“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

Дарпарда ортида бир таниш нигоҳ

Гавҳарой УСМОНХЎЖАЕВА

1997 йилда Андижон вилоятида туғилган. Андижон қишлоқ хўжалиги институтининг 3-босқич талабаси. Беруний номидаги давлат стипендияси соҳиби.

***

Кекса ўрик, эски ҳовлида,

Эгилган шохида ўша арғимчоқ,

Сени излаб келдим, танияпсанми,

Болалигим, кўзлари мунчоқ?!

Яшинмачоқ ўйнаб, ухлаб қолганим,

Қамиштом чайлалар, ёдингдами айт?!

Шумтака қўшнининг отган олмасин,

Сенга илинаман, бир лаҳзага қайт!

Капалак қувалаб лой кечган кунлар,

Ва шомда ҳовлига чорлаган ҳадик,

Соғиниб келганим, сезаяпсанми?

Бувим эртагида қолган болалик!

 

***

Мажнунтол шохига илиниб қолди,

Туннинг юлдуз қўнган қора кўйлаги,

Илоҳий тушлардан хаёллар толди,

Менинг изим қолган, кўнгил йўлаги!

Дарпарда ортида бир таниш нигоҳ,

Таъқиби жонингни ўймалагувчи,

Хазонрез боғларга аста одимлар,

Сен исмин унутиб қўйган ўткинчи...

Узилиб боради сабр иплари,

Хавотир бўй чўзар нигоҳларингда,

Эслашинг биламан, сағир сирларим,

Ўзингдан яширган гуноҳларингда...

Кўксингга соғинчлар экаман,

Сен маҳзун терасан гулларин,

Ғамларинг тўкилиб тўлдирар,

Ишқимнинг кимсасиз йўлларин.

Кўксингга орзулар экаман,

Лабингга жилмайиш инади,

Ҳузурбахш саҳарлар бирма бир,

Мен билмас сирларинг синади...

Кўксинга экаман армонни,

Бошингни эгасан жим ва хор..

Бахтгуллар бўй чўзган дунёда,

Бир бизнинг севгимиз, бемадор..

 

***

Мен сизни йўқотиб қўймаслик учун,

Сизни кўзларимга қўйганман қамаб,

Кўрмасам ҳам майли, энди дунёни,

Мен сизни олганман, унга алмашлаб!

Сизга етишганим, ўзи бир эҳсон,

Сизсиз тан олмасман, ўша дунёни,

Кўзларим ортида йигирма уч йил,

Асраб келмаганман ахир риёни!

Қаранг, тонг мўралар қароғларимга,

Киприкларим ҳануз қўриқлар сизни,

Кўзим кавсаридан тўйинган гуллар,

Эркалар тўкилган нурларимизни!

Мен фақат изладим бир тасодифни,

Бир ўнғай лаҳзани,

Сизни топмоқни!

 

***

Ишқнинг гуноҳлари ортади бизсиз,

Сиз унга юклайсиз, дардларингизни,

Улоқтирдим Шаҳрихон сойига отиб,

Кўнглим кўтаролмас, шартларингизни!

Кўнгил жунжикади, салқин саҳарлар,

Соч силкиб уйғонар, майсалар қаранг,

Муҳаббатнинг номсиз йўлакларидан,

Бир туйғу бош олиб келади аранг!

Ишқнинг гуноҳлари ортади бизсиз,

Тун каби чўзилиб кетади ҳижрон,

Куз келди, кўнглимнинг соҳилларига,

Азизим, ал омон, ал омон!

 

***

Нафасида титрар нафасим,

Кўзларимда бир меҳр хилват,

О она ер, ҳароратингни,

Хис қилмоғим ўзи катта бахт!

 

Эзғиландинг, юзлаб асрлар,

Қучоғингга сиғди дўст, душман,

Мен ҳам сенинг саховатингдан,

Қанотлари ёйилган қушман!

 

О она ер, юрагимни ол,

Олгин қалбим ҳароратини,

Алишмайман хеч бир қувончга,

Сенга қайтиш саодатини.

 

***

Мен кўнгил истадим, титранишлари,

Бахтдайин бенуқсон, қайғудай сероб,

Руҳимга тирғалиб турган йилларнинг,

Зарбаси жонимга беряпти азоб!

 

Бир хаёт истадим, масрур ва бекам,

Гул лабига қўнган шабнамдай ёниқ,

Кўксимга тўкилган туйғуларки пок,

Бўғзимни куйдирган, оташ ҳўрсиниқ..

 

Бир умр истадим, азалга туташ,

Ва мағрур кўнглимни унга атадим,

Бугуним яратган хаёлотларнинг,

Эртаси бўлажак қадимдан қадим.

 

Бир кўнгил истадим.....