“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

Шеърлар

МУСЛИМ МУСАЛЛАМ

 

                 * * *

Мақташ осон баланд сўзларда,

Аммо ундоқ қилмасман ишон.

"Қайтиб келар мозийдан маҳзун",

Кишанланган оҳ, Дукчи Эшон.

Ёвга асир тушган жайроним,

Ўттиз йилки бутладинг синсам.

Ботиб кетган қонли қуёшим,

Усмон, билан ётган эркимсан.

Сен отаммас, сен-да онаммас,

Сен бобомдан анча юқори.

Амударё соҳилларида

Кезиб юрар жаннат баҳори.

Тушларимга санчилар баъзан,

Қодирийга отилган ҳар ўқ.

Ишончингни оқламай ватан,

Куйламоққа ҳаргиз ҳаққим йўқ.

 

                   * * *

Ҳолсизланиб йиқилди бирдан,

Япроқларга юрди қизил қон.

Август, кеча ёққан ёмғирда,

Ҳаққа жонин берди саратон.

Шунданмикин боғлар бир хазин,

Шунданмикин боғлар бир ғариб,

Бу боғларга қаранг, Азизим,

Гўё бир куй кетган тарқалиб.

Қушлар ўзин кўкка урган чоғ,

Кечган йиллар дилга ўт қалар.

Ўтаётган вақт эмас йўқ-йўқ,

Ўтаётган фақат турналар.

 

                   * * *

Эрта индин қайтиб келар куз,

Эрта индин дарахтлар оғрир.

Шамол йиғлаб кетаётган қиз,

Юзларига томчилар ёмғир.

Ярим тунда уйғонган чўчиб.

Кўксин қўрқув юваётгандай.

Қушлар олис кетмоқда учиб,

Худди боғлар қуваётгандай.

Уфққача чўзилган бу йўл,

Уфққача чўзилган ғамлар.

Куз боғларда ёлғиз қолган гул,

Куз боғларга сочилган ранглар.

Тўкилётган япроқлар юпун,

Яросига сепган каби туз.

Умримизни англатмоқ учун

Эрта индин қайтиб келар куз.

 

                   * * *

Болам ,сенга ҳаво келтирдим,

0ғир — оғир чиқарасан сас.

Дунё эмас, даво келтирдим,

Болам, тўйиб сен олгин нафас.

Сўраб келдим очилган гулдан,

Қўлларингни кўзимга сурдим.

Осмонўпар баланд тоғлардан,

Бир кафт ҳаво ахтариб юрдим.

Ачинмагин умримга болам,

Гарчанд маним жоним талошли.

Болиш бўлсин икки қон елкам,

Сенинг эртанг бўлсин қуёшли.