“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

Шеърлар

Меҳриноз Аббосова,

Зулфия мукофоти совриндори, “Шуҳрат” медали соҳиби

                   ТАСКИН

Яхшиям, осмондан баланд ҳислар бор,

Яхшиям ёмғир бор, яхшиям кўз ёш.

Дардимни бировга қилмадим ошкор,

Йиғлаганимни ҳеч кўрдингми қуёш?!

 

Бари ҳаддан зиёд яхшидек гўё,

Чўкдим, бахт аталмиш денгиз қарига.

Энди хурсандмисан, азизим дунё,

Жавоб тополмадим саволларимга.

 

Ҳаёт бошдан оёқ ўхшар сўроққа,

На олим, на шоир топди жавобни.

Ҳар тонг юрагимни кўчирдим оққа,

Баъзан нон ўрнида едим китобни.

 

Аммо ҳеч ўзимдан бўлмадим хурсанд,

Ўзимнинг дилимга кўп берди озор.

Яхшиям, ҳислар бор — осмондан баланд,

Яхшиям, дунёдан катта дардлар бор.

 

                   ВАҚТ ВА МЕН

Қанча дақиқанинг бошига етдим,

Айбсиз лаҳзаларни ўлдирдим қасддан.

Неча оқ кунларим ҳавога кетди,

Вақтни қатл қилдим билиб-билмасдан.

 

Қайтадан тирилиб келаверди у,

Курашга тўймадик кўп чўзилди жанг.

Бир чўчиб тушаман, босади қўрқув,

Соат чинқирганда, чалинганда занг.

 

Мени таъқиб қилар, тинч қўймас сира,

Кўзи очиқ кетган сонияларим.

Бевақт дафн этилган гўдак онлар ва

Яшашни уддалай олмаган умрим..

 

То оғриб тураркан виждон дегани,

Мен туғмаган сўзлар ёқамдан олар.

Ҳеч хавотир олманг, вақт жаноблари,

Ортимда курашчан шеърларим қолар!

 

         МЕН — СЕН

Мен ҳалиям орзупарастман,

Мен ҳалиям хаёлга банди.

Бир кун келиб худди ўзингни

Кўраман деб ўйламагандим.

 

Менга бундан ортиғи ортиқ,

Ҳузурингда карахтман, карахт.

Сен — мен учун даҳшатли шодлик,

Сен — мен учун қўрқинчли бахт.

 

         КЎЗИНГИЗНИ ЮМИБ ТУРИНГ

Йўлларингиз барно-барно гулга тўлган,

Менинг эса кўксим тўлган ишққа, рашкка.

Сизга тўйиб термулмоқчи бўламан-у,

Юрак қурғур бетламайди тик қарашга.

 

Бир лаҳзага тўхтаб қолсин нафасимиз,

Изҳорларни дилингизга кўмиб туринг.

Мен минг йиллар орзу қилган юзингизга

Қараб олай, кўзингизни юмиб туринг.