“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

Шеърлар

 

Хонзодабегим АЪЗАМОВА

                   ШУКРОНА

Дўстим!

Шунча хушнуд кунлар кўрдик, шукур,

Кўрганимиз фақат ёруғ кунлар бўлди.

Ҳатто дардлардан ҳам топдик роҳат-ҳузур,

Қутлуғ ўтган ҳар бир кундан кўнгил тўлди.

Дўстим!

Юрдик ҳар қучоқда бахтдан сармаст,

Энг нурафшон манзилларинг бизникидир.

Чунки бу бахт, юртим, фақат мен учунмас,

Кўкси олов ҳар бир ўғил-қизникидир.

Дўстим!

Қани, қўлларингни узат менга!

Йўл солайлик бирга нурли манзил томон.

Чўққиларни кўзламайлик бизлар нега,

Болам дея қўллаб турса Ўзбекистон!

 

                   КАПАЛАК

Эшитишимча, капалаклар бор-йўғи

бир кун умр кўраркан.

Капалаклар учиб юрса боғларда,

Уларга ҳавасим келади бирам.

Ғунчага оҳиста қўнган чоғларда

Энтикиб кетади қувончдан гул ҳам.

Нақадар мафтункор, қанчалар гўзал,

Оҳиста кафтимда тутгим келади.

Оппоқ қанотингиз узра мен ҳар гал,

Нурга йўғрилган шеър битгим келади.

Эрка капалаклар, тушларимдасиз,

Қанийди, сизларга бўлолсам ҳамроҳ.

Қайгадир қочасиз ушларимда сиз,

Инсонлар меҳридан бўлмассиз огоҳ.

Хаёлларим сизга мунчалар малол,

Не қилай, орзуга кўнгил тўймайди.

Не сабаб гўзаллик мунг чалар, увол,

Тонггача қолишга ҳаёт қўймайди...

 

                   КУЛЧА НОН

Узиб олиб офтобдай нонни

Чўғлар чатнаб турган тандирдан,

Тутган каби менга осмонни

Иссиққина нон тутар дилдан...

Нонга тўлди совуттан сават,

Меҳр сиғди, қаранг, ўлчамга.

Кўзим тушди нонлар ичидан

Мўралаган ширин кулчамга...

Кўнгил сезди яна бир бора —

Онам учун гўдакман ҳануз.

Ўша-ўша патила соч қиз,

Ўша митти, ўша кулча юз...

Кулча тутди меҳрибон қўллар,

Кулча юзли қизига, аммо

Бу кулчани емоқлик энди

Менга жуда оғир муаммо.

Бу бахт. Нечун бахтни билмайин,

Ҳиди жуда ёқиб турибди...

Бироқ бу кулчадан жилмайиб

Болалигим боқиб турибди...