“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

ҲАР БИТТА КЎНГИЛДА СЎЗИМ ҚОЛГУСИ! 10–12 май кунлари Хивада «Ўзбекистон баҳори – 2019» фестивали бўлиб ўтди.

Меҳриноз АББОСОВА,

Республика Ёш ижодкорлар кенгаши раиси

– Ўзбекистон баҳори” II анъанавий ижод фестивалини ёруғ юз билан ўтказдик. Ижоднинг 6 йўналишида фао­лият бошлаган 90 нафар ёш ижодкор муқаддас Хива заминида дўстлашишди, ҳамкор, ҳамфикр бўлишди. Муҳими, ҳар доим ҳам топилмайдиган эркин ижодий муҳит, ижобий маънодаги рақобат пайдо бўлди. Биласизми, маҳорат дарслари барпо бўлганига 1000 йилдан ошган – Хоразм Маъмун академиясида ўтказилганида ҳам рамзий ҳикмат бор. Шахсан мен бу даргоҳга қадам қўйишим билан катта руҳий қувватни туйдим.

Ижодкор ёшлар билан куну тун бирга бўлган ҳакамлар ҳайъати аъзолари – Қўчқор Норқобил, Нурилло Аббосхон, Азиз Саид, Абдуғани Жума, Хосият Рус­тамова, Зебо Мирзо, Фаррух Жабборов, Иқбол Қўшшаева, Илмира Раҳматуллаева, Рус­там Худайберганов, Муҳайё Рустам қизи, Музаффар Юсупов, Илёс Сафаров билим ва кўникмалар улашишда беминнат хизмат қилишди. Хайрли лойиҳани юқори даражада ташкиллаштиришда Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Хоразм вилояти кенгаши раиси Мансурбек Машарипов ҳамда Хоразм вилояти хокимлиги алоҳида жонбозлик кўрсатишга, айниқса, юртимизда адабиётга, келажакка катта ишонч ва умид борлигидан далолат беради.

Лойиҳадан бир қувончимиз бор: бу фестивалга иштирокчиларнинг барчаси ғолиб келишганди, ғолиб қайтишди. Энг катта ютуқ эса дўст, ҳамфикр, ҳаммаслак орттиришди.

Назм йўналишида – Шаҳриёр Шавкат, Гулҳаё Анорова, Зулхумор Орифжонова;

Наср йўналишида – Жуманазар Йўлдошев, Обиджон Қўлдошев, Биби Робия Саидова;

Драматургия йўналишида – Ҳуснорахон Рўзматова, Обиджон Рўзибоев, Шавкат Бобомуродов;

Журналистика йўналишида – Сайёрахон Ғуломжонова, Санжар Эшмуродов, Инобат Аҳатова;

Тасвирий санъат йўналишида – Мадинахон Абдуллаева, Жасмина Ҳасанова, Дилнозахон Ғофурова;

Фотография йўналишида – Ҳамдамбек Мамадалиев, Азамат Каттаев, Дилзодахон Ҳамиджонова алоҳида эътироф этилди.

“Ҳақиқий ижод муаллифи оламдан ўтгандан сўнг ҳам қабрига нур ва дуолар келтириб туради. Ундан баҳраманд бўлганлар сони ортгани сари савоби ҳам кўпайиб боради”, деган эди бир устозим. Ҳазрати Навоий, Огаҳий, Бобур, Машраб боболарнинг ҳам ижоддан ягона мақсади шу бўлган. Ўзимизга-да, ижодкор тендошларимизга-да бу дунёлик унвон ёки мукофот учун эмас, бизга нур бўлиб ёғиладиган ижодни, бу эзгу йўлда собитқадамликни тилайман.

 

Мансурбек МАШАРИПОВ,

Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Хоразм вилояти бўлими раиси

– Хиванинг уч кунлик байрами ниҳоясига етди. Ўзбекистон заминида сўзга, гўзаллигу ҳикматга ошуфта, кўзларидек ёруғ умидларга эга қалб борки, уч кун давомида Хива уларга Ватан ичра Ватан бўлди.

Автобус келди. Биз бир гуруҳ фаоллар билан кутиб олгани чиқдик ва хаёлимизда ҳозир олис йўл босиб чарчаган, уйқусизлик кўзларига соя солган, атрофга бегонасираб қараётган ёшларни кўрамизмикан, деган ўй ўтди. Аммо... автобусдан жўшқинлик уфурган, иштиёқ ва ишонч оловлари тушиб кела бошлади.

Уч кун! Унинг ҳар бир кун, ҳар бир кечаси бу заминга келажак қадам босганидан дарак бериб турарди. Қай бир меҳмонхонадан ижодкор ёшларнинг мушоира садолари, бошқасидан рассомлар гурунги, насрчилару драматургларнинг баҳслари, фотожурналистларнинг лаҳзаларни тарихга муҳрлаётган чирқ-чирқ товушлари эшитилади. Бу ҳолат ёшларнинг 6 йўналиш бўйича шўъбаларга бўлиниб, тафаккур оламида саёҳат қилаётганидан дарак берарди. Бу ҳолат дўстликнинг ғалаба қозонганидан нишона эди...

Республика Ёш ижодкорлар кенгаши раиси Меҳриноз Аббосова фестивалдаги ҳар бир иштирокчи билан дўстона суҳбатлашиши, Шохруҳ Раҳимбоевнинг жонсараклигу меҳнаткашлиги, Шаҳрибонунинг самимияти нафақат семинар, балки устозлардан тортиб, ёшларгача кўтаринки руҳ бағишлади.

Бугун Огаҳийлар, Паҳлавон Маҳмудлару Ҳазрати Кубролар, Матназар Абдулҳакимларга қайтадан жон киргандай бўлди. Ёш рассомлар ёдгорликлар қатидаги сирли тасвирларга илинж билан боқади, фотографлар қандайдир ғаройиб ҳолатни кутади, носирларимиз воқеалар топиш илинжида...

Устозларимиз Азиз Саид, Хосият Рустамова, Абдуғани Жумаев иштирокчиларга бой ҳаётий тажрибаларини ўргатишмоқда. Шунингдек, ижоднинг энг инжа сирларидан тортиб, машаққатларию қувончлари ҳақида қизғин суҳбатлар борганига гувоҳ бўлдик.

Хивадан юлдузли кундузлар ва қуёшли кечалар оқиб-оқиб ўтди ва биз келишини ҳеч кутмаган хайрлашув онлари яқинлаша бошлади.

Мазкур фестивалда биз ўз ишончимизни топдик. Бу ёшлар бор экан, демак, порлоқ келажагимиз фақат шиорлардагина қолиб кетмайди. Зотан, ёшларнинг томирида улуғ аждодларимиз қони оқмоқда.

Бизга азиз дийдорни, улкан кашфиётларни ва энг асосийси, ўзаро ишонч ва ҳамкорлик берганинг учун сенга раҳмат, “Ўзбекистон баҳори!”