“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

УМИДЛАРНИНГ ОХИРИ ЙЎҚ ЭДИ...

 

Бу мактубларни бизга хатлар муаллифининг жияни – устоз журналист Дилбар Маҳмудова тақдим қилдилар. Иккинчи жаҳон урушида қатнашган, сизу биз учун, келажак учун ҳаётини тиккан аскар Карим Назаровнинг 1942-44 йилларда яқинлари ва севган ёрига ёзган мактублари ниҳоятда сарғайиб кетган, аммо яхши сақланган. Бу қоғозлардаги умидларнинг охири йўқ эди... Тўғри, жангчининг юрагидан ўтганларини борича ҳис қилиш қийин, лекин биргина тақдирда уруш сурати акс этганини кўрасан киши... Шу туфайли сизга мактублардан парчалар илиндик...

“Ҳаракатдаги армияда хизмат килиб турган қадрдонингиз Каримжондан сиз, қимматли акам, Марҳаматхон, Саодатхон, Дилбар ва Раънохонларга салом! Мен сиз жигарларимни умрбод соғ бўлишларингизга умид қиламан”, деб ёзади аскар бир хатида. Аслида, бу ўқувчи учун оддийгина гапдек туюлиши мумкин. Аммо ҳар нафасида ўлим билан юзма-юз турган одам учун туйғуларининг исёнидир.

Қўлига милтиқ олиб йўлга тушган жангчи кўнглида бугун омон қайтаманмикин, деган ҳадикнамо умид бўлади, ҳар лаҳза ҳаётдан ризолик сўрайди: “...Яна икки-уч кундан сўнг душман билан юзма-юз бўламан. Ҳали ёшман, келажакда яна ҳаёт кечиришга умид қиламан. Душманга қарши қувватим борича зарба бераман. Бу ерда мен каби Она Ватанини сақловчилар кўп. Қирғин бўлса, ажали етган ўлади, дейишади... Бундан тегишли хулосани ўзингиз чиқарарсиз...”

Урушда ғолиб бўлмайди. Ҳеч ким ўзи хоҳлаб қўлига қурол олмайди, ўзи истаб бировни ўлдирмайди... Айниқса, қуролнинг кучини, ўқнинг таъмини, ҳаётнинг мазасини биладиган аскар... Аммо ҳаёт одамни не кўйларга солмайди дейсиз, синовларида тобламайди дейсиз. Бизнинг қаҳрамон ҳам синовларда чиниқмоқда эди у кезлар...

“...Чап қўлимнинг икки еридан енгил ярадор бўлдим. Соғ-саломат яна сизлар билан кўришарман, деган умиддаман. Ватан учун, сизлар учун курашяпман... Мени бир нарса қийнайверади... Бу ерда кимларнингдир ҳаёти эвазига ғолибликни кўтариб бориш бизга татирмикин?..”

Мактубларнинг шу жойига келганда чап кўксимдан нимадир “чирт” этиб узилди. Оҳ тортиб юбордим сассиз. Нега, биласизми? Уларни нашрга тайёрлаяпман-у, завол топаётган умрлар эвазига келган ғалабани қандай нишонлашини ўйлаётган ўзбек оғамнинг дардини ҳис этяпман. Шу тобда халқнинг, миллатнинг эмас, инсоннинг дардини ҳис қиляпман. Бу дард ҳаммасидан оғирроқ, залворлироқ, азоблироқ эди...

Мактубларни тағин варақлайман. Халқ ғурури, оналар ишончи, сафдошларининг ҳаёти билан яшаётган норғул йигит кўз ўнгимда гавдаланади. Ҳар сатрни ўқиганимда фахр туяман. Ҳар сатрни ўқиганимда олис ўтмиш фожелиги вужудимни эзғилайди. Эзғилаганда ҳам худдики устимдан тегирмон тоши юргизгандай, ўша йиллардаги каби очиққандай бўлади. Фақат бу очиқиш нафс билан эмас, армонлар билан, умрлар билан, соғинч билан чамбарчас боғлиқ. Отинг ўчгур урушни ким бошладийкин? Нега бошладийкин? Одамзоднинг бир бурда нону бир коса сувга қорни тўйса, бир парча мато билан эгни ёпилса, яна нима истадинг баттол? Миллионлаб оғаларимнинг жонини истаганмидинг?! Миллиардлаб оналарнинг оҳу фарёдлариними? Қарғишиними? Ана, истаганингга эришдинг! Сенларни-да қай бир дайди ўқ олди, муштипару мушфиқларнинг қарғиши урди...

“...Ўзбекистондан келган ёшларни ўзим билан жангга олиб кираман ва олдимда шундай вазифа борки, уларни жангдан қайта олиб чиқишим шарт! Каримнинг юраги қотиб кетибди, деб ўйламанглар. Ёнингдаги сафдошларинг душман ўқидан тап-тап йиқилиб турса, ҳаёт билан видолашса, сен ҳам ўч олувчига айланиб қоларкансан. Урушни биз бошламадик, ахир, биринчи бўлиб биз ўқ узмадик... Лекин Ватан тупроғидан бир қарич ҳам бермаймиз”.

Ҳайҳот, ўз оғангни, инингни муқаррар ўлимга бошлаб кириш қанчалар даҳшат, қандай аянчли. Буни қай бир сўз билан ифодалаш мумкин. Аскар Карим Назаров эса мақсаду шижоат билан ёзмоқда: “Ўзбекистондан келган ёшларни ўзим билан жангга олиб кираман ва олдимда шундай вазифа борки, уларни жангдан қайта олиб чиқишим шарт!” Мен урушни кўрмаганман. Аламини, фожеасини тўлақонли англолмасман. Аммо ўқиётганим мана шу бир жумла мен учун уруш!

Аскар кўнглида ҳамиша бир истак билан жангга отланади: ғалаба! Ундан ҳам асосийси: Тинчлик! Ўша давр ўғлонлари эса нафақат жанг майдони, балки фронт ортида бораётган сўзсиз урушда ҳам ғалаба қозонишлари шарт эди.

“...Сизлар биз қилаётган ғалабалардан хабардорсиз. Тез кунлар ичида биз бутун дунёда тинчлик ўрнатамиз. Яна тинч, бахтли ҳаёт байроғи барча жойда тикланади...”

Карим Назаров сўнгги хатида ёзгани каби ҳақ бўлиб чиқди. Адолат ғалаба қозонди. Дунёда тинчлик ўрнатилди. Уруш ғалаба билан якунланди. Бироқ... Карим Назаров урушдан қайтмади...

Совуқ уруш кўпгина ўзбекистонликларнинг оиласига катта кулфатлар, айрилиқлар олиб келди. Алпкелбат ўғлонлардан хотира бўлиб, соғинч, ҳаётга умид уфуриб турган бир уюм хатлар, ширин суҳбатлар, қаҳрамонликлар қолди... Она Ватан, жасур халқимиз уларни асло унутмайди. Мангу қалбида сақлайди.

Зулхумор ОРИФЖОНОВА