“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

Шеърлар

 

Рафиқ САЙДУЛЛО

 

                   КУЗ

Шудринг — япроқларда кулгич қабариқ,

уятчанг оразда нимжон табассум.

Шўх-шодон кулгулар югурган ариқ

тин олмас бир зумга, тинолмас бир зум.

Шамол — табиатнинг муздек эсноғи

япроқни судрайди қирғоққа аста.

Уятдан алвондир япроқ яноғи;

шитирлар бемажол, шивирлар ҳаста.

 

                   * * *

Худо у, дарахтга сабр бермаган,

қадамлаб ўлчашга уринмасин деб.

Қадаб ҳам қўймаган иккита кўзни,

йўллар сароб янглиғ кўринмасин деб.

Сен эса сабрингга зўрингни бериб,

муаллақ турибсан дорхода каби.

Наҳот, Худо сени яратиб қўйди

ҳавойи каптарлар қўниб ўтгани?

 

                   * * *

Қачондир жимлигинг англаши керак

бир тутам саҳродек чўллаган кўнгил.

Қарашинг сўз бўлиб янграши керак,

ичимни ёритган нажотим — қандил!

Қачондир мен сенга етишим керак,

қачондир мен сенга етмоғим тайин.

Унгача мен сендан кетишим керак —

кетмам тараддуд-ла, кетмам атайин...

 

                   * * *

Лайлим, капалакка дўнган ҳар оҳим

ботмон қанотлари елпган ҳаёт бор.

Сенинг шивирларинг сузар теграмда,

сенинг шивирларинг... демак, нажот бор.

Лайлим, қаро сочинг ёйилган само

жилвалар сочарлар, энтиктирарлар.

"Лайлим...". Шивиримда уйғоқ сабот бор,

ки юмуқ лабингда қотган новвот бор.

Лайлим, сулувларнинг сулуви, эркам,

жунунинг-чун ҳижрон саробдир, токи

"Тирик ўлим каби теран муҳаббат"

сийлаган бир исминг айтар вафот бор.

 

                   * * *

Қоларсан юракда азал санчиқдек,

бод бўлиб қоларсан оёқларимда.

Ютиб юборилган, аччиқ булутдек

қоларсан, қафасга қамалган эркдек.

Заҳар-заққумларсиз бу дунё ўйин

бўлиб қолар эди биров айтгандек.

Қоларсан пешонам тўрларида то

абад пешонамни силаган туздек.

 

                   ЙИЛЛАР

Болахонамизнинг устунларида

турарди чангларга қоришганча, жим,

бир пайтлар кийганим — эски палтодек,

оҳори тўкилган узоқ йилларим.

Уйимиз бурчида, янги таъмирдан

чиққан уй бурчида атроф аланглаб,

чордана қурган у болахонамиз

кетибди қайгадир шу тонг, саҳарлаб...