“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

КОВАКЛАРДА ҚОЛМАС ОЙ НУРИ

Ёднома

КОВАКЛАРДА ҚОЛМАС ОЙ НУРИ

“Ғалаба учун” газетасининг бўлим мудири, “Муштум” журналининг штатсиз мухбири Зойир Мамажоновнинг “ақлини пешлаб қўйиш” учун казо-казолар бор имкониятларидан фойдаланди. Шу имкониятлар туфайли у 23 ой ҳибсда ётди. Уни қамоқдан қайтган куни кўргани бордим. Роса озиб тўзиганди, аммо кўзларидан ҳамон ўт чақнар, у руҳан енгилмаганди.

Шундай кунларнинг бирида ундан ҳол-аҳвол сўраш учун “Турналар учади”, “Олис қирлар ортида”, “Пайғамбар ороли” ва “Айришох” каби машҳур бир биридан гўзал китоблар муаллифи Менгзиё Сафаров менга Термиздан телефон қилиб қолди:

– Тоштемиржон, Зойирдан бир аҳволлашмоқчийдим, эртага Деновга ўтмоқчиман, вақтингиз қандай?

Мана, Зойиржоннинг уйида ўтирибмиз.

– Энди нима қилмоқчисан, – деб сўради Зойирдан ёзувчи Менгзиё Сафаров.

– Мен газетада, хусусан? “Ғалаба учун”да ишлайман, ишлашим керак ва бу шарт. Қандай қилиб бўлса ҳам.

– Бу қийин, жуда-жуда қийин, ука, – деди ёзувчи. – Сен судлангансан. Истайсанми-йўқми, жиноячисан, башарти ҳақлигинг­ни исботласанг, ҳатто нотўғри қамалганингни далиллай олсанг, унда бошқа гап. Шунинг учун менда шундай бир таклиф бор. Сен мен бошқариб турган Республика Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлимида ишлаб тур. Бу ерда ташвиқот ва тарғибот штати уч ойдан бери бўш турибди. Сиз шунга нима дейсиз, Тоштемиржон? – дея менга юзланди Менг­зиё Сафаров.

Зойир ўйлай-ўйлай шундай деди:

– Бунчалар зўрсиз-а, Менгзиё ака, ўзимнинг акам, акагинам. Гап иш топганимда эмас, икковингизнинг меҳрингиздан юрагим ийиб-­ийиб, жимирлаб кетяпти.

У ишга жон-жаҳди билан киришиб кетди. Энди Тошкентдан Сурхондарёга келган машҳур шоир ва ёзувчилар билан ишларди. Зойиржон шу пайтлари Одил Ёқубов, Асқад Мухтор, Пиримқул Қодиров, Абдулла Орипов, Эркин Воҳидовлар билан танишди. Уларни вилоятимиздаги хўжалик­ларга, корхоналарга олиб чиқди. Ўзи ҳам бадиий ижодга меҳр қў­йиб ҳикоялар машқ қила бошлади.

Илк ҳикояси – “Муюлишдаги эшик” 1987 йили эълон қилинган ҳикоялар ичида энг яхшиси деб баҳоланди.

1988 йилда таниқли ёзувчи Шукур Холмирзаевнинг “Шарқ юлдузи” журналида “Мўъжиза бўлиб қолсин” сарлавҳали мақоласи босилди. Мазкур мақолада бу ҳикояга илиқдан-илиқ фикрлар айтилди. Бу Зойирнинг жуда катта ютуғи эди.

Аммо ҳали-ҳамон Зойир Мамажоновнинг кўнгли нотинч эди. Ноҳақлик, 2 йилга яқин қамоқхонада кўрган азоб-уқубатлари уни ҳоли-­жонига қўймасди.

– Қамоқ мени роса қийнади, маънавий жиҳатдан азоблади. Одам гуноҳкор бўлса, эзилмайди, хўрланмайди ҳам. Бундайлар, керак бўлса, ўзини ўзи лаънатлайди. Жиноят қилмай, ноҳақ қамалганга кўргиликдир у, – деди у бир куни гурунгимизда. – Мен, албатта, ўзимни оқлашим керак. Оқланаман ҳам. Ўз ишимга қайтаман ҳам. Кунлар келиб, албатта, “Ғалаба учун”да ишлайман.

Бетиним елиб-югуриш, ёзиш-чизиш ниҳоят 1987 йилга келиб ўзининг рўёбини берди. Ниҳоят, у Ўзбекистон Олий суди томонидан тўла оқланди. Ҳатто асоссиз қамоқда ётгани учун иш ҳақи тўлиқ ундириб берилди.

Шундай қилиб, 1987 йили “Ғалаба учун”га баҳор келгандай бўлди. 6 йиллик азоб-уқубатлардан сўнг у севикли ишига қайтди. Аммо газетадаги муҳит аввалгиларга ўхшамасди. Ходимлар ўртасидаги зиддият, жамоани пароканда қилиб ташлаганди. Уларни бундай аянчли ҳолатдан фақатгина ғайратли, одамларнинг кўнглини тушунадиган талантли бир раҳбар қутқаза оларди. У – Зойир Мамажонов бўлиб чиқди.

1990 йили эса у газетанинг бош муҳаррири этиб тайинланди.

Тоштемир Турдиев,

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими,

Республика маънавият-маърифат маркази

Денов туман бўлими раҳбари