“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

ҚИРМИЗИ ОЛМА

Яҳёхон ФАЁЗ  – 1988 йил Сурхондарё вилоятининг Бойсун туманида туғилган. Зомин ёш ижодкорлар анъанавий семинари иштирокчиси. Ҳозирда Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти талабаси.

 

Муҳаррирлик ҳам анчагина оғир ва масъулиятли экан. Бугун газетанинг янги сони     нашрдан чиқди. Бу галгиси ҳаммасидан кўра қийин бўлиши билан бирга янгиликларга бой бўлди. Газетанинг барча ходимлари кетгач, Абдулазиз хонада ёлғиз ўзи қолди. У ёзув столига ўтириб бошини қуйи солиб ҳамон хаёл суриб ўтирибди. Бир қўлида ручка оппоқ вараққа нималарнидир, ёзиб яна ўчиради, ёзади, ўчиради. Чуқур уф тортиб, ҳамма томони ручка рангига бўялган варақни ғижимлаб хона бурчагидаги чиқиндилар челагига улоқтирди, ручкани эса зарда билан стол устига ташлади. Ўрнидан истар-истамас туриб дераза томон юрди. Октябрь ойининг ўрталари олма, ўрик ва бошқа дарахтлардан тўкилаётган олтинранг япроқлар ер юзини олтинга бўягандай гуё. Ҳарҳолда куз фасли, таш-қарида анча салқинлик ва олтин кузнинг майин шамоли эсиб турибди. Ишхона деразаси яқинида қирмизи олма ғарқ пишган. Атласранг олмалар камалак турли товланиб, кўнгилни яшнатади. Тип-тиниқ сокин денгизнинг ҳар-ҳар жо-йида пайдо бўлган сув пуфакчалари каби мусаффо осмонда ёпишиб турган яккам-дуккам булутлар алла айтиб осмонўпар чинорларни тебратаётгандай гуё. Абдулазиз бир муддат бу гўзал манзарага тикилиб турди-да, беихтиёр деразани очди. Кузнинг ёқимли ҳавоси билан қирмизи олмаларнинг хушбўй ҳидларидан тўйиб-тўйиб нафас олди. Олма шохларини эгиб ўзгача товланиб турган қирмизи олмалар Абдулазизни ёшликнинг ажо-йиб хотиралари, ўспиринлик чоғлари томон етаклади. Ёшликдаги шўхликлару беқарорликлар, айниқса, қўшни қиз Шодия билан ўрталаридаги соф муҳаббат кўз ўнгидан видео тасмаларидек ўта бошлади. Ўшанда у ўн саккиз ёшда эди. Бир куни мактабдан қайтаётиб йўл чеккасида ғарқ пишган қирмизи олмалардан икки дона олиб, орқадан узун сочларини кўз-кўз қилиб дугоналари билан беғубор кулишиб келаётган ўзидан бир синф кичик ўқийдиган қўшни қиз Шодияни кутиб турди. Дугоналари билан хайрлашиб  уйига томон бурилиб кетаётган бу гўзал қиз унинг кўзига ҳар галгидан кўра гўзалроқ кўриниб кетди.

– Шодия... Шодия, илтимос, тўхтанг! – деди у ҳар доимгидай сизлаб. Қизнинг бошини қуйи солганча кетаётганини кўрган Абдулазиз унга етиб олиш мақсадида қадамларини тезлатди. – Олма... олма пишибди, – деди у дудуқланиб, – сиз учун уздим бу олмаларни, – деди у олмаларни қизга узатаётиб.

– Менгами? Биттасини оламан, қолгани ўзингизда қолаверсин, – деди чуқур ҳаяжонда турган Шодия.

– Ҳа майли. Биласизми, сизга анча вақтдан бери бир гап айтмоқчи бўлиб юраман, лекин... лекин...

Шодия Абдулазизнинг гапларини эшитишни ҳам, эшитмасликни ҳам билмай қўлидаги олмани чангаллаганча ерга қараб ўтирарди.

– Абдулазиз!.. Абдулазиз, деяпман! Қаерларда юрибсан, бола тушмагур, бир соатдан бери нима қиляпсан кўчанинг бошида?! Моллар маъраб қулоқ-мияни еди-ку!

Кўча бошидаги пахса деворлар орасидан бошини кўча томон чиқариб ўғлини чақираётган аёлнинг баланд овозини эшитган Шодия кетарини ҳам, қоларини ҳам билмай ҳаяжонда қотиб қолди. Бир муддатдан кейин ўзига келгач, уйига томон шошганча юриб кетди.

– Эртага мактабга борасизми?

У Абдулазизнинг бу сўзларини эшитмасликка олиб кетаверди, дарвозасига яқинлашгач ич-ичидан нимадир, балки унга бўлган ҳурмати ёки қалбидаги соф муҳаббатнинг илк куртакларидир, жавоб қайтаришга ундади:

– Эртага якшанба-ку?

У мана шу сўзларни айтар экан, ўгирилиб Абдулазиз томон самимий жилмайди-да, дарвозадан ичкари кириб кетди.

 Душанба куни мактабга кетаётиб Шодияга яна қандай гап қўшсам экан, унга бўлган муҳаббатимни қандай изҳор этсам экан, деган ўйда кетаётган Абдулазизнинг хаёлига ўша кунги олмалар келди. Яна шу олмалардан териш мақсадида қадамларини тезлатди. Дарахт ёнига келиб не кўз билан кўрсинки, бир дона ҳам олма йўқ. Абдулазиз қишлоқнинг тўпори, оқкўнгил, ҳақиқий қишлоқ йигити эмасми, режалари барбод бўлганини кўриб кўзларида ёш айланди. Кейин билса, якшанба куни келган олмафурушлар битта қолдирмай териб кетган экан. Нима қилишини билмай қолган Абдулазиз ўтган кунги олмани костюмининг чўнтагига солиб қўйганини эслаб орқасига қайтди. Йўлда кетаётиб уйи яқинидаги муюлишга етганда шошилиб келаётган Шодияни, унинг қўлларидаги атласранг олмани кўриб ўзида йўқ севиниб кетди...

Баланд жиринглаган телефон овози Абдулазизни хаёллар уммонидан соҳил томон қалқитиб юборди.

– Алло, эшитаман!

– Дада, келяпсизми? Бугун ойимнинг туғилган кунлари-ку, эсингиздан чиқдими?

– Йўқ-йўқ, эсимда, ҳозир бораман, ўғлим.

Абдулазиз хаёлидан кечган барча нарсаларни оқ вараққа тушириб, ўз ҳикоясини якунлаб, ручкани ҳам очиқ  қоғоз устида қолдириб, хонадан шошилганча чиқиб кетди.

 

* * *

Кун қорайиб қолган. Шом вақти. Эшик қўнғироғи   жиринглади. Эшикни соч турмаклари ўзига ярашган, юзларида байрамий табассум билан ўттиз беш ёшлардаги бир аёл очди. Ташқарида бир сават қип-қизил олма кўтарган кўйи Абдулазиз турарди...