирт юмар борлиқ,

Шамолларга тушар оғирим.

Шу онда ҳам ўйлайман сени,

соғиниб...

Қайдадир уйғониб кетар яшиллик,

Қайдадир хўрсинар чироқлар...

Сен учун кўксимда яшаган –

муҳаббат кетмоқда йироқлаб...

...Сезмайсан,

ёнингда бораман,

Кўксимда беркинган қуш билан.

Бир куни уйғониб кетасан –

мен кўрган туш билан...

 

Гулҳаё АНОРОВА

 

* * *

Авто ойнасига бошимни қўйиб

Тинглайман йўлларнинг юрак урушин.

Қувғинди ва ёки чорлов куйини

Чалганга ўхшайди шамол товуши.

 

Ниначи қаноти кесган ҳисларим,

Чигиртка оёғи тирнаган кўнгил.

Эслайман кафтимга қўнган хонқизи

Ў болалик аро йўқолган сингил.

 

Мана, талпинарман бугун ҳам сенга,

Уйингга ўт кетмас энди, хонқизи.

Юрагимдан илон чиққанми, билмам,

Ул содда туйғулар тарк этган бизни.

 

Энтикиб боқарман шом еган ойга,

Вужудда кезинар салқин бир қўшиқ.

Ўзим билан ёлғиз шундай кечада

Бош – адоғим инкор, бош – адоғим ишқ.

 

Кумуш ЎСАРОВА

 

* * *

Изтиробга тўла бу уйдан

шошиб чиқиб кетаман ишга.

Кўчадаги ғала-ғовурдан,

Фурсат йўқдир назар солишга.

 

Кутганим сен, талпинганим сен,

Йўл қаърида кўзларим тонди,

Хабар берди бир сутчи аёл –

Етиб келинг, уйингиз ёнди.

 

Ҳеч қўрқмадим ва шошилмадим,

Ёнсин дедим дардимнинг бари!

Назаримда, чирсиллаб ёнар

Изтиробнинг қобирғалари.

 

Қарғаларнинг жанжалларидан

Тутаб борар ҳар куни севгинг.

Бутун бошли юрагим ёнди –

Сутчи аёл қаерда эдинг?

 

Нозима ҲАБИБУЛЛАЕВА

 

* * *

Денгизман!

Тўлқинман!

Ёмғир,

сувман, сув!

Ҳар тонг деразангда пайдо бўламан.

Йиғлатма, йиғлатсанг мук тушаману

Кўзимдан тўкилиб адо бўламан.

 

Кипригим,

кўпригим,

тириклигим – ишқ –

Нигоҳларинг узра учар арғимчоқ.

Ҳар майда зарраму йириклигим – ишқ,

Муҳринг бор пешонам манзиллари оқ.

 

Навоман,

ҳавоман,

Ҳаввоман, ўйла,

Яшай оласанми четлаб аларни?

Тангри манглайингга ёғдирмиш ой-ла

Осмонга сочилган мусиқаларни.

 

Сен уни тергину умрингга бергин

Куйлаб ўт, минг йиллик қўшиққа тенгман.

Қиёматга қадар саволимсан сен,

Қиёматга қадар жавобинг менман.

 

Моҳира ҲАБИБУЛЛАЕВА

 

 

* * *

Самодан узилди яна бир юлдуз,

Лип этиб учдию, йўқолди кўздан.

Во ажаб, бир лаҳза ўтмади ҳатто,

Ном-нишон қолмади ўша юлдуздан.

 

Осмон! Қучоғингда юлдузинг қанча?!

Айт, яна қанчаси кетар бедарак?

Дўстим, минг юлдузнинг биттаси эмас,

Яшасанг қуёшдек яшамоқ керак.

 

Дилимдан туғилманг эй юлдуз шеърлар,

Тилимга чиқмангиз бир шам мисоли.

Мен шундай ғалати, мен шундай телба,

Мен шундай дилозор, шундай безори.

 

...Бир кун ёзилажак қуёш шеърларим,

Кетсам-да, ортимда изим қолгуси.

Устозлар тақдири айласа насиб,

Ҳар битта кўнгилда Сўзим қолгуси!

 

Тонгда илтижога очган оним кафт,

Лабимдан қуш каби учар бир тилак.

Менга Сўз дардини бахш эт, Аллоҳим!

Яшасам Қуёшдек яшашим керак.

 

Муниса АЪЗАМОВА

 

ТАШҚАРИДА

 

Шамолнинг ҳасрати сизга танишми,

Танишми сойбўйи толларнинг ўйи?

Япроқлар шивири, ҳислар шивири,

Қишлоқ – ҳиссиётларнинг уйи.

 

Кенг ҳовли, симёғоч, минг йиллик қудуқ,

Қувончларни илиб арқон тортилган.

Уй ичи хотиржам – ғубор кирмасдек

Пастқам деворларнинг ортидан.

 

Жавзо, салқин саҳар, бир сўри ҳавас,

Ўзгача меҳрли қарашлар тоби.

Руҳимни емирар буларни фақат

Четдан кузатишнинг азоби.

 

Шамолнинг ҳасрати сизга танишми,

Танишми сойбўйи толларнинг ўйи?..

 

Раҳмат БОБОЖОН

 

* * *

Гуллар сочди пойингга баҳор,

оқу қизил, сариқ ва пушти.

Дилда армон қолди етилиб –

юракларда айрилиқ пишди...

 

Билинмас йўқлигим борлиқда,

яшадим бир унсиз ун каби.

Шодликнинг таъмини соғинган –

тамшанади қуриган лабим.

 

Айрилган бир бахтдан ҳам айро –

айт, қандай яшаса бўлади!?

Ҳасрат мамнун келди ёнимга

ва устимга осмон қулади...

 

Баҳор кунларида куз ҳоври,

сарғайган қисматим, кел, кўзим!

Бу ғам енгил, аммо осмонни

кўтара олмайман бир ўзим...

 

Одилбек ЛАТИПОВ

 

Йўл

 

Кеча қўлларинг-ла қаршингга чорлаб,

Бугун алвидо деб силтаяпсан қўл.

Мени ташлаб кетган ортингдан қараб,

Хазонларга юзин ўраяпти йўл.

 

Йўлда кетаяпман кўксимни ушлаб,

Ўзингдан дард ташлаб кетдинг юракка.

Сен не қилмадинг, нелар демадинг?!

Айтган ҳар бир сўзинг турмас куракда.

 

Мени тарк этяпсан, ташлаб кетяпсан,

Биз гуллатган боғни хазонга ўраб.

Минг афсус, ғурурим синди сен учун –

Ўша кун қолгандим орқангдан йиғлаб.

 

Энди чекинаман мен ҳам орқага,

Сен йўлингдан қолма, майли, омон бўл!

Сени кутар балки орзунг рўёби,

Энди мен излайман хазонлардан йўл.

 

Бекзод ТЎЙҚУЛОВ

 

 

* * *

Яшин мисол кирдинг юракка,

Порлаб кетди ишқ ёғдуларим,

Қўзғаб қўйиб қалб туйғуларим,

Муҳаббатим бўй чўзди кўкка…

 

Хазонимдан ўстирдинг майса,

Ғам музлади, чиқмади қиндан,

Сен ҳам озор чекардинг, чиндан,

Ҳаётимда дардлар кўпайса…

 

Сенда эди хаёлларим ҳам

Сен-ла эди орзу-ю, ҳавас,

Қайта…

Қайта…

Сени мен емас,

Сени фақат севганди қалам…

 

Мени тилинг севгани каби…

 

Дилнавоз НАЖИМОВА

 

Узумнинг иқрори

 

Қачондир эдим жўра,

Таъмсиз ва нордон ғўра.

Деб ўйлардим ўша чоқ

Керагим йўқдир мутлоқ.

Ва лекин деҳқон бобом,

Парвариш қилди мудом.

Ичдим қуёш нурини,

Зилол сувлар дурини.

Ва шуни билдим, демак,

Мен ҳам кимгадир керак.

Муҳаббатдан олдим ранг.

Ажойиботга қаранг.

Меҳр ҳис этиб такрор,

Узум бўлдим ширадор.

Мўъжиза бўлди содир,

Меҳр ҳар нега қодир.