“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

шеълар

 

Юлдузой ЎРМОНОВА

         ЕР ҲАҚИДА ШЕЪР

Тоғлар само сари интилган тупроқ,

Айтолмас дардининг рўю-ростини.

Яшасак шод бўлар ҳар недан кўпроқ,

Оёқости қилмай оёқ остини.

 

У ўзидан бошқа ҳар нега малҳам,

Меҳри илоҳий бир нур-ла ўралган.

Ишқ уруғин сочган Одам Ато ҳам

Ойдан яралмаган, лойдан яралган.

 

Қуёш куйдирмаган кўксини ногоҳ,

Олов ёқса сабрим ёқар бирма-бир.

Заррадек ёриққа нигоҳ тушса гоҳ,

Юрак жимирлайди чеккандай жабр.

 

Олис йўл турибди менинг олдимда,

Илдиздан узилмай, булутлар ошай.

Бир бахт бер, Художон, сенинг олдингда

Ер юзини ерга қаратмай яшай...

 

         КАФТИНГ ТАФТИН

Кафтнинг тафтин, ернинг меҳрин туйгувчи

Қордай авайласак Ўзбекистонни.

Ўздан-да қизғониб, ёниб суйгувчи

Ёрдай авайласак Ўзбекистонни.

 

Бу замин бағрига юлдузлар бўйлар,

Мудом муҳаббатга тўлур дил уйлар,

Кўнгилда тоабад меҳрни куйлар

Тордай авайласак Ўзбекистонни.

 

Абад қалби уйғоқ ётган мардларга,

Дилларда уйилган асрий гардларга,

Юракни жизғанак қилган дардларга

Кордай авайласак Ўзбекистонни.

 

Унутилмагай ҳеч сўзларимиз ҳам,

Мангу мухрлангай изларимиз ҳам,

Кундай ёруғ бўлгай юзларимиз ҳам,

Ордай авайласак Ўзбекистонни...

 

                   * * *

Лайли ҳаргиз бир бўсага юз бермайди,

Бир бермайди, ўн бермайди, юз бермайди.

Мажнун учун ҳануз ёрнинг висоли бахт,

Минг йилдирки анинг бахти юз бермайди...