“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

Сокин тортиб қолди япроқлар...

Бахтинисо МАҲМУДОВА

           * * *

Заминнинг кўзига жойлашганимда,

Юрагимни тутса, қушлар кўз ёши.

Менинг бенаф, бедод оғриқларимдан

Айланиб кетганда дунёнинг боши.

 

Мезонлари менга — сафарга чиқса,

Ёдимнинг кўнглида чалкашаверса,

Дарахт одам бўлиб, сабо тилида

Нафасларим билан гаплашаверса.

 

Дард ёмғирдай юзга тўкилганида

Бошимни силаса Айюб бардоши.

Мажнуна ҳислардан илтифот кутиб,

Ғашланиб ботганда руҳим қуёши —

 

Сиз етиб келасиз орзулар билан...

 

           * * *

                             ... дан сўнг

Бетартиб, кимсасиз қолган хонамда

Оқланган деворлар юради изғиб.

Бу бўм-бўш қадаҳлар шовқинни ичган,

Кечиккан таомлар турар ичикиб.

 

Дераза суяниб дарпардаларга,

Омонлар ҳақида айтади қўшиқ.

Оппоқ деворларнинг қаршисида, жим

Ўзини оқлолмай йиғлайди эшик.

 

           * * *

Сендан кетдим...

Изимни ёмғирлар ўчириб кетди.

Қалбимда бир совуқ бўрон турди-ю,

Онам рўмолини учириб кетди.

 

Вақт — дармон, дебдилар, аммо сезмадим,

Ёки сафарига қилмадим тоқат.

Мана ҳаётлигим билдирар ҳамон,

Менинг чап кўксимда занглаган соат.

 

Гоҳо эзгин ҳислар этганида банд,

Гоҳ кўнгил бўлганда вужудга бешик

Ва шундай оғриниб ортимга боқсам,

Мени чорламагин, бекилган эшик!

 

           * * *

Агарда қайтмасам… Кузги боғларга

Бир насим бўламан, чекинар оғриқ. 

Кўзимнинг олдида юксаласан сен, 

Кўзимнинг олдида улғаяр борлиқ.

Мен сингиб бораман майсага, ерга, 

Қайғулар кўксимни топтамас бевақт. 

Менинг юрагимда чайқалар дунё, 

Менинг овозимда чучкирар дарахт.

Агарда қайтмасам, 

Қайтолмасам мен, 

Яна жим кетаман нурафшон бўлиб. 

Бир ичкин нолада, эзгин нолада

Кўзларим қайтади намозшом бўлиб..

 

           * * *

Настаринлар гулини тўкса, 

Ғам чекасан: «Ҳаёт — бешафқат!»

Дарахтларга қарайсан ўксиб, 

Юрагимга боқмагин фақат.

Ахир, куннинг ботиши тайин, 

Офтобида яшаб қол бир дам. 

Онам, дардинг қандай олайин, 

Гулламасдан тўкилган бўлсам?!

 

           * * *

Рангин тушлар кўринг, азизим, 

Рангин бўлсин дунёларингиз. 

Меникидир оқ ва қоралар, 

Меникидир энди ёдингиз.

Энди менман хатодан адо, 

Энди мен — энг тоза жазоман. 

Сиз ранжиманг, тушунинг, ахир

Мен бахт эмас, Бахтинисоман.

Гоҳ бездирса, оқ-у қоралар, 

Дил йиғласа мендан нарида. 

Рангин қўшиқ куйласангиз бас, 

Юрагимнинг қиблаларида.

 

           * * *

Эртароқ қайт,  қайтаринг бўлса, 

Шамоллар ҳам топди-ку қўним. 

Сокин тортиб қолди япроқлар, 

Дарахтларни қўрқитмас ўлим.

 

О, бу қушлар бунча хотиржам! 

Бунчалар тинч оқади сойлар. 

На тўлқин бор, на-да битта мавж, 

Ё уйқуга кетдими улар?!

 

Сен қайларда юрибсан тентиб? 

Қаерларда олаяпсан тин? 

Тушунсангчи, дунёга малол —

Менинг ғамгин безовталигим!

 

Эртароқ қайт…