“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

Ёшлар ижодидан: Суҳроб ЗИЁ шеърлари

Илтижо 
Худойим, сен уни бахтларга тўқ қил,
Кўзёш пардасидан боқмасин кўкка.
Йўқ қилсанг, ўт ичра танимни йўқ қил,
Унинг бармоқлари тегмасин чўққа.
 
Ҳеч кимдан садоқат тиланмасин у,
Уни қийнамасин висол илинжи.
Умримни суронлар ичра қув мангу,
Фақат сақлаб қолгин ўшанинг тинчин.
 
Нигоҳлари рангин дунёга тўйсин,
Ҳажрий ғурбатларни қўйма ёнига.
Унинг доғларини қувғинди қилгин
Менинг юрагимнинг доғистонига.
 
Ким қочиб қутулар тақдир азалдан?
Ўлим ҳам мен кетгач, кейин йўқласин.
Жонини авайлаб олсин ажал ҳам,
Энг сўнгги нафасда мени эсласин.
 
 
Юрагингиз ҳалиям борми?
Бўм-бўш шаҳар:
Ташвишларни ортган таналар,
Бу тош йўллар зериктирар ҳатто баҳорни.
Хаёлларни юлқиб отар оҳанжамалар,
Сиз сўрайсиз: юрагингиз ҳалиям борми?
 
Мен скрипка чалаётган содда боладай,
Бу дунёнинг рафторини билмаган ҳолда,
Тош дунёга юрагимни очдим даладай,
Уни пайхон қилиб ўтди дайди шамоллар.
 
Заҳарландим: ўпкам икки бўлинган осмон,
Титилмоқда ҳисларимнинг озон туйнуги.
Кейин мен ҳам заҳар соча кетдим ҳар томон,
Кўнглин пора-пора қилдим мен ҳам кимнидир.
 
Ойдан айро тунлар мени ўйга толдирар
Нурдан бино бўлмиш тонгнинг бахтиёрлиги.
Ўн иккита қовурғамни ҳайрон қолдирар
Кўксим ичра юрагимнинг ҳали борлиги.
Бахт
Соат тўхтаб қолди,
Кун тўхтаб қолди,
Замин тўхтаб қолди
Айланмасидан.
 
Менинг юрагимни 
Ишқ ўраб олди.
Қорачиғларингнинг 
Айланасида.
* * *
Тилкалансам…
Сўзларингдан тилкалансам…
Ханжарларга бўйним тутиб эркалансам…
Келсанг… Кулсанг…
Армонимга елкалансам…
 
Тилкалансам…
Кўзларингдай қоралашсам,
Кўзларингда кўз юмиб, жон поралашсам,
Бедил бўлиб мажнун элга оралашсам,
Кўзларингдан дард тилансам – 
Бахт тилансам…
 
Тилкалансам…
Эрмак қилиб ўтса дунё,
Дарё дилни кўлмак билиб ўтса дунё,
Дилда кечган минг асрлик лаҳзаларни 
Бир бор, бир йўқ эртак қилиб ўтса дунё,
Куйда куйсам,
Дилни элаб, дил элансам…
Тилкалансам…
 
Йиғи
“Сиртмоқ сингари бўғзимни бўғар
Йиғланган йиғи”. 
(Рауф Парфи)
Йиғланмаган йиғи!
Ҳозир қайдасан?
Вужудимда қондай оқаяпсанми?
Ёки мен тотмаган оғу – майдасан,
Ё ичимда тоғдай ўсаяпсанми?
 
Йиғланмаган йиғи!
Нимасан?
Кимсан?
Мен ҳали етмаган муҳаббатимми?
Ёки лабимдаги табассумимсан,
Ё манзилга етмай қолган хатимми?
 
Йиғланмаган йиғи!
Сени топмасам,
Бир куни йирингдай кетсанг отилиб,
Озон туйнугидай руҳимдан боқсанг.
Айт ахир, қайдасан, менинг Қотилим?!
 
Шу кўҳна дунёни бағримга босиб,
Шууримга қадаб ҳайратлар тиғин,
Олам дардларини кўксимга йиғиб
Йиғласам,
Йиғласам,
Йиғласам…
Сени топаманми,
Йиғланмаган йиғи!
 
Дўст дўстнинг гўрига тош қалаб юрган;
Кимдир ўз қорнига ош қалаб юрган;
Нокас нопок бурнин ишқалаб юрган,
Манфаат деб товон ялаб юрган
Шундай дунёда
Мен сени излайман,
Мен сени излайман,
Мен сени излайман,
Йиғланмаган йиғи!
 
Йиғланмаган йиғи –
Англанмаган дард, 
Сезилмаган қувонч, 
Ёнмаган чўғим!
Биламан, мен сени топган кунимда
Бир томчи ёш бўлиб эрир бор-йўғим.
Сени қизғонаман ҳатто кўзимдан.
Топмоқни етказдим қурбимга сени.
Лойиқ жазо йўқдир менга ўзимдан 
Кимдир 
йиғлаб 
қўйса 
ўрнимга 
Сени,
Йиғланмаган йиғи…
 
* * *
Тақдиримга кўниб-кўниб боряпман-о,
Юрагимни йўниб-йўниб боряпман-о,
Кўзларингга қаролмайин ёнаяпман,
Ёниб туриб сўниб-сўниб боряпман-о.
 
Юрагимда асрлик бир алам қарир,
Сен томонга қўйилган бир қадам қарир,
Ишқ қаримас, одам қарир, 
одам қарир,
Йўқлик сари эниб-эниб боряпман-о.
 
Қачон йўлдош бўлдим дили лойқаларга,
Зорман бугун бахтдан қолган қуйқаларга,
Уринишган сари менга лойқаларга
Хаёлинг-ла тиниб-тиниб боряпман-о.
 
Изғиринда қолган ёлғиз дарахт бўлдим,
Дарахт бўлдим, баргсизликдан карахт бўлдим,
Шамолларнинг оҳларини тараб бўлдим,
Қуруқ шохдай синиб-синиб боряпман-о.
 
Ҳаққим борми “Ё Ҳақ” деган нидо десам,
Ё Ҳақ десам, ё Ҳаққа жон фидо десам,
Муҳаббатни худо десам, худо десам,
Даргоҳига учиб-қўниб боряпман-о,
Дилгоҳига учиб-қўниб боряпман-о.
 
Суҳроб ЗИЁ