“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

ЎН САККИЗГА КИРМАГАН КЎНГЛИМ

Мансур ЖУМАЕВ,

1991 йил туғилган. 2012-2016 йиллар Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети халқаро журналистика факультетида таҳсил олган. Ҳозир «Ўзбекистон миллий энциклопедияси» давлат илмий нашриётининг илмий муҳаррири.

МЕНИНГ ХАТОЛАРИМ

Бир суйдирги ичимда...

бир куйдирги ичимда —

чиқиб кетар сирғалиб

ўттиз икки тишимдан.

 

Саҳройи дил савдойи;

шеърдан нечук қайтаман?!

Хато шудир: ҳаммага

ҳаммасини айтаман...

 

Менинг хатоларим-ай,

ў, менинг хатоларим!

Фиғон урди афғонзай —

у менинг хатоларим.

 

Кечолмадим бу жонон,

нозик адоларимдан;

кечмишлар кечдилар қон

менинг хатоларимдан.

 

Этларни сихлаганман,

Исони михлаганман,

виждонга пичоқ тортиб,

устида йиғлаганман.

 

Хатодан чиқмаганман,

дунёга сиғмаганман,

Расулуллоҳни тинглаб,

эсимни йиғмаганман.

 

Марди йўқ майдон билан

ўлимлар сотганим чин,

зарсулув шайтон билан

чирмашиб ётганим чин...

 

Нечун сизни қўймайман,

ў, менинг хатоларим!

Мен ўзимни ўйлайман —

шу менинг хатоларим...

 

Фарзандим — унут олам —

дилгинангнинг дарзиман;

болам, дорга ос, болам,

болам, шунга арзийман.

 

Ҳирқиратинг — безарар,

эй, Ҳақдан атоларим;

сиртмоқда силтаниблар

тўкилса хатоларим!

 

Қарғанг! Сўкинг! Турманг жим!

Ўйлай жон чиқар они

қолдирдим деб шу чиркин

тўзиб ётган дунёни.

 

Хатоларим ўрнини

наҳот босмайсан, нолам;

ўзим келдим дорингга,

нечун осмайсан, болам?..

 

Ув, менинг хатоларим!

Ҳув, менинг хатоларим!

Болам, келдими навбат,

юв менинг хатоларим...

 

Мерос эди хатолар,

ворис бўлар бўтам ҳам;

хато сабаб жаннатдан

қувилганди Отам ҳам.

 

Тан олмасам — бу гуноҳ:

яшолмайман бегуноҳ...

мени бунча севасиз,

о, иштибоҳ, иштибоҳ!

 

Сизга раҳмат қарз бўлсин,

о, менинг хатоларим!

Буюр, Худо, дарс бўлсин

то менинг хатоларим.

 

Доно, доро бўлиб гар

тўрадимми Атодан?!

Қилинган хато! Қайтар

қилинмаган хатодан!

 

ШЕЪРИМ

Аё шеърим, аё шеърим,

ай, ёширин ҳаё шеърим,

бирам ширин, бирам ширин,

ширин жонимда-ё, шеърим.

 

Аё шеърим, ало шеърим,

ўзим вайрон, аъло шеърим,

ўзим куйган қувончим ҳам

ўзим суйган бало — шеърим.

 

Момо алёр, бобо шеърим,

пир тўзитган қабо шеърим.

Ҳазрат Амир Алишербек

бобом кийган або шеърим.

 

Кўксимдаги сато шеърим,

рукну ритми хато шеърим;

онам Ҳаво томон борган

отам Одам Ато — шеърим.

 

Кин, ғараздан жудо шеърим,

чин ва нурул-ҳудо шеърим,

«кун — ярал»дан яралган сўз —

аё қавли Худо, шеърим!

Малаклардан имо шеърим,

булбулоҳанг хумо шеърим,

кафтларимдан кабутардай

кўкка учган дуо — шеърим.

 

Ай муҳаббатсаро шеърим,

маним оқу қаро шеърим,

кетар бўлсам не ғам, сен бор —

икки олам аро, шеърим!

 

СЕНГА ДЕГАНИМ

Бундай қараманг, дейсан,

мен шундай қарадимми?

Лайлосига мубтало

Мажнундай қарадимми?

Қайрилмақош, қарасам,

қарабман-да, ахтарим;

юрган эдим қобирғам

давомини ахтариб.

Қандай қилиб кўзимни

узолгайман тамоми,

бунча гўзал бўлмасанг,

қобирғамнинг давоми?!

 

ЎН САККИЗ МИНГ ОЛАМ

ҚИССАСИ

Ўн саккиз минг олам оралаб,

бир менгина танҳо ва ғариб,

эшигингни бордим қоралаб,

кўзларингдан кулгу ахтариб:

ўн саккиз минг олам ичра бир

сенда экан бундайин кулгу —

жаҳаннамий қаҳқаҳа зоҳир

ва жаннатий насимдан улгу.

Қора оқшом сўйлади эртак,

юрагимга чиқдинг югуриб:

қирқта жонинг устига-устак

бир жонимни олдинг суғуриб...

Сўнг торгина кулбам сорига

қайтдим жонсиз вужудим билан,

сени битган фалак корига

сано айтдим сужудим билан.

Ўн саккиз минг олам ичинда

алқаб менинг нигоҳбонимни,

ахтараман оқшом ичимдан

сен суғуриб олган жонимни...

ва ҳар сафар у меҳрибоним

сийлаганда айбим бағишлаб,

вужудимга кирганда жоним

бир кулгингга қайтаман ташлаб...

ва ҳар сафар минг битта ошуб

кетиб, қолар мағрур ва мунглим:

ўн саккиз минг асрлик бошу

ўн саккизга кирмаган кўнглим.