“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

Баҳодир деб кўрсатсинлар, бас...

Баҳодир БАҲРОМ

Баҳодир деб кўрсатсинлар, бас...

1990 йил 11 июлда Қашқадарё вилояти Китоб тумани Палангдара қишлоғида туғилган. 2006-2010 йилларда ЎзМУ журналистика факультетида таҳсил олган. "Энг сулув армон", "Ўттизинчи февраль" номли шеърий китоблари чоп этилган.

                   * * *

Бўронли кечадай руҳим безовта,

Қалб сокин бамисли қор тўккан фалак.

Бошга ўтган кунлар қўнди қировдай,

Юзгинам, биринчи ажин муборак.

Қарийб чорак аср яшаб қўйдим мен,

Олма ё зардоли умрича фурсат.

Дарахтчалик фойда бермадим, лекин,

Тангрим ўтинаман, тўғри йўл кўрсат.

Барини ёшликка йўйиб қўйдим мен,

Майсалардек интиқ яшадим нурга.

Севдиму оташин бўсалар таъмин

Олиб киролмадим шеъру шуурга.

Ё Оллоҳ, шу дамда бир қудрат бергин,

Ошиқлар дардини куйлайин эркин.

Қанийди, юрагим этолсам фориғ

Бир дард деб бўлмасди бунча девона.

Шаҳар кўчасини кезиб юрар руҳ —

Етти қат осмону ерга бегона.

Йўллар тугамайди, тугаб борар вақт,

Лаҳзалар пойида уваланар жон.

Тушларимда имлаб чорлайди ҳар вақт,

Битта парисиймо, бир офатижон.

Манқалда қолгандай куймоқда бағир,

Биргина у билан бутдир табиат.

Қачондир учрашмоқ умиди ахир,

Сўнмас, яшамоққа ундайди фақат.

Ҳамон севишимни билгувчи бир сен,

Айтмоққа куч бергин, тил-забон бергин.

Гарчи бахтим бутун, қуёш кўрмаган

Олис шимолда ҳам унган мисол гул.

Йилт этган ёғдуга ташна каби тан,

Ортдаги чечакка чўзаяпман қўл.

Йиллар чархпалаги айланган сайин,

Гоҳо кўникмоқни истади бағир.

Ҳижрон ҳам севгининг меваси тайин,

Кўникмоқ унутмоқ эмас-ку, ахир.

Зулукдай сўрмоқда ақлим, идроким,

Таскинсиз дард каби тўлғонган соғинч.

Юрагимда севги бор экан токим,

Уни қўмсагайдир, ургайдир нотинч.

Ё Оллоҳ, тарқалсин руҳимдан ғубор,

Уни менга ата, у томон юбор.

Мавжланиб кўнглимнинг соҳилларида,

Дардимга марварид қўшгандир ҳаёт.

Яшайди у қизнинг кокилларида,

Ҳали мен ёзмаган минг битта баёт.

Тушда кипригига жонимни осиб,

Қайтаргум чин ошиқ калимасини.

Сочини юзимга, лабимга босиб,

Ўқийман дилимнинг таржимасини.

Аммо ноаёндир у қизнинг туши,

Ҳали ҳам севарми, умидми висол?

Билмайман, ёнига пир этиб тушиб

Яна учиб кетган бир қушча мисол.

Ё Оллоҳ, барини қайта бошлагин,

Икки оташни бир қўрга ташлагин.

Эриб бораяпман, сувдай оқяпман,

Қуласа ҳам мағрур қулармиш шамшод.

Тангрим, севмоқликни этмагансан маън,

Тангрим, ёнсам ёнай, бермагин имдод.

Уфққа қўшилиб бораркан олов,

Ана, Баҳодир деб кўрсатсинлар, бас.

Ажабмас, ер узра олганча қалов,

Бўй чўзса, яна бир олов шу нафас.

Бу ишққа тўй лозим ва ёки мотам?

Билганим, неча минг асрлар ўтиб,

Сайёралар аро мажлис бўлган дам,

Ер борар иккита машъала тутиб.

Шукримни қабул эт, бор саждам сенга,

Сийладинг, ўлмас бир ишқ бериб менга.    ҲАЛОВАТ

Дилда ҳоким бир ғашлик,

Этай кимга ҳавола.

На китоблик, на шошлик

Аросатда наволар.

Дилдаги андуҳимни,

Май каби симирсамми?

Беҳаловат руҳимни,

Ниначига берсамми?

Гуллар тутса тўрт фасл,

Баҳорга кўмилсамми?

Яшолмайман бу зайил

Анҳорда чўмилсамми?

Кетсаммикан тоғларга,

Чўчитсамми ҳайқириб.

Кўксим — ер туёқларга,

Отлар чопар айқириб.

Ғуборим тўкиларми,

Қамиш бўлсам сойларга?

Ҳаловат топиларми

Бағрим тўлса ойларга?

Қиличдай ялтираган,

Кескир кунлар ҳаққига.

Япроқдай қалтираган

Вужуд ўлгур ҳақига

Ҳайқириб бир кулайми,

Йиғлайинми жим, сокин.

Йўнилмаган бир найни

Чалмоқчидайман токи...

Хуллас, яшамоқчиман,

Тупроқ билан сирлашиб.

Буюк-буюк даҳолар

Хоки билан бирлашиб.

 

         ҚАМИШЛАР

Дунёсида турфа хил ишлар,

Кўйлак қилиб кийган гардини.

Найга айланмаган қамишлар

Зовурларга сўйлар дардини.

>

 

Инглиз тилидан Шаҳноза РАҲМОНОВА таржимаси