“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

Абдулла Қаҳҳор билан кўришолмаган ёзувчи

Устоз Неъмат Аминов кириб келган даврада ўз-ўзидан самимий ва беғараз кулги ёки янгроқ қаҳқаҳа пайдо бўларди.

Неъмат аканинг кулгиси ўта табиий ва жонли эди. У киши даврадан, даврада ўтирган турфа одамлардан, уларнинг гап-сўзлари, хатти-ҳаракатларидан кулги изларди ва излаганини албатта топарди. Шу боис ёзувчи одамлар билан мулоқотда бўлишни яхши кўрарди. Ҳар қандай суҳбат ва суҳбатдошга дарҳол эш бўлиб кетарди.

Кулги Неъмат Аминовни излаб юрарди. Ўз вақтида Неъмат ака ҳам яхши кулгини ахтаришдан тўхтамасди. Кулгили гап-сўзларни эшитиб, воқеаларни кўрганида тилло топган одамдай суюниб кетарди. Топилган ҳар бир кулгили ибора ёки манба дарҳол “ён дафтар”га тушар кейин ҳажвия бўлиб қоғозга тўкиларди.

Ҳаётда кулгили воқеа топиш, ҳаммабоп кулги яратиш ҳажвчи ижодкор учун осон эмас.

Бир марта куладиган воқеалар бор. Уларни иккинчи марта ўқиганда ё эшитганда қизиғи қолмайди. Бир хил ҳангомалар борки, умуман кулги уйғотмайди. Бундай ўткинчи кулгини Неъмат ака қаламга олмасди. У киши ёзаётганда кулгининг ҳаётийлиги, ҳозиржавоблиги ва албатта умрбоқийлигини ҳисобга оларди. Шу боис ҳам Неъмат Аминов яратган ҳажвий асарлар ҳамон кулгисеварлар томонидан севиб ўқилаётир.

Устоз Саид Аҳмад шундай хотирлайди: “Олтмиш бешинчи йил бўлса керак, Ўзбекистон радиоси Бухоро вилоятига бағишлаб каттагина эшиттириш берди. Бухоро радиосининг ходими ёш ёзувчи Неъмат Аминов бир ҳажвий ҳикоясини ўзи ўқийди... Бу ҳикояни радиодан Абдулла Қаҳҳор ҳам эшитган экан. Мендан муаллифи ким, қанақа одам, деб сўради. Айтиб бердим. У киши шундай деди:

– Кўп йиллардан бери Бухородан проза ёзадиган чиқмаётган эди. Энди чиқибди. Чиққанда ҳам ярқ этиб, бирдан кўпчиликнинг кўзига тушадиган бўлиб чиқибди. Ҳикояси шунчалик пишиқки, ҳар бир сўзи орасидан Бухоро кўриниб туради. Бутун бир Бухорони буклаб-буклаб битта ҳикоянинг ичига жойлаб қўяқопти. Тилини қаранг, жумлаларининг оҳангига эътибор беринг. Бу боланинг кўзи ҳам, қулоғи ҳам ўткир экан. Ўзбекларнинг Зошченкоси бўлиб кетиши мумкин. Тошкентга келса, бир олиб келинг, ўзини кўрай...

Афсус, Неъмат Аминов ажойиб инсон, бетакрор санъаткор устоз Абдулла Қаҳҳор билан юз кўришолмай армонда қолди...”.

Абдулла Қаҳҳорнинг ғойибона баҳоси бежиз эмасди. У киши ҳар қандай асарни истеъдод билан ёзилган-ёзилмаганлигини илк сатридан биларди.

Абдулла Қаҳҳор ҳақиқий адабиётнинг ёрқин ва бехато кўрадиган кўзгуси эди. Унинг Неъмат Аминовга берган баҳоси ҳам тўғри чиқди.

“Икки пуллик обрў”, деб номланган илк китоби билан ўқувчилар имтиҳонидан муваффақият билан ўтган Неъмат Аминов адабиёт остонасига катта умидлар билан дадил қадам қўйди.

Ёзувчининг асосий қаҳрамонлари Бухоронинг беғубор ва самимий одамлари. Уларнинг бири содда, бири муғомбир, бири дўлвор, яна бири хушомадгўй, бири товламачи, ёлғончи, фирибгар... Лекин уларнинг ҳаммаси ҳаётда бор қаҳрамонлар. Улар биз билан сизнинг қўшнимиз, бир ишхонада ишлайдиган ҳамхонамиз, хуллас, таниш одамлар. Юқорида айтганимиздек, Неъмат Аминов қаҳрамонлари уйдирма ёки ўйлаб топилган эмас. Ёки ҳаётдан шундоқ борича кўчирилмаган. Улар ёзувчининг истеъдод қаламидан бунёд бўлган бебаҳо образлардир.

“Қассоб бобонинг ити” ҳажвияси қаҳрамони Қассоб бобо, “Илмий мақола”даги Ҳикмат Назарич, “Сузонғич роман”даги Асад ака, “Қирқ учинчи кеча”даги Чори Ниёз, “Қоровул” ҳикояси қаҳрамони Абдубоқий, “Туғилган куним қани?” даги Хуршид, “Тўтихон”даги Тўтихон, “Бобик”даги Яхшибой ака, “Асабий кишилар”даги Исмат қори ва бошқа ўнлаб ҳикоялар, ҳажвиялар қаҳрамонларини бир кўргазма залига йиғсангиз, ажойиб ва бебаҳо галерея ҳосил бўлади. Уларнинг бирига ачинасиз, биридан мириқиб куласиз, яна биридан қаҳқаҳ отасиз. Хуллас, бу қаҳрамонларнинг барчаси ҳаётда бор одамлар. Сиз уларни кўргансиз ёки уларга дуч келгансиз. Эҳтимол суҳбатдош бўлгандирсиз. Энг муҳими Неъмат Аминов уларнинг характерини, қиёфаларини ва дунёқарашини кулги орқали маҳорат билан тасвирлаб берганига қойил қоласиз. Ва кулгининг қудратли кучидан ҳайратга тушасиз.

Устознинг яқин дўсти, истеъдодли адиб Шукур Холмирзаев Неъмат Аминов 50 ёшга тўлганда шундай деб ёзган эди: “Неъмат Аминов эса, кулги номли сеҳрни тўқсон фоиз асарида характердан, асар қаҳрамонларининг туб табиатидан келтириб чиқаради. Маълумки, бу йўл – қийин ва энг самарали йўлдир; у адабиётга ситуацияларгина эмас, одамларни олиб кирди...

Шу маънода Неъмат Аминов туфайли ҳажвчилигимиз бир қадам олдинга босди!”.

Ёзувчининг “Ёлғончи фаришталар” ҳажвий романи адабиёт ва кулги мухлислари, таниқли адиблар ва адабиётшунос олимлар томонидан самимий кутиб олинди, юқори баҳоланди, қўлма-қўл ўқилди.

“Ёлғончи фаришталар” кулгига чанқоқ халқимизнинг юракларини кулги билан суғорди. Кулги билан юксалтирди. Романни ўқиганлар қалби тўлиб-тўлиб, жўшиб-жўшиб, яйраб-яйраб кулдилар.

Ўзбекистон Қаҳрамони Саид Аҳмад: “Ёлғончи фаришталар” қизил империя гуркираб, совет турмуш тарзи дунёга кўз-кўз қилинаётган, “социалистик реализм адабиёти”да мадҳиябозлик, “ура-ура”чилик авж олган бир даврда яратилгани билан ҳам қадрлидир. Зотан, асар қаҳрамонлари ўша давр фарзандлари ҳисобланади... “Ёлғончи фаришталар” давр синовидан муваффақият билан ўтди” деб ёзади.

Яна бир Ўзбекистон Қаҳрамони Озод Шарафиддинов бу асарга катта баҳо бериб, шундай деб ёзади: “Ёлғончи фаришталар”нинг қисмати асар қаҳрамони Баширжон Зайнишевга ўхшаш одамларнинг қайси туманда нечтадан учраши билан белгиланмайди. Китобхон учун ҳам муҳими – қаҳрамон характери орқали ҳаётдаги муайян ходисаларнинг таъсирчан ва моҳирона ифодаланишидир. Асарнинг ҳаётийлигини ҳам худди мана шу нарса таъминлайди”.

Бундай самимий фикр-мулоҳазаларни кўплаб келтириш мумкин. Шу ўринда устознинг яна бир машҳур асари “Бир аср ҳикояти” китоби ҳам китобхонлар, муҳлислар томонидан алоҳида эътироф этилганлигини, меҳр билан ўқилаётганлигини эслатмоқчимиз. Бу китобни донишманд ота ҳақидаги фалсафий достон деб аташ мумкин.

Неъмат Аминов кўплаб фельетонлар ҳам ёзган. Унинг ўткир қаламидан дунёга келган фельетонлар ўз вақтида катта шов-шувларга сабаб бўлган.

Неъмат Аминов моҳир таржимон сифатида ҳам жаҳон адабиётининг сара асарларидан она-тилимизга таржима қилган...

Кўриниб турибдики, Ўзбекистон Халқ ёзувчиси Неъмат Аминов ижоди серқирра ва сермаҳсул. У киши бир суҳбатда ҳажвий асарни қандай тушунасиз, деган саволга шундай жавоб берган:

– Ҳажвий асар ёзиш жараёнини ниҳоятда ўтмас устара билан соқол олишга қиёслагим келади. Бу азоб... Кишининг жони оғрийди-ю, лекин соқолни қиртишламасликнинг ҳам сира иложи йўқ...

Давраларни самимий ва беғубор кулги билан тўлдириб юрган дарёдил инсон, истеъдодли ёзувчи Неъмат Аминовнинг орамиздан кетганларига ўн йил бўляпти. Ўн йилки, устознинг жарангдор кулгисини соғиниб яшаяпмиз. Ўн йилки, қалби тоза, иймони бутун, эътиқоди мустаҳкам инсон орамиздан эрта кетганига афсусланамиз. Илоё, устознинг охиратлари обод бўлсин!..

Мақолани устоз Неъмат Аминовнинг ушбу кулгиси билан якунлашни лозим топдик:

Бир гал “Ўзбекнаво”га мажлисга борсам, қурғур йиғилиш одатдагидай узоқ чўзилди. Мен ҳам одатдагидай мажлисдан қаттиқ бошим оғриб қайтдим. Ишхонага келиб зўрға ишлаб ўтирсам, устоз Неъмат ака телефон қилиб, ҳол-аҳвол сўрадилар. Гап-сўзларимдан машқим бир оз пастлигини сезган устоз дарҳол сўрадилар:

– Тинчликми, Ашурвой?

– “Ўзбекнаво”га мажлисга борувдим. Мажлис роса чўзилди. Шунга бошим қаттиқ оғрияпти, – дедим.

Шунда устоз:

– Бу бош оғриқ ё об-ҳаводан, ё “Ўзбекнаво”дан – дедилар.

* * *

Мақолага нуқта қўйишдан олдин хаёлимга ушбу фикрлар келди; агар Неъмат Аминов Абдулла Қаҳҳор билан учрашиб, суҳбатлашганда қандай адабий мўъжизалар рўй бериши мумкин эди?!

 

Ашурали ЖЎРАЕВ