“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

Сен сингилларимнинг кўнглида тумор

Шавкат ДЎСТМУҲАММАД

1996 йилда Сурхондарё вилоятининг Қумқўрғон туманида туғилган. Ҳозирда Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтининг Кино, телевидение ва радио санъати факультети талабаси.

 

Сен сингилларимнинг кўнглида тумор

ВАТАН ҲАҚИДА ИЛК ШЕЪР

Қумқўрғон — ўсмирнинг ўйидай кенглик,

Нуроний тоғларнинг бошида салла.

Бағрингга набиранг соғиниб келди -

«Янгиобод» маҳалла!

 

Қумқўрғон — қулоққа киргани бекор,

Ҳатто кўрганда ҳам англаган борми?

Трактор далада чизган тўрт қатор

Хиргойини тинглаган борми?

 

Қумқўрғон — урчуғи толмас кайвони,

Дунёни бир шаҳар ичра ким кўрган?

Ахир қанча одам жами дунёни

Сендан иборат деб ўйлар — Қумқўрғон!

 

Қумқўрғон!

Дадамнинг бўз ердан очган боғисан,

Аямнинг интизор жуфт қабоғисан,

Сен сингилларимнинг кўнглида тумор,

Сен сингилларимнинг кўзмунчоғисан!

 

... Кўкни тешиб ўтган дуволлар ичра

Кезинар сирларга кўмилган диллар.

Бирдан кенгликларни қумсайди барча,

Бирдан кенгликларни истар кўнгиллар.

 

Аксу садоларки сотар бирма-бир -

Дуволга сир берсанг юрак сирингни.

Юрти-им, деб ҳайқиргин,

Вата-ан деб ҳайқир,

Кенгликлар асрайди ҳайқириғингни.

 

Қумқўрғон!

Сахийлар кўнглидай бепоён даштсан,

Минглаб ҳайқириққа якка сирдошсан.

Сен менга энг яқин дўсту биродар,

Сен менга энг яқин қон-қариндошсан!

 

Қумқўрғон!

Ортимдан термилган кекса тоғимсан,

Зувалам қорилган оқ тупроғимсан.

Сен Ватан ҳақида англаган сирим,

Сен Ватан ҳақдаги илк сабоғимсан!

Сен Ватан ҳақдаги илк сабоғимсан -

Қумқўрғон!

 

* * *

Куз баргидай сарғайган ғижим

хотирангдан излаяпсанми?

Нигоҳ сўзлашганда тиллар жим,

мени эслаяпсанми?

 

Куз ёмғири кипригинг оша

титрашини сезмаяпсанми?

Ҳа, ҳа, худди... мен худди ўша,

мени эслаяпсанми?

 

Ёмғир сенинг қалбингга ёғиб,

кўзингдан сел бўлишга тайёр.

Менинг кўзим ёшларин йиғиб

босиб қолган қор.

 

Яна дийдор истаяпсанми?

Сен висолга қилмагансан қунт.

Мени э-энди эслаяпсанми?

Қўй, энди унут...

 

ТОМОШАБИН ДАСТХАТИ

Сени кузатишар олди қаторда,

Ҳаёт саҳна каби айланар бот-бот.

Минг-минг қарсак билан тушувчи парда

Умрнинг ўткинчилигига исбот.

 

Томоша бошланган.

Танлаб йўлингни -

Саҳнага биринчи қадамни қўйдинг.

Парда тушгунгача, дўстим, ролингни -

Ижро эт ва олқишга улгуриб қўйгин.

 

БАҲОР

Баҳор — табассум билан

ширин сўзга ўхшайди.

Баҳор — гулчамбар таққан

сулув қизга ўхшайди.

 

Баҳор — ширмой нон билан

кулчалардек ёқимли.

Ҳали кулча ёпмаган

қўлчалардек ёқимли.

 

Йилнинг қорнида тўлиб

кейин дунёга келар.

Баҳор биринчи бўлиб

Сурхондарёга келар.

 

Қутлуғ келиб қадами

қишни гулга белайди.

Сурхондарё бодоми

декабрда гуллайди.

 

Кўкламой ёриб чиққан

оппоқ тухум муз асли.

Баҳор — сочпопук таққан

кулгичи бор қиз асли.