“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

Шеърлар

 

 

Саодат ФАЙЗИЕВА

 

                   * * *

Сен қушга айландинг — қанотлар ўсди,

Титроқ юрагингга оқиб кирди мунг.

Табиат хафаҳол кўйлагин кийди

Одамликка "хайр" деганингдан сўнг.

 

Ҳузун йили берган қайғу ариди,

Қушларнинг тилида куйладинг қўшиқ.

Энди осмонларга учишинг мумкин,

Ёнингга энг холис шеърингни қўшиб.

 

Учдинг, учавердинг, қалқиди бахтлар,

Кузда тўкилгандай япроқсимон ҳис.

Сен кўкдан қарадинг: бир тўп гумроҳлар —

Ерда чумолидай яшаб юрибмиз.

 

Қуш бўлиб эврилдинг ўзга маъвога,

Ғамсифат парвозга буткул кўндингми?!

Сезяпман: ҳаттоки қушлик ҳам сенинг

Таржима қилолмай юрар кўнглингни...

                  

                   * * *

Кузнинг қуёшидай тафтсиз дилимда

Инграниб йиғлайди қишлоқи бир най.

Дада, ҳозир жуда ночор бўлсам ҳам,

Қалбингизда ўсдим маликалардай.

        

Онамни алқадим гўдаклигимдан,

Ўрадим уларни ялтироқ сўзга.

Сизга деб татирли бир гап айтмадим,

То қалбим айланиб улгурмай музга.

 

Тилимдан чиққанда энг аввал калом

Онам элга берди ширин кулчалар.

Кўзингиздан оққан ёшларни сезди

Пахсадевордаги шум мусичалар.

 

Бобомга эргашиб чопқиллаб кездим,

Меҳр қўйдим сизнинг чўпонтаёққа.

Кўз тегмасин, дея, — шамол қизимга,

Қалампир илдингиз ҳовлию боққа.

 

Бугун майса дилим дарахтга дўнди,

Бағримда яшайди туйғулар-қушлар.

Сиз ўргатган эзгу, пок каломларни

Ҳатто такрорлайди уйқумда тушлар.

 

Дада, сочингизга эланди дардлар,

Юзингизга тушди кўксим доғлари.

Қай ерда ўқидим: яхши қиз ўсган

Ҳовлида бўлармиш жаннат боғлари.

 

Оқибат сўзига эгизим маним,

Илдизи меҳрдан бўлган чинорим.

Дада, менинг исмим қўшилган дуо,

Бори тилагингиз — менинг туморим!