“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

ШЕЪРЛАР

Шавкат ЖЎРАБЕК

* * *

Жимлик ютди сокин садоларимни,

Не-не хотиралар бўлганда унут.

Кун-кеча барқ урган хаёлларимнинг

Нурли сиймосини қопламиш булут.

 

Сизни деб қайдадир ўртанар бир жон,

Кузги боғлар ичра кезар бир нафас.

Қайғуларим бўлди менга қадрдон,

Фақат, кулгуларим ўзимникимас.

 

Сиз хаёлсиз, кўкка элтар роҳингиз,

Рўёлар йўл олмас йўқликка томон.

Фақат, хаёлимда қолди ёдингиз,

Ёрсиз юрагимда қолдириб фиғон.

 

Шунчаки, сиз кўнгил бера олмайсиз,

Шунчаки, мен кўнгил уза олмайман.

Сизни севганимдек сева олмайсиз,

Сизчалик мен сизни унутолмайман...

 

ШОИР

 

Сўзи битта бўлар, у ҳам бўлса — Ишқ!..

Ғойибдан келади ваҳий садолар.

Оллоҳ нури унга адо бўлмас ризқ,

Сочин оқартирар кўнгли қаролар.

 

Бу дунё ёдидан кетганда чиқиб,

Ёрилмас тошларга дардин ёради.

Бир куни энг гўзал сўзларни йиғиб,

Онасин қабрига бошлаб боради.

 

Хаёли тарқалар олти томонга,

Аммо, бир нуқтага тикар у кўзни.

Гоҳ Сўзнинг ортидан чиқар осмонга,

Осмонга кўтарар гоҳида Сўзни.

 

Ақлу хаёлотнинг сарҳадларидан

Тиним билмай ўтар у кўрган кунлар.

Кўнгил кипригининг қаватларида

Ёнган қора чўғдан исинар тунлар.

 

Бу дунёда гарчи кўнгли тўлмайди,

Дунёни тўлдирар ундан наволар.

Шоир туғилади...

Шоир ўлмайди...

Ахир, икки дунё унга — баробар!..

САФАР

Хаёлимга йўл олдим бу кеч,

Зулмат аро туртиниб бир-бир:

Ахтарганин тополмасдан ҳеч,

Унда ғавғо айларди кимдир.

 

Кўнгил томон йўлимни бурдим,

Қачонлардир озод яйрарди:

Бир чеккада лол қараб турдим,

Аллакимлар овлаб, аврарди.

 

Ақлим мени қилмади писанд,

Куни-кеча йўлим етганди:

Оламшумул юмуш билан банд,

Унда гумон ғовлаб кетганди.

 

Илк бор йўл олдим юракка,

Оқибатда кўрдим хўрликни:

Турар эди бир ўзи якка,

Йўқламабди ҳеч ким шўрликни...

 

Ўтирибман мадорим қуриб,

Қайтолмайман энди изимга.

Ўттиз йилдан ортиқ йўл юриб,

Етолмадим болалигимга.

 

* * *

Бола эдик. Қуроллар ясаб,

Қушларга тош отар эдик гоҳ.

Бизлар кўплаб ўлжа топардик,

Тополмасди қушчалар паноҳ.

 

Кўнгил бермас эди алдашга,

Бўлишганда тушган ўлжани.

Ақлимиз бор эди — англашга,

Кўзимиз бор эди — кўргани...

 

Сўнг тарқалдик бизлар ҳар ёнга,

Нетай, тақдир ҳукмига кўндим.

Букун ётар беланиб қонга,

Тош теккан қуш мисоли кўнглим.

 

Букун англар менинг ҳолимни,

Кўнгил олиб, кўнгил берганлар.

Ўққа тутгай ёлғиз жонимни...

Шафқатсизроқ чиқди мерганлар.

 

Хаёлим ҳам ўлда-жўлдадир,

Сўз демоққа тил қисиқ бу дам.

Букун энди менга ўлжадир

Орттирганим — қанча дард-алам.

 

Билдим, ақлим кеч кирди, бироқ,

Минг шукурким, кам-у кўстим йўқ.

Қаҳридан-да меҳри қаттиқроқ

Яратгандан бўлак дўстим йўқ.

 

ДЕРАЗА ВА ҚИЗ

Дераза ёнида қизалоқ,

Кўйлаги шоҳидан менимча.

Сочлари саркашдир, қўнғироқ,

Белида белбоғи тугунча.

 

Дераза ёнида қизалоқ,

Акс этар адоқсиз жилвалар.

Бу нурлар янада майинроқ,

Қизчанинг юзида сирғалар.

 

Дераза ёнида қизалоқ,

Ё жажжи фаришта, ё оққуш.

Хушсурат, кўнгилга яқинроқ,

Кўрганим ўнгмиди ёки туш?

 

Дераза ёнида қизалоқ,

Кимнингдир қароғи, гавҳари.

Менга не ишқ бердинг, эй Оллоҳ,

Бу кимнинг энг буюк асари?

 

Дераза ёнида қизалоқ...