“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

Шеърлар

 

Дилшод ШУКУРОВ

 

                   ОТА МАКОН

Яна айиради ғаддор олис йўл,

Бобо тоғларимдан, момо булоқдан.

Бола кўнглим ўксиб ортга чўзар қўл,

Тушолмай темиртан, хиссиз уловдан.

Кетаман — шохларин силкиб кузатар,

Ариқлар бўйида ўсган олчалар.

Беғубор дамларни менга эслатар,

Товоним куйдирган тупроқ кўчалар.

Лойсувоқ деворлар — суянч елкалар,

Улғайтирган эди тоғларга бўйлаб.

Бу кун асо тутиб, ёзиб кўлкалар.

Турибди дардларин тошларга сўйлаб.

Бобомни эслатар кексайган шотут,

Барглари дуога очилган қўллар.

Соясида дунё ғамин унутиб,

Боладек ястаниб сураман ўйлар.

Ўзлигим излаган улкан шаҳарда,

Юраман тошларда пешонам эзиб.

Ҳар сафар қайтаман, сокин саҳарда,

Кўзим косасига кўнглимни сузиб.

Мунғайиб кутади кекса дарвозам,

Момомдек қучоғин очади, ўксиб.

Бир зумга арийди дардлар саросар,

Бир нафас қувончга тўлади кўксим.

Болалигим ўтган, эй, ота макон,

Ҳар лаҳза хаёлим сен томон елар.

Онам тиззасига қўйган каби бош,

Остонангни қучиб сирлашгим келар.

Олис-олислардан чорлаган замин,

Кўнглимни тўлдирган энг азиз зийнат.

Йўлларга топшириб яшайман бахтим,

Йўлларда англадим: сен экан жаннат.

 

         СЎНГГИ УЧРАШУВ

Туман рўмолига ўралди қуёш,

Кўк тегирмонида булут янчилди.

Келишинг кутаман, музлаган кўз ёш

Зарраси кўзимга ёмон санчилди.

Келасан — юзингни совуқ чимчилаб

Қизартириб қўйган, рашким келтириб.

Сукунат сўзларни хаёлга улаб,

Кўзларинг титрайди ишқинг билдириб.

Иккимиз. Хиёбон. Ҳаммаёқ оппоқ,

Шу поклик қўйнидан қидирамиз бахт.

Висол қучоғини очиб турган чоғ

Бизни айиради кўролмасдан вақт.

Кетасан... кўксимга бош қўяр қуёш,

Кўк тегирмонида булут янчилар.

Мен сени севаман: тўкилар кўз ёш

Кўксимда алвонранг бир гул очилар.

(Бу гулни ҳеч кимга бермайман, жоним!)