“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

Шеърлар

 

Асрориддин САЙДАЗИМОВ

                   * * *

Сен шоҳдирсан,

Бетакрорсан,

Ғолибсан,

Она тупроқ, Бобозамин, тавоф айлай.

Беминнатсан, бетаъмасан, сен поксан,

Савоб керак бўлса сенга савоб айлай!

Бу диёрда ким туғилса бешак бахтли,

"Бу дунёни олажакман" дер бўлади.

Ўз ҳолича яшаганда Арслону,

Ғазаб қилса рақиб ҳуркар Шер бўлади.

Бу диёрда ўсган ҳар бир майса — чинор,

Ҳар ҳашарот Ватан дейди, замин ҳаққи.

Қўллаб турар бу ҳур юртни Парвардигор,

Замон ҳаққи, инсон ҳаққи, чаман ҳаққи.

Бу диёрда қиз улғайса, Тўмарисдир,

Зеҳну заковати билан Бибихоним.

Барчинойдир, Нодирадир, Увайсийдир,

Бари сенинг шарофатинг, нуристоним.

Бир бутунмиз Она тупроқ, Бобозамин,

Ўзинг бизга доядирсан, паноҳдирсан.

Юрагимда ватан ҳисси, ўсаяпман,

Биздек фарзандларинг билан сен навқирон.

Сен биз билан фахрланиб, гуркирайвер,

Биз Сен билан Ватандирмиз, Ўзбекистон!          

* * *

Кўнглимни асир этган муҳаббат,

Борлиғим басир этган муҳаббат,

Кулбамни қаср этган муҳаббат —

Сизмасму?

Фарқ этмас кундузу тунларим,

Кўксимга қамалган унларим,

Кўзимда чақнаган учқунларим,

Сўзмасму?

Осмону заминим зер-забар,

Тирикман ва ёки... бер хабар,

Наҳотки, яшасам бесамар,

Бўзмасму?

Ишқ учун не нигоҳ қартайган,

Наҳотки, висоллар камайган, 

Термулиб-термулиб сарғайган

Кўзмасму?

Боримсиз-йўғимсиз, оҳимсиз,

Савобу айбим ё гуноҳимсиз,

Севгимни, севгимни битта қиз —

Сезмасму?