“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

Шеърлар

 

Зулхумор ОРИФЖОНОВА

 

                   КУЗ

Дарахтлар ортидан мўралайди куз,

Шамоллар ўйноқи сокин боғларда.

Ҳовуч дўлоналар узилмай ҳануз,

Сўнгги илинж каби ёнар шохларда.

 

Кафтни тўлдиргувчи беҳилар ҳиди,

Тутиб кетар яна тор кўчаларни.

Кузакнинг оловранг япроғимиди,

Тунлари безаган тунд токчаларни.

 

Кун бўйи офтобга юзма-юз боқиб,

Қуёш нурларидан толган дўппилар.

Тонгни кутиб яшар кўкка ўт ёқиб,

Кузги далаларда қолган дўппилар.

 

Барчаси мен кутган олтин лаҳзалар,

Бекорчи ўйларни унутмоқ чоғи.

Япроқларни қоғоз четига қадаб,

Куз суръатин чизар ўйчан нигоҳим.

 

                   * * *

Йўлларимда ёзги гуллар — оловгуллар,

Шу йўлларда юраккинам ёниб кетди.

Хаёлларим олислашган қадамларда,

Қолиб кетди...

 

Тун чизади деразамга қора сурат,

Нигоҳларим зулмат ичра тойиб борар.

Хаёл суриб турганимни кўриб қолса,

Онажоним койиб берар, койиб берар.

 

Энди орзу қилмаганим бўлсин она,

Ўйламайман энди бахтнинг қасри ҳақда.

Ахир шеърлар сира мени алдамасди,

Лекин мени адаштирди адаш тақдир.

 

Йўлларимда ёзги гуллар — оловгуллар,

Куйганмикин унинг ҳам шу гулдан қўли.

Менинг эса юрагимда қолиб кетди,

Шеърларидек оппоқ кўнгли,

Оппоқ кўнгли...