“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

Шеърлар

Гулрух ХУДОЁРОВА

                   * * *

Йиғламанг демангиз, қўйинг, йиғласин,

Сиз эса кўзёшин артингиз фақат.

Аёл кўзёш тўкиб турган чоғларда

Энг буюк ишларга топади қудрат.

Йиғламанг демангиз, қўйинг, йиғласин,

Ахир кўзёшларда қанча ҳаё бор.

Аёли йиғлашни билмаган элнинг

Шаъни йўқ. Миллатман дегани бекор.

Йиғламанг демангиз, қўйинг, йиғласин,

Кўзёш тўка билган аёллар — ботир.

Аёллари орсиз бўлган миллатда,

Ори баланд эрлар ўсмайди, ахир.

Йиғламанг демангиз, қўйинг, йиғласин,

Ожизлиги ҳусн қўшсин ҳуснига.

Дийдаси қотмасин, қалби қотмасин,

Суяниб бош қўйсин ёрин кўксига.

Йиғламанг демангиз, қўйинг, йиғласин,

Ва лекин ич-ичдан чекмасин фарёд.

Аёл йўқотмасин нафосат ҳиссин,

Аёл — аёл бўлиб қолсин умрбод.

 

                   * * *

Шивирлар дарахтнинг яшил тиллари,

Баъзан япроқлардай тўкилгай дилим.

Ҳориб ястанади қишлоқ йўллари —

О, менинг Худога чўзилган қўлим.

О, олис йўлларнинг таниш ғубори,

Сизга юз босмасам ҳаётим бекор.

Боқсам кўйлаклари ялтироқларнинг

Худди юрагини босгандай ғубор.

Ахир у ёқларда кўз очар бирга,

Ёстиғим четида мудраган саҳар.

Ёпиқ деразалар, ёпиқ эшиклар,

Оқ тонгни хонамга қўймайди шаҳар.

Қанча йиғлаганман ўзимга аён,

Баъзан қирғоғидан тошгандай денгиз.

Мен кетсам, суйганлар, этманг ғалаён,

Сиз ахир ўшанда қайда эдингиз?!

Кўрдим. Баландларнинг дили пойгакда,

Бугун баландлардан толаётирман.

Эски қишлоғимга янги кўйлакда,

Эски қалбим билан бораётирман.

 

                   * * *

Бунчалар кўнглимга қарайсан, дада,

Менга сарф этасан топганларингни.

Аммо сенга қандай айтаман, билмам,

Юрагимнинг ғамга чўкканларини.

Бунчалар кўнглимга қарайсан, она,

Бошини силайсан бебош қизингни.

Олис суратларда кўрдим бир сулув,

Ўша сен эдингми, ўша ўзингми?!

Бунчалар кўнглимга қарайсан, дада,

(Бир пайтлар чарчашни билмасдинг гўё)

Енгил шеърим, оғир китоблар билан

Мен сени ҳоритиб қўйдиммикан ё.

Бунчалар кўнглимга қарайсан, она,

Қачон бахт кўргансан, шодлик кўргансан?

Дунёда бахтни ҳеч кўрмасдан туриб,

Бахт ҳақида эртак сўйлаб бергансан.

Ишонгин, мен бундай кетмайман ўтиб,

Унгача кечиргин отажон, онам.

Бир куни кўнглимни тамом унутиб,

Фарзандимга эртак айтаман мен ҳам.