“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

Шеърлар

 

 

Равшан ҲАҚМУРОД

                   * * *

Шамоллар юзимга урар телбавор,

Гўёки эсидан оғаётгандек.

Юлдузлар тобора яқинлашяпти,

Менинг бошим сари ёғаётгандек.

 

Мен эса кезаман дайди ит мисол,

Ўн ойким борганим йўқдир Қаршига.

Қимматли вақтимни этмай деб увол,

Шошилиб боряпман Тангри қошига.

 

Гарчи қилинажак юмушлар бисёр,

Онамга берилган аҳдим бор ҳали.

Чопаман ҳар ёнга боқиб саросар,

Билмадим қанчалар вақтим бор ҳали.

 

Келишу кетишдан излайман маъно,

Пешонамдан чиқиб борар аччиқ тер.

Мени ўз бағрига чорлайди само,

Оёғимдан қучиб олган она ер.

 

                   * * *

Эй, гул, нечун кўзларингда нам?

Сабабин ўзинг ҳам билмаяпсанми?

Бундай ҳол рўй берар гоҳо менда ҳам,

Ростин айт, мен учун йиғлаяпсанми?

 

Кун кеча шеъримни ёд олган улфат

Ёнимда турмади келганда фурсат.

Улар-ку ўзлари билади, фақат —

Ростин айт, мен учун йиғлаяпсанми?

 

Мен учун ҳаммаси бир пул аслида,

Буларни кўзимдан илғаяпсанми?

Мен синиб бўлганман кўплар наздида,

Ростин айт, мен учун йиғлаяпсанми?

 

Мени йўлдан урмас шайтон нағмаси,

Кўнглимни сел қилди кўзин чашмаси,

Ахир олдинда-ку ҳали ҳаммаси

Ростин айт, мен учун йиғлаяпсанми?

 

Билмайди демагин, мен ҳам биламан,

Мен учун кўксингни тиғлаяпсанми?

Мен сени ҳаммадан бахтли қиламан,

Ростин айт, мен учун йиғлаяпсанми?