“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

Шеърлар

 

Азамат ХУДОЙБЕРГАНОВ

                   * * *

Етолмайман, биламан сенга

Кечай, десам келмайди кечгим.

Нимагадир чекким кеб кетди,

Нимагадир кеб кетди ичгим.

Телбалигим тутар гоҳида,

Йўлдан урса шайтони каззоб.

Севмайман, деб ичаман қасам

Кейин эса... чекаман азоб.

 

                   * * *

Ҳамма нарса сени эслатар,

Юлдуз кулса, қуёш жилмайса.

Ҳатто атар исмини сен, деб

Ҳар бир гиёҳ, ҳар бир гул, майса.

Лекин шуни аниқ биламан,

Юрагимга санчилган ўқсан.

Ҳамма қанча қилмасин тақлид,

Сен ягона, ўхшаши йўқсан.

 

                   * * *

Ўчоғингга ташланган ўтин

Қақнус каби қиларкан ёниш,

Сўнгги бора айлар чирсиллаб

Юракларни ўртовчи хониш.

Бир ўтин, деб қайғуришларинг,

Келтиради одам ғашини.

Сен қачон бир эшитгансан, айт

Юрагимнинг чирсиллашини?

 

                   * * *

Ёлғизгина яхши кўрганинг

Кел, бўламан, деб турса сингил.

Аҳ-ҳ, нима ҳам қила олардинг,

Бечора кўнгил..

Дардингни жим ичингга ютмоқ,

Гарчи қийин, гарчи хунук иш.

Энг ёмони хоҳламасанг-да,

Лекин кўникиш...

Начора, кўнгил,

Кўнгил!!

 

* * *

Ҳаётимиз қайғу аралаш

Қувончларга тўла лиммо-лим.

Ўтаётган ҳар бир фурсатни

Дов-дарахтлар кузатади жим.

Илдизлар заминга кишан,

Бутун умр шундай алфозда.

Баҳор, ёз, куз, қишни кутарлар

Яшил, сариқ, оппоқ либосда.