“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

ШАМ ОЛЛАРДАН ОРТДА ҚОЛМАГИН

Дилрабо НОРҚУЛОВА,

Зулфия номидаги давлат мукофоти совриндори.

ШАМ ОЛЛАРДАН ОРТДА ҚОЛМАГИН

                   УЙҒОНСИН

Майсалар уйғонди, кўз очди гуллар,

Уйғонди суманбар, сарву сунбуллар.

Юраклар уйғонсин, диллар кўнгиллар,

Эртакларда қолган алплар уйғонсин,

Тафаккур уйғонсин, қалблар уйғонсин.

 

Гул термоқ бошқаю юлмоқ бошқадир,

Ғофиллар бошқаю гумроҳ бошқадир,

Уйғоқлар ўзгадир, огоҳ бошқадир,

Юракда ҳақ деган зарблар уйғонсин,

Тафаккур уйғонсин, қалблар уйғонсин.

 

Маккор замона бу, доғули дунё,

Ярми асал, ярми оғули дунё,

Ярми сиртлон, ярми оҳули дунё,

Меҳру шафқат деган тафтлар уйғонсин,

Тафаккур уйғонсин, қалблар уйғонсин.

 

Даҳоларинг уйғоқ, Темуринг уйғоқ,

Жайҳун ортларида Бобуринг уйғоқ,

Исломинг уйғоқдир, ғуруринг байроқ,

Энди келаётган сафлар уйғонсин,

Тафаккур уйғонсин, қалблар уйғонсин.

 

         ҚАЛАМГА

Пешонаси қора тойчоғим,

Оқ майдонда асло толмагин!

Чавандоздир сенга бармоғим,

Шамоллардан ортда қолмагин.

 

Ибрат олсин қадами сустлар,

Ўт чақнаган ўжар шаҳдингдан

Кўнгилларда тош қотган музлар

Эриб кетсин қайноқ тафтингдан.

 

Қанот ёзсанг майдонда, асли

Тенг келолмас сенга Бойчибор.

Авж олганда хачирлар баҳси,

Сукут сақла, майли, улуғвор.

 

Кетдик ҳеч от қадам солмаган

Кўкдан олис манзилни кўзлаб.

Ҳеч ким ҳали ета олмаган

Илҳомпари юртини излаб.

 

Аҳд айласак иккимиз бирга

Ул парини олиб қайтармиз.

Гулхан ёқиб лоладан қирга,

Энг ёқимли ўлан айтармиз

 

         ЧОҒИДИР

Тингланг, ҳикмат сўйлаётган

Азим чинор япроғидир.

Мозийлардан садо берган,

Тўлқин — тўлқин титроғидир,

Бу Темурбек туғёнидир,

Темур Маликнинг оҳидир,

Тўмариснинг сўроғидир

Ҳам Широқнинг нигоҳидир,

Белни боғлаш чоғидир бу,

Ўзни чоғлаш чоғидир!

 

Кўкка боқсанг Бибихоним

Суврати кўз олдида,

Ерга боқсанг Ялангтўшнинг

Турбати кўз олдида,

Кунга боқсанг бобурийнинг

Шиддати кўз олдида,

Сенга куч берган боболар

Хокию тупроғидир,

Белни боғлаш чоғидир бу,

Ўзни чоғлаш чоғидир!

 

Давраларнинг тўри сенга

Мунтазир, сен ҳақлисан,

Оллоҳимнинг суюгисан,

Авлиёлар аҳлисан,

Бахтли бўлсанг бир бўлиб,

Якдил бўлиб сўнг бахтлисан,

Улуғ зот байроғидир бу,

Орият белбоғидир,

Белни боғлаш чоғидир бу,

Ўзни чоғлаш чоғидир!

 

         ВАТАНИМ

Тупроғинг кўзимга тўтиё,

Табаррук, муқаддас масканим.

Бир тараф Оврўпа, Осиё,

Сен фақат тенги йўқ чаманим.

Сен фақат жонимга жон маним,

Ватаним, Ватаним.

 

Ўтдилар залворли карвонлар,

Манзилу макони армонлар.

Келди-ку шундайин замонлар —

Қўл чўзсам етгудек осмонлар.

Йўлчи юлдузимсан сан маним,

Ватаним, Ватаним.

 

Оқади оққан бу дарёлар,

Сув йўлин тўсолмас риёлар.

Дунёни қопламас рўёлар,

Уйғоқдир авлиё даҳолар.

Ҳамиша ғолибимсан маним,

Ватаним, Ватаним.

 

Яратган ягона фалакда,

Ватаним танҳосан юракда.

Орзуда, умидда, тилакда,

Ватан, ягонасан юракда!

 

ОНАМГА МАКТУБ

Меҳр — кўзда, дейдилар,

Сеҳр — сўзда, дейдилар.

Меҳри суйган юракни

Парча муз-да дейдилар.

 

Ўзим узоқдаман-у,

Кўнглим сизда онажон.

Сиздан бошқа яқин йўқ

Шоир қизда, онажон.

 

Қишлоғим кўз олдимда,

Сиз борсиз — дўст олдимда.

Нима қилай, шу… шеърга

Сал боғланиб қолдим-да.

 

Сал эркароқ ўстирган

Ўзингиз-ку онажон.

Менда завқлар уйғотган

Сўзингиз-ку онажон.

 

Қия-қия далалар,

Қирмиз-қирмиз лолалар.

Гул отгану гап отган

Қиякўзли болалар.

 

Деҳқон болаларига

Тўрт фасл — иш онажон.

Менинг ишим — гап сотиш

Ва соғиниш, онажон.

 

Нақадар хуш — ер ҳиди,

Хирмон ҳиди, тер ҳиди.

Гоҳо нафасим бўғар

Енгил-арзон шеър ҳиди.

 

Дилда кундан кун юртнинг

Қадри ортар, онажон.

Куйламасам кўнгилнинг

Дарди ортар, онажон.

 

Ишдан қайтади дадам,

Уйда кичкина байрам.

Бундан ортиқ бахт борми —

Оиламиз жамулжам.

 

Мен ҳам ўша кунларни

Кўп қўмсайман, онажон.

Бахт-орзуни бир жойда

Кўрсам дейман, онажон.

 

Олма пишгунича то,

Сакраб тушгунича то,

Бу томонда, Тошкентда

Қанча турланар дунё.

 

Шаҳарда вақт чопағон

Тойга ўхшар, онажон.

Олмафуруш ҳам катта

Бойга ўхшар, онажон.

 

Зорланиш бу — хорланиш,

Хорланиш — абгорланиш.

Изла, дейсиз яхшилик,

Яхшилар билан таниш.

 

Ёмонларга юзимни

Ёпиб олдим, онажон.

Мен Пойтахтда ўзимни

Топиб олдим, онажон.