“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

Шеърлар

 

Маҳлиёхон УМРЗОҚОВА

                   ВАТАН

Ватан — қўлларимда бир ҳовуч тупроқ,

Ватан — жаннатбўйлар таратган райҳон.

Ватан — осмонларни даст кўтарган тоғ,

Ватан — тандирларда пишган кулча нон.

Васфингни куйлайди турнакўз булоқ,

Оҳанглар етади уммонгача то.

Буюк боболарнинг руҳлари уйғоқ,

Юлдузлар живирлаб беради садо.

Ватан — онам каби меҳрга бойсан,

Ватан — отамдайин юраги баланд.

Ватан — синглимдайин соҳибчиройсан,

Ватан — акамдайин меҳнат билан банд.

Навқирон юракнинг шўх алёрини

Битайлик ниҳолнинг ҳар япроғига.

Бу қўшиқ аритгай дил ғуборини,

Яхшиларни чорлар юртим боғига.

Бағримда улғаяр Ватан номли сўз,

Унга илинаман топсам неники.

Эҳтимол худбинман, эҳтимол юлдуз,

Ватан, меникисан, фақат меники!

 

                   ОРЗУЛАР

Кўм-кўк гумбазларда улғайди осмон,

Меҳр булоғида уйғондим мен ҳам.

Мунис кўзлари-ла боқади менга,

Гулдайин эркалаб отам ва онам.

Отам жасоратнинг жонли суврати,

Жажжи қўлларимдан етаклаган зот.

Бутун иродамга чизиб журъатин

Юксак парвозимга беради қанот.

Онам дуолари қўрғоним ҳар он,

Елкамда элимнинг шони, шуҳрати.

Керак-ки, борича берадирман жон,

Шу Ватан ҳурмати, шу эл ҳурмати.

 

                   ШЕЪРИЯТ

Қалбимга сиғмаган дардларни

Елкамда ўйнатиб юрибман.

Кўнглини харж қилган мардларни

Сувларга сўйлатиб юрибман. 

Кўзларин мавҳ этди кўзларим,

Нигоҳлар тўқнашди, шеър бўлди.

Сўзларим мадҳ этди юзларим,

Қолгани бадиий сир бўлди.

Бир фиғон соғинди юрагим,

Ул фиғон сенмидинг, шеърият.

Қошингда сиғинди юрагим,

Ҳуррият — энг гўзал бир ният.

Сен ва мен дунёнинг тизгини,

Жиловлаб бўлмайди бизларни. 

Кўрдим мен Увайсий изини

Ва кўрдим юлдузкўз юзларни.

Қўлдаги қаламим — соябон,

Жонимга қувват бер, шеъргинам. 

Елкамдан озгина суябон,

Менга бир қудрат бер, шеъргинам...

Чокидан ситилса ҳар кўнгил,

То сўнгги нафасим дер бўлсам:

Шеърият — абадий хилқатдир,

Шеър деса, шеър бўлсам...

Шер бўлсам...