“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

Шеърлар

 

Сирожиддин ИБРОҲИМ

                   *    *    *

Балки,

охиргиси бу тун шамоли,

Осмон ўз юрагин еб битирганда,

жилмайишлар қилма имоли,

балки охиргиси...

Балки,

охиргиси бу ёнишлар ҳам,

изтироб чиғирин чўмичлари бўш.

Севгининг гуллари суғорилгани —

кўзлардаги энг охирги нам,

энг охирги!

Охиргисидир бу охиргилар ҳам,

ундан кейингиси —

сўзсиз алжираш.

Юрак ғаш.

Наҳотки,

наҳотки бу охирги ғам?

Сезилмасдан қолди ғуссанинг иси,

ундан кейингиси...

 

                   *  *  *

Унутиш неъматми,

жазоми — билмам,

эсингдан оғгудек севган чоғингда.

Унутмайин десанг —

юрак ёрилар,

унутсанг —

армонлар ўсар боғингда.

Ҳаловатсиз кечган кунлар умрингни,

емириб боради,

қилади ғорат.

Сен учун барча ранг тусин йўқотар,

Борлиғинг биргина ундан иборат.

Олис бўлганингда,

ҳар бир лаҳзада,

қандай тура олгунг, ахир, қақшамай?

Кезсанг кўчаларни —

танишлар боқар,

Юрсанг ҳам ўзингга, гарчи ўхшамай.

Бўғриқиб кетасан,

дилда калом йўқ.

Ёлғон бўлган умр туюлар узун.

Маъюс сийпалайсан,

лабинг босасан,

ёш тўкиб ўпасан оёғин изин.

Неъматми, жазоми —

билмадим, лекин,

унутсанг —

жон берар изтироб қуши.

Унутсанг —

барига ясалар якун,

ҳеч гапмас қонингнинг совиб қолиши.