“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

Сўз – Қўқон давлат педагогика институти талабаларига

Ҳурматли муштарийлар!
Ушбу сондан бошлаб газетамиз саҳифаларида мамлакатимиздаги олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган, ўз қарашлари, тафаккури ҳамда истеъдоди билан тенгдошларидан ажралиб турадиган ёшларимиз ижодидан намуналар бериб боришни мақсад қилдик.
 
Мазкур сонда ҚДПИнинг уч нафар ижодкор талабалари меҳмонимиз бўлишди. Сиз ҳам улар ижодидан баҳраманд бўлинг, ўз фикр-мулоҳазаларингиз билан ўртоқлашинг.
 
Шарофат Исмоилова
 
Евгений Онегинга 
 
Сен кетдингу, менинг чап кўксим,
Зардобларга тўлди-ю қолди.
Кўзларимни тарк этди шодлик,
Ҳаётимдан мазмун йўқолди.
 
Ич-ичимдан мингта дарз кетдим,
Кўзёшларим тутолдим аранг.
Кафтларим мушт туггунча дедим:
“Наҳот ҳеч вақт севмаган бўлсанг?”
 
Олисладинг бесадо, беун,
Сукутларинг ҳақоратлади.
Тинглаганча мен қолдим забун.
Кўксим тўла нақоратларни.
 
Кейин нафрат, кейин изтироб,
Ханжарларин санчдим юракка.
Ҳар кеч минг хил туйғулар билан,
Кураш тушдим яккама-якка.
 
Аламларим улғайтди мени,
Оловларда тобландим, ёндим.
Зангларини тўккан қиличдек,
Бир кун асрий тушдан уйғондим.
 
Уйғондим-у тўрт ёнга боқиб,
Сездим ҳаёт дуркунлигини.
Ва ҳар қандай йўқотишдан ҳам,
Недир топиш мумкинлигини.
 
Яхшиямки, тарк этдинг мени,
Яхшиямки, улғайтди армон.
Мен билмадим. Ким эдим аввал,
Сен кетдинг-у – бўлдим қаҳрамон!
 
* * *
 
Мени кутма! Мен ўзимдан кўчиб кетдим,
Кўз ёшларим денгизига кема солиб.
Содда, гулрўй суратлардан ўчиб кетдим,
Ғурур ғолиб...
 
Ғурур ғолиб! Энди менинг кўзларимда,
На севги бор, на бир алам, на бирор ҳис.
Сендан олис ва кимсасиз орол излаб,
Кетмоқдаман ўзим билан ўзим ёлғиз.
 
Ўзим ёлғиз, ҳам қайғусиз, ҳам гуноҳсиз,
Кундузларга ибодатдан салом тутиб.
Сал бахтсизроқман у, лекин зарари йўқ,
Яшагандан кўра сендан СЕНи кутиб!

 

 
Сирожиддин Адашев
 
Ота 
 
Айни авжга чиққан эди тун,
Ёғоч эшик очилди аста.
Ишдан ҳориб келди-да отам,
Сўнг уйқуга кетди бир паста.
 
Кўзларига қарабоқ билдим – 
Куни билан тинмай ишлабди.
Болам дея, оилам дея
Асло тиним билмай ишлабди.
 
Чарчоқларин енгмоқлик учун 
Унча кўпмас, бироз ухлади.
Шу орада қаро, зулмат тун
Лашкарин олиб жўнади.
 
Тонг ҳам ота бошлади тезда,
Шошиб хона томон юраман.
Яна бироз дам олинг, ота,
Мен қуёшни тўсиб тураман!
 
Телефон
 
Сим қоқдим… Телефон қўлимда инграр,
У ёқда кўтармас ҳеч ким гўшакни.
Ҳушёр қулоқларим иложсиз тинглар
Бир хилда чинқириб ётган гўдакни.
 
Чақирув узилар… Қайта тераман,
Экранга боқаман ўзгариш кутиб.
Ҳар кун шу ишимга қайтавераман,
Ҳар куни қаттиқроқ борар унутиб…
 
Юрагим оғрийди, юрагим оғрир,
Оғриниб эзилар бечора кўнгил.
Мен яшил тугмани босганда оғир,
У қизил тугмага тегинди енгил.
 
Шу ондан тўхтадим, тушуниб етдим – 
Ҳаётни бошқача юритмоқ керак.
Бобурни ўзимга ҳавола этдим:
“Бизни унутқонни унутмоқ керак”.
 
Вақт ўтди… Дил энди ғалаён қилмас, 
Эсламас кўзларим тиниб кетганин.
Телефон жиринглар, у эса билмас
Яшил тугмачамнинг синиб кетганин. 

 

 
 
Озода Меҳмоналиева 
 
* * *
Бедорлик ярашган кўзларим,
Шодликлар чулғайди онгимни.
Юракда тебранар сўзларим,
Уйғотар уялчанг тонгимни.
 
Армонлар хаёлдан йироқда,
Атрофни тутади бахт ҳисси.
Бугуннинг умиди унмоқда,
Эртанинг келмоқда кулгиси.
 
Тутганча вафонинг пардасин,
Кўз тикар йўлимга муҳаббат.
Хаёллар бир ажиб, бир ширин,
Рўёбга чиқиши фақат шарт.
 
Қалбимда онамнинг дуоси,
Отамнинг ўгити ёдимда.
Уфурар ашъорлар ҳавоси,
Илҳомим куй чалар авжида.
 
Севинчдан юрагим ёнмоқда,
Ўзига зеб берган кўчалар.
Армонлар ўзимдан тонмоқда,
Бахтлиман шунчалар, шунчалар.
 
* * *
Эй муҳаббат, қўлларимда гул,
Юрагингга юра бошладим.
Маёғини топгандай кўнглим,
Вафо қўлин маҳкам ушладим.
 
Олов ишқни ҳеч совитмайман,
Йўлларингни куйдирар бир из.
Маконингдан чиқиб кетмайман,
Менсизликда қолмайсан ёлғиз.
 
Гумон армон ваҳмини солди,
Мени кутгил, кетма илдамлаб.
Мана қара озгина қолди,
Маконингга етдим қадамлаб.
 
Ҳайратланма, шодланган мендан,
Рост келмадим чақирув билан.
Ҳаяжонга тўлиб турибман,
Юрагимда зўр қўрқув билан.
 
Висол ақл-у ҳушимни олди,
Садоқатни келяпман ғамлаб.
Мана қара озгина қолди,
Маконингга етдим қадамлаб.