“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

ГИЁҲИ БЕҲИШТНИ ҚИДИРИБ…

 

Ёнингда юрганлардан бирови омонатини топширганда, бу дунёда ҳеч нарса ўзингга дохил эмаслигини эсга оласан. Юрагингга қон юбориб турган жон-ку, сенга берилганларнинг энг омонатроғи, ўзингникимас. Инчунун, тирикликда қилган яхшию ёмон амалингдан ўзга. Қанийди, шу эсга олганинг ёдингда умр бўйи муҳрланиб қолса, бир лаҳза бўлса-да, унутмасанг эди, олам гулистон бўларди. Лекин…

Мен Нодир Норматов билан, масалан, Обид ака (Шофиев)чалик яқин эмас эдим. Муҳиблик ва мухлисликнинг мустаҳкам алоқалари йўқ эди. Шунинг учундир, охирги бор кўришганимиз ёки қўнғироқлашганимизни аниқ ёдга келтиролмадим. Ҳар ҳолда ойлар, балки йил бўлганди…

 

Газетада Нодир Норматов билан суҳбат эълон қилишни режаладик. Бу вазифа Обид акага юкланди. Бир фурсат ўтгач, телефонлашиб сўрасам, у ёзувчи билан боғланолмаётганини айт­ди. Кейинроқ эса ўзи қўнғироқ қилиб:

– Нодир ака касалхонада экан. Жуда мазаси қочибди, – деб қолди.

– Ҳозир яхши эканми?

– Ҳа, секин-аста ўзимга келяпман, деди.

– Унда тузалиб кетгач, тайёрларсиз суҳбатни.

Орадан бир ҳафта ўтар-ўтмас Нодир Норматовнинг вафоти ҳақидаги хабар ҳаммани лол қолдирди.

– Нима бўлган экан Нодир акага?

– Шифохонадалигида икки марта гаплашдим. Сўнгги бор вафотидан бир кун олдин, кечқурун сўзлашдим. Ҳар икки суҳбатда ҳам сомсадан заҳарланиб қолганини айтди. Шу сабаб бўлиб, бошқа дардлари ҳам хуруж қилган, шекилли.

Бу адибнинг шогирди ва асарлари тадқиқотчиси Обид Шофиевнинг гапи. Шуларни эшитиб, алҳол, ёзувчининг қирқ йиллар олдин ёзилган “Бир куни чумоли бўлиб…” ҳикоясини эсладим. Жуда ажабланарли. У шундай бош­ланарди: “Сиз нега касалхонада ётибсиз”, дейсизми? Дўхтирлар ошқозонинг заҳарланган, дейишди. Нега, қандай қилиб – ҳайронман. Очиғини айтганда, мен табиатан зиёфатлардан қочиб, нафсига қаноат қилиб юрадиганларданман.

Ўша куни бор-йўғи бир бўлак қотган нон еган эдим. Балки ўша, гиёҳи беҳиштни қидираман деб, бўлак ўтни еганимдан шу кўйга тушгандирман…”

Ҳикоя муқаддимасида келтирилган шу уч-тўрт калима Нодир Норматов умрини том маънода ўзига сиғдирганди, рамзий суратда ифода этганди. Нодир ака нафсининг жиловини маҳкам тутган, таомланиш борасида ҳам ўша ҳикояси қаҳрамони каби жуда парҳезкор бўлиб, гўшт истеъмол қилмас эди. Сомса егани ҳақидаги гап ҳам мени ҳайрон қолдирди. Баҳонаи сабаб бўлса керак…

Таниган, ҳамсуҳбат бўлган беш-олти йилнинг нари-берисида ёзувчи каминада кўнглини авайлаб яшайдиган инсон сифатида таассурот уйғотган. Бу авайлашнинг асосий нуқтаси у кишининг мудом ўзига маънавий завқ берадиган ишларга интилиб туришида сезиларди. Пойтахтда яшайдиган сурхондарёлик ижодкорлар орасида юртга энг кўп келадигани – иккиланишларсиз айта олиш мумкин, Нодир ака эди. Ўзи туғилиб-ўсган қишлоқни – Пошхуртни соғиниб келарди. Суҳбатидан сурур туядиган одамлари дийдорига ошиқарди. Яна бир айри жиҳати – камтарлиги билан эҳтиромга лойиқ эди-ки, биз киборсуярлар кўп-да эҳтиром кўрсатишнинг уддасидан чиқавермас эдик.

Термизда туриб қолган пайтлари ёзувчи яёв юриб, таҳририят биносига келиб қоларди. Шундай келишларида бир неча бор асосий ҳамсуҳбати мен бўлганман. Устозни ўзимизнинг қишлоқ одамларига ўхшатардим. Бежиз эмас – қўшни қишлоқлар, бир-бирига табиатан яқин одамлар. Сўзлаш оҳанги, жилмайиши, кўзларидаги ифода қишлоқдаги қўшнимизнинг ўзи. Фақат суҳбат мавзуси фарқли. Нодир ака адабиётда самимийлик қатори рамзийликни асосий мезон деб биларди. Шеърият ҳақида ҳам ўзига хос мулоҳазаларини баён этганди.

Юртимиз тарихи, жаҳон маданияти ва санъати, умуман, барча соҳаларда суҳбатлашиш завқли эди у киши билан. Ёзувчининг асарлари довруқ таратмади ва деярли ўрганилмади. Буни ҳам маълум қадар Нодир Норматов шахсидаги камтарликка боғласа бўлади. Ҳатто овқатланиш учун қошиқ сўрай туриб ҳам ўзининг “шоир”лигини таъкидлаб оладиганлар орасида ном чиқариш осон дейсизми? Юздан қанча ҳаёни сидириб ташлашга тўғри келади. Ёзувчи бундан кўра меҳнатни – ижодни афзал билди.

Керак бўлса, вақт чиғириғидан ўтса, асарлари келгуси авлодлар томонидан холис баҳони олади. Куйиниб, ўзингни ҳар ёққа уришга, эътиқодингга зид кетишгаю кимларгадир ялтоқланишга на ҳожат?! Юқорида эсга олинган ҳикоядаги “гиёҳи беҳишт” аслида биз ҳаётда қидириб юрадиган кўнгилдош тимсоли. Шунинг учун ҳам заҳарланиб қолишдан қўрқмасдан, ҳар турли ўтни еб кўриб, ўша гиёҳни излайди қаҳрамон.

Нодир Норматов ҳам умрини тинимсиз юришда – ўша рамзий “гиёҳи беҳишт”ни қидириб ўтказди. “Гиёҳи беҳишт”га ўхшаш алафлар орасидан уни топиш осон бўлмагандир ҳар нечук. Топдими? Қайдам, буни ёлғиз Ўзи билади. Шуларни битарканман, кўнглимда биргина тилак бўй кўрсатиб турди. Нодир ака чин дунёнинг гиёҳи беҳиштини топган бўлсин!

Сирожиддин ИБРОҲИМ