“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

Шеърлар

 

Дилмурод ДЎСТ

                   *  *  *

Ҳар лаҳза умримга қасд қилаверди,

Мен-чи, йўлда фақат ҳижронгул тердим.

Тошкент ёзларининг сокин тунида,

Умримни сенингсиз онларга бердим.

 

Ўн уч рақами бор трамвай қайтар,

Ширин хотирларни жамлаб, изига.

Эсимда, ўшанда термилгандим, жим...

Заминнинг энг сулув, гўзал қизига.

 

Беғубор жилмайиб сўзлар эди у,

Мен юрагим билан тинглаб борардим.

Унинг қаршисида нақадар ожиз,

Ғариб эканлигим англаб борардим.

 

Бугун ўшал мени орзуга элтган,

Трамвай ортидан бўзлаб қарайман.

Ўшанда ўзингга айта олмаган,

Изҳортус гапларим сўзлаб қарайман.

 

Ҳар лаҳза умримга қасд қилаверди,

Мен-чи, йўлда фақат ҳижронгул тердим.

Тошкент ёзларининг сокин тунида,

Умримни сенингсиз онларга бердим.

 

Бас, йўлга отлангум, ҳозироқ шаҳдам,

Сенсиз кунларимга якун ясайман.

Самарқандга элтган ҳар қадамимда,

Тобора ўзингга яқин яшайман.

 

Измимни топшириб олис йўлларга,

Орқалаб борарман ёруғ кунларни.

Ҳар қадамим мени ўзингга элтар,

Ҳар қадам орқалаб борар тунларни.

 

Аразларингни қўй, келақол, гулим,

Шундоғам дилни кўп азобга солдик.

Келақол, уялма, ахир дунёда...

Бир улкан ишқ билан сену мен қолдик.

 

                   * * *

Онанг қарши бўлиб чарчамади ҳеч,

Мен ҳам курашлардан толмадим, гулим.

Гулзорларда юриб, сендан ўзга бир

Гул исмини тилга олмадим, гулим.

 

Сен кетдинг...

Кўзингда ёшларинг билан,

Мен ҳам жим кузатдим англаб, англамай.

Бўлди, бас!

Йиғлама, биз ахир, гулим,

Яшадик, севгини асло алдамай.

 

                   *   *   *

Биламан, бу гал ҳам жавоб ёзмайсан,

Бу гал ҳам кўзларим йўлингда қолар...

Бепарво ўтарсан, бу гал ҳам гулюз,

Бу тун ҳам умримни ҳижронлар олар.

 

Биламан, ўтганда нигоҳинг осмон,

Биламан, атайдан ҳолим сўрмайсан.

Балки севмасдирсан жон қадар, аммо

Биламан, сен мени ёмон кўрмайсан...