“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

Шеърлар

 

Алишер МУкимов                       

МЕНИ СЕВМА

Мени тарк айлаган омад, мени севма, мени севма,

На тузук иш, на даромад, мени севма, мени севма.

 

Сира раҳм этмаки, ҳамдард керакмас, юрагимнинг

Йўқ эрур заxмига сарҳад, мени севма, мени севма.

 

Тили бурро кишиларнинг иши битмоқда жаҳонда,

Менга бегона xушомад, мени севма, мени севма.

 

Кишининг бўлмаса бошида паноҳи бўлади xор,

Ўлади қалбида мақсад, мени севма, мени севма.

 

Ёпилар баxт жамоли, аламу ғусса ниҳоли

Юрагингда кўтарар қад, мени севма, мени севма.

 

Келажакда сени шаҳзода кутар — бой, келишган,

Бўласан баxтли беҳад, мени севма, мени севма.

 

Мени кутмоқда ҳали қанча жафоси бу фалакнинг,

Сени имкон тўла маснад, мени севма, мени севма.

 

                   ТАРОНА

Юракда сенга xона келтирдим,

Паёми ошиқона келтирдим.

Унут деб эски ғамни, янги шеър

Ва тоза, тар тарона келтирдим.

Назар алайки бирла шод эт бир,

Саломи шоирона келтирдим.

Дил узгин энди Қайсу Лайлидан,

Замонавий фасона келтирдим.

Унутма, ёр, такягоҳинг бор,

Бошингни қўйки, шона келтирдим.

Юзингни бир кўриш учун, билсанг,

Ғазалда минг баҳона келтирдим.

 

                   ҚАЛБ КЎЗГУСИ

Кўзларинг, қачон боқсам, менга севгидан сўзлар,

Не десанг дегин, лекин алдамайдилар кўзлар.

Гуллаган бугун қайта сен-ла орзум шохи,

Шукрким, кўнгил боғин тарк айлаган кузлар.

Ухлар осмон, аммо мен ва кўзларинг бедор,

То саҳар улар маҳзун тунларимда юлдузлар.

Ташлабон назар ҳар дам кўк аро булутларга,

Кўзларим билан чизгум юзларингни кундузлар.

Келганинг учун раҳмат, эй нажот хуршиди,

Парчаланди тафтингдан дилни қамраган музлар.

Дейсан, ишқ афсона, қалбимизга бегона,

Не десанг дегин, лекин алдамайдилар кўзлар.

 

                   ҲАМИША

Нетай, севги бўлди азобим ҳамиша,

Фиғонким, сароб интиxобим ҳамиша.

Кемирмоқда ҳижрон, семирмоқда армон,

Гирифтор қалби xаробим ҳамиша.

Қўлингдан тутарман, тутарман гул унга,

Вале бесамар бор шитобим ҳамиша.

Олиб қочма мендан кўзингни, азизам,

Нигоҳинг — умид офтобим ҳамиша.

"Гўзаллик надур", деб сўрайсан, билиб қўй —

Ғаминг энг гўзал изтиробим ҳамиша.

"Ишонса бўларму муҳаббатга", дейсан,

Кўзимда аёндир жавобим ҳамиша.

Кулиб, "севги бегона, — дейсан, — дилимга",

Ва лекин қўлингда китобим ҳамиша.