“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

ТО ҲАНУЗ УЛГУРИБ БЎЛМАС ЯШАШГА...

Беҳзод ФАЗЛИДДИН

 

* * *

то ҳануз жумбоққа ўхшайди умрим,

то ҳануз улгуриб бўлмас яшашга,

то ҳануз кўзимда эзғиланар қум,

то ҳануз нўноқман ўзни асрашга.

 

наҳотки ҳаёт шу, тириклик шудир,

наҳотки умрбод ўртанмак — қисмат?

наҳотки мўъжиза бўлмайди содир,

наҳотки тоабад чўзилгай ҳижрат?

 

билмайман, бу бошда яна не савдо,

билмайман, не жиндир жонда рақс тушган.

билмайман, билишдан надир муддао,

билмайман, руҳ қуши қаёққа учган.

 

то ҳануз...

наҳотки...

билмайман...

 

* * *

Отамнинг гапини бўлдим бехосдан,

Онамнинг кўзига қараб қўйдим тик...

Шунданми, сўзларим қолмиш ихлосдан,

Шунданми, бахтимнинг бошлари эгик.

 

Бидирлаб акамга гап бермай ўсдим,

Мендан олдин бунёд жигар эди у).

Нордай иниларим йўлини тўсдим,

Синглимнинг кўнглини ололмадим, ув!

 

Тағин шу ҳолимда ўзимга мастман,

Афсус, афсуслардан фойда йўқ. Афсус...

Ҳануз шоир бўлиб шоир эмасман,

Одам бўлиб одам эмасман ҳануз.

 

Энди кимга не наф доду арзлардан,

Қаҳратонда қолган қушдай қақшайман.

Узилиб кетмасми бўйним қарзлардан,

Шунча гуноҳ билан қандай яшайман?!

 

* * *

Тошларга ёзмайман пок номимизни,

Дарахтлар кўксига тиғ урмам асло.

Бўронлар бўғолмас илҳомимизни,

Ҳақ боқий лаҳзалар этганда ато.

 

О, ҳали умримиз остонаси бу —

Энди тилга кирдик, энди гулладик.

Ҳаммаси ўтажак, Олий Руҳ мангу,

Тиласак, самовий ҳислар тиладик.

 

Шамоллар ортидан эргашдик гоҳи,

Гоҳи ёмғирлардан сўрадик қўним.

Бир лаҳза қовушгач Руҳлар нигоҳи,

Биз бугун ненидир англадик, Жоним!

 

Номсиз туйғуларга исмимиз ҳавас,

Не тонг, йўл бошида ниятга етдик.

Дарахтларга эмас, тошларга эмас,

Қадим қўшиқларга қоришиб кетдик.

 

* * *

Шояд, бир юзлашсак, сўзсиз сўзлашсак,

Бул аччиқ қисматдан беун бўзлашсак,

Юлдузимиз тушиб юлдузимизга,

Руҳда суҳбат қурсак, руҳда дўстлашсак.

 

Йўлимиз бир бўлса, дилимиз якто,

Ўзидан бир лаҳза этмаса айро.

Дунёга сиғмаган ишқимиз ҳаққи,

Кўнгилга бекамлик айласа ато.

 

Бахтимиз бут бўлса, дардимиз улуғ,

Муборак ғамлар-ла умримиз қутлуғ.

Бошдан охиргача нурга чулғансак —

Поклансак, фалаклар айласа қуллуқ...

 

* * *

Нега қўрқай — қўрқинч бермас қулларинг бор,

Зулматларда башарсиймо нурларинг бор,

Йўл йўқотсам, йўлга бошлар йўлларинг бор —

Нега қўрқай?

 

Ғурбатларда юрганимда номинг айтсам,

Ҳар балони кўрганимда номинг айтсам,

Қил устида турганимда номинг айтсам —

Нега қўрқай?

 

Узун, яна, маҳзун бўлди қалб сафари,

Муножотга тўлиб кетди ишқ дафтари,

Ҳақ деганлар — икки дунё музаффари,

Нега қўрқай?

 

Кўксим ичра гоҳ офтоб, гоҳ юлдуз тунар,

Кўзим ёнар, сўзим ёнар, умрим ёнар...

Сендан қўрқиб турибман-ку, энди яна

Нега қўрқай?!

 

* * *

Кўкдан элчиларни қабул қилди-да,

Оҳиста оқ чойшаб ёпинди борлиқ.

Ҳар лаҳза ажойиб эртак бўлди-да,

Бўғотлар бўйнида самовий ёрлиқ.

 

Бу ёғи не бўлар — елка қисар ер,

Дарахтлар гунг, гўё тушган асирга.

Битиб улгурмовди мен бошлаган шеър,

Энди нима дейман янги фаслга?!

 

Керагидан зиёд боқдим-у ортга,

Ҳануз юрагимдан кетмас титроқлар.

Кечаги умримни солмоқда ёдга

Бандида дийдираб турган япроқлар.

 

Қорга ўхшаб кетар қурмағур ҳаёт,

Бир кун эриб, бирда айланар музга.

Аёз деразамга гул солган заҳот,

Ҳали қўшиқларим кўп эди кузга...

* * *

Қалбимга бир боқиб кўр,

Ёмонга ўхшайманми?

Кўзимда бир оқиб кўр,

Уммонга ўхшайманми?

 

Кимларни деб чекиндим,

Ўз-ўзимдан ўкиндим,

Авжи кўклам тўкилдим,

Хазонга ўхшайманми?

 

Замин менга хўброқдир,

Руҳим Ерга ўртоқдир,

Бору йўғим туфроқдир,

Осмонга ўхшайманми?

 

Изларимни қувлама,

Сўзларимни овлама,

Қўй, дардимни кавлама,

Арзонга ўхшайманми?

 

Бу дунёнинг лаззати —

У дунёнинг ҳасрати,

Шу туришда ҳазрати —

Инсонга ўхшайманми?