“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

ШЕЪРЛАР

Алибек АНВАРИЙ

* * *

Қоғоз чорлар. Қочиб юрибман,

«Бир кел», дея ўтинар қалам.

Ингранар шеър! Билиб турибман,

Заррача йўқ, ҳозир ҳафсалам.

 

 

Юрак: «Қайт» деб урар бетиним,

Оёқларим тортмас олдинга.

Руҳим учиб кетди севгилим,

Учиб кетди... сенинг олдингга!

 

Ингранар шеър! Сездим «оҳ»ини,

Ҳузуримда ёлворар қалам.

Бир лаҳзага қайтар руҳимни,

Шеърни ёзиб олай, жонгинам.

ОТАМГА ХАТ

Қаламга узалсам, музлар шуурим,

Айтишга айтолмам, ёзиш ҳам мушкул.

Ота, айта олмай ўтяпти умрим,

Сукунат тилимни суғурди буткул…

 

Оламнинг сирлари очилган кеча,

Кўнгиллар сел бўлиб ҳўнграган маҳал.

Сўзлашга ошиқдим, ёлбордим неча...

Оҳ, айта олмадим, кечиринг, ҳар гал.

Сотқин кўзёшларга йўлиқдим, лим-лим,

Гоҳида Шимолман, гоҳо Жанубман.

Ўзимнинг олдимда бўлмадим таслим,

Кўнглимнинг қошида ҳамон мағлубман.

 

Биламан, бу сукут ҳеч қачон тинмас,

Биламан, журъатнинг ожизлигини.

Биламан, ботинда биров бўйсунмас —

Ҳар қандай тараддуд бежизлигини!

 

Ота, айта олмай ўтарман, аниқ

(Умримга татирлик армон ҳам тайёр).

Чил-чил этсам ҳамки кўнглимни синиқ,

Мен ҳамон мағлубман, у ҳамон ағёр.

 

Сирпаниб яшашнинг кадарлари мўл,

Ҳаётдан ўргандим. Бу — тош! Бу — тойиш!

Ота, тошлардан ҳам борми бошқа йўл,

Ота, бу қандай йўл, бу қандай ройиш?..

 

Бийрон ўғлингизнинг гунгдир забони,

Сўз тугул, нафасим чиқмас ўпкадан.

Наҳот қучолмайман, ахир, осмонни

Илк бора яқинроқ кўрган елкадан?

 

Ота, сиз кетяпсиз... ортдаман мен ҳам,

Мен ҳам у йўллардан қайта олмайман!

Руҳимни журъатга чорлайман шу дам:

«Отажон, мен сизни...» Айта олмайман!..

 

Изтироб қалбимни қучар доимо,

Армонлар ханжари кесар тушимни.

Айтолмайман, сизни ҳаммадан, ҳатто...

Онамдан ҳам кўпроқ соғинишимни!

* * *

Ҳаво, сени сарсон қиляпман,

бекорга тортиб.

Кўнгил, сени бежон қиляпман,

армонлар ортиб.

 

Толе, ҳурсан, энди учавер,

ана кенг осмон.

Тақдир, мендан кечсанг кечавер,

у ёғи осон…

 

Севги, сенинг роҳинг — айрилиқ,

кўзимни тўлдир...

Соғинч, қилгин бир бор яхшилик:

ўзингни ўлдир!