“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

ЭЛ ИЧИДАГИ ОДАМ

ЭЛ ИЧИДАГИ ОДАМ

Байрам тадбирларидан бирида Муртазо Султоновни кўриб бошим кўкка етди. Бу инсон билан қачон учрашсак, «Умрингиз узоқ бўлсин, бизга ҳам Сизнинг йўлингизни берсин», дея ният қиламан.

Дедилар: дунёда асли ким азиз?

Айтдилар: устоздир, устоз бегумон.

Тағин айтдиларки? Азиз шубҳасиз —

Устозин қадрига етолган инсон.

Тадбир поёнига етиб, меҳмонлар бирин-кетин тура бошлашди. Бухоролик дўстимиз Улуғбек Абдуллаев, адабиётшунос олим, «Жаҳон адабиёти» журнали Бош муҳаррири Шуҳрат Ризаев ва мен устозларни кузатиб, хайр-маъзур қилиб турган эдик. Устозимиз Муртазо Султонов ҳамроҳлари қаторидан ажраб чиқиб, бизни четга тортдилар. Ўта махфий маълумотни ошкор қилаётгандек атрофга бир қур қараб олдилар. Сўнг:

— Яқинда 80 ёшлигим муносабати билан шукрона ош дастурхони ёзяпман. «Подаркани» каттасини топишга қийналиб қолманглар, деб вақтлироқ огоҳлантириб қўяяпман. Дўст-биродарларни олиб ўтарсизлар, бир мазза қилиб гурунглашамиз», — деб жилмайиб қўйдилар.

Очиғи, ўша лаҳзада дилкаш, юзидан табассум аримайдиган, қомати қиличдек, руҳи тетик, чеҳрасидаги ғуруру ўктамлик уфурган бу инсоннинг 80 ёшни қоралаётганликларига ишонқирамадик. Навбатдаги ҳазиллари бўлса керак, деб ўйладик. Бироқ сал ўтмай яқиндагина 60 ёшларини нишонлаганларида ундай бўлганди, 75 ёшларида бундай тадбир ўтказгандилар, — хотираларни эсладик.

Биз Муртазо Султонов билан 1980 йилларнинг бошида танишганмиз. Ўша пайтларда у киши Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг ўринбосари, мен эса Ўзбекистон Кинематография давлат қўмитасига қарашли «Ўзкинотехтаъминот» бошқармаси бошлиғи ўринбосари эдим. Янги қурилаётган ёки қайта таъмирланаётган таълим муассасаларини кинотехника жиҳозлари билан таъминлаш масалаларида яқин ҳамкорлик қилар эдик.

Ҳа, ҳаёт йўлининг ўнқир-чўнқирлари, турфа чиғириқларида тобланиб, эл-юрт ҳурматига сазовор бўлишнинг ҳузур-ҳаловати ўзгача. Нуроний ёшида ҳам тиниб-тинчимай, халқ хизматига камарбаста бўлиб юрган қурувчи, иқтисодчи, журналист, педагог Муртазо Султонов сингари беназир инсонларнинг ҳаёти кўплар, айниқса, эндигина катта ҳаёт йўлига қадам қўйиб келаётган ёшлар учун катта ибрат мактабидир. Халқ, эл-юрт, дўсту қадрдонлар орасида бунда­йин азизу мукаррам бўлишликка ҳавас қилиб, боисини сўраганимизда ҳамиша мийиғида кулиб, жавоб берадилар:

— Бунда ҳеч сир йўқ, аммо жуда катта ҳикмат бор. «Хас эдим, назар топиб, гулга айландим», деган пурмаъно гапни эшитган бўлсанглар керак. Бу қандай НАЗАР? Бу назар — эл-юрт назари, Оллоҳ азизу мукаррам қилган зотлар — устозларимизнинг назари, ота-оналаримизнинг меҳр тўла назарлари. Падари бузрукворим Саидсултон ота билан Онажоним Ҳожинисахон аяларнинг берган ўгитлари, тарбиялари, панду насиҳатлари ўз мевасини берган. Уларнинг тинмай қилган дуолари, Оллоҳнинг назари мени доим паноҳида асраган.

Дарҳақиқат, ҳаёт синовларида тоблаган инсоннинг бу фикрларига қўшилмай илож йўқ. Шахсан мен Муртазо Султоновнинг (эндигина 35 ёшга тўлган ёшгина йигитчанинг) 1972 йилда жуда катта нуфузга эга бўлган Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг ўринбосаридек юксак ва масъулиятли лавозимга тайинланишини эътиборга молик иш эди. Яна бир аҳамиятли томони Муртазо Султонов бу масъулиятли вазифани 18 йил давомида муваффақият билан бажарди. Буни ҳақиқий қаҳрамонликка менгзаш мумкин.

Муртазо Султонов вазир ўринбосари этиб тайинланган пайтда Ўзбекистоннинг чекка ҳудудларида таълим муассасалари қурилиши «марказ»дан тасдиқланар, маблағ ҳам ўша ёқдан ажратилар эди. Ўзбекистонга эса ажратилган пулнинг 6, 1 миллионигина теккан бўлса, Муртазо аканинг ҳаракати, муомала санъати туфайли 1982 йилга келиб бу миқдор 36, 7 миллион сўмга етади. Шу боис ҳам ўша пайтларда у киши нуфузли доираларда «Масковдан пул ундириб келадиган йигит» номини олган экан.

1990 йилда уни Халқ таълими вазирининг ўринбосари этиб тайинлашди. Мустақиллик унинг ғайратига-ғайрат, кучига-куч қўшди. Қаерга бормасин ўз касбини улуғлаб, савоб ишлар қилди.

Ўткир Ҳошимовнинг таъбирича: «Муртазо ака, эл ичига сингиб кетган одам. Яхши тўй дейсизми, совуқ маъраками, ҳамма ерга биринчи бўлиб етиб боради. Ҳамманинг кўнглига йўл топа олади».

Муртазо Султонов доим шогирдларига улуғ аждодларимиз ҳақидаги ҳикматларни айтиб насиҳат қиладилар:

— Бир куни отаси ёш Ибн Синога: — Болам, қаерга борсанг ўша ерда ўзингга қаср қургин, — деб насиҳат қилибди. Ёш йигитча бу насиҳатни эшитиб ҳайрон бўлибди. Уни қандай бажаришни билмай ташвишга тушибди. Чунки унда ҳали қаср қуриш учун на маблағ, на имкон бор экан. Ибн Сино қайси мамлакатга бормасин, одамларга нафи тегадиган ишлар қилибди, уларнинг дардига малҳам бўлибди, даволабди. Шу туфайли ҳамма жойда унинг дўстлари, шогирдлари кўпайибди. Қаерга борса уни ҳамма иззат-икром билан кутиб оладиган, ҳаққига дуо қиладиган бўлибди. Сизлар ҳам шундай бўлинг! Савоб ишлар қилиш, ҳожатмандларнинг кунига яраш олтин қаср қуриш билан баробардир.

Муртазо Султонов ҳам фаолияти давомида мамлакатимизнинг барча ҳудудларида том маънода ўзига юксак қасрлар қурди. Фақат 1991-98 йиллардаги фаолияти давомидагина у мамлакатимизнинг турли ҳудудларида икки мингга яқин янги, замонавий, муҳташам мактаб ва мактабгача таълим муассасаларининг қурилишида ўзгача завқ-шавқ билан иштирок этди. Бу ерда таҳсил олган ёшларнинг, уларнинг ота-оналарининг шукронаси унга куч-қувват берди.

Дўстининг бошига тушган ўша қора кунлар ҳақида Муртазо аканинг қадрдонларидан бири, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Ўткир Ҳошимов шундай ёзган эди:

«1980 йилнинг ўрталарида юртимизда «пахта иши», «ўзбеклар иши» деган бемаъни гаплар чиқа бошлади. Бу балою офатнинг домига Муртазо ака ҳам тушиб қолди. Унинг бошига не-не туҳматлар ёғилмади. Ишлаб турган лавозимидан бўшатилди. Партиядан, Журналистлар ижодий уюшмаси аъзолигидан ўчиришди. Радиода «Қармоқ» деган ҳажвий эшиттиришда, газеталарда кетма-кет фельетонлар қилиб «пўстагини қоқишди». Тўрт йил давомида 128 марта тергов қилинди. Бўйнига илинмаган туҳмат қолмади. Ахир гдлянчилар учун Ўзбекистонда «тоза одам» қолмаган эди-да. Албатта, бу масалаларда ўзимиздан чиққан ҳасадгўйлар ҳам кўп ва хўп «ғайрат қилдилар». Ҳақлиги боис бу тегирмондан омон чиқди. Эл-юрт олдида юзи ёруғ бўлиб, аввалги лавозимига тикланди».

Муртазо акадан ўша қора кунлар ҳақида сўралганда ногаҳон кўзларида билинар-билинмас ёш қалқигандек бўлди.

— Терговларга Ҳожинисохон онам кўзларида ёш билан, кеннойингиз Маҳфузаой «Терговдан кейин уйга қайтадиларми-йўқми?», деган юрак ўйноғи билан, болаларим эса мурғак қалбларидаги тушунар-тушунмас қўрқув билан 128 марта кузатишган ва 128 маротаба хавотир ва хурсандчилик аралаш кутиб олишган. Бу ҳол муттасил тўрт йилга яқин давом этган.

Мен ҳам, оила аъзоларим ҳам бошимизга тушган ташвишлар ҳақида онажонимизга ҳеч қачон гапирмаганмиз. У киши радио, газетдан хабарлари бўлмаган, аммо сўзсиз ҳамма нарсани илғаб, дардимизга шерик бўлар, дуодан ўзгани билмас эдилар. Шоир Муҳаммад Юсуф:

«Оҳ, менинг ортимдан овора онам,

Бир парча юраги минг пора онам», —

деб ёзганида худди менинг онамга ўхшаш барча муштипар ўзбек оналари ҳақида ёзган экан-да. Оналарнинг қалби ана шунақа сезгир бўлади.

Афсус, онажоним менинг пок номим оқлангани, юзим ёруғ бўлгани, қайта лавозимимга тикланганим ҳақидаги хушхабарларни эшитмай, қайғу кўз ёшларини севинч кўз ёшларига алмаштира олмай 1987 йилнинг августида армон билан вафот этдилар. Мен у кишидан бир умр қарздор эканлигимни ҳис этиб яшайман. Оғир дамларда менга далда берган, имонимни бут қилиб, барча қийинчиликлардан эсон-омон олиб ўтган, бошимга соябон бўлган, шуб­ҳасиз Ҳожинисахон онажонимнинг «Бошинг тошдан бўлсин», «Тупроқ олсанг олтин бўлсин, олтин бошинг омон бўлсин», сингари дуоларининг ижобати бўлганини қайта-қайта таъкидлашдан ҳеч чарчамайман.

Бу ҳаётда инсонни азиз ва мукаррам қиладиган омиллар кўп. Фақат уларни ил­ғай олиш, уларни бажаришда ўзида ирода, куч, билим ва ақл топа билишлик энг муҳими бўлса керак. Муртазо Султонов нимагаки эришган бўлса, ота-онаси, оиласи, атрофдаги дўстлари, устозлари туфайли эришганини доим такрор ва такрор қайд этишдан ҳузур-ҳаловат туяди.

Муртазо Султонов умрининг катта қисмини ёшлар масаласига бағишлади. Уларнинг қувонч ва ташвишларига шерик бўлиб яшагани учунми, ёшлар ҳақида кўпроқ гапиради, қайғуради, улардан ўз маслаҳатларини, панд-насиҳатларини аямайди.

— Мустақиллик — Ватанимизнинг ёшлиги. Унинг пойдевори қадим-қадимдан мавжуд эди-ю, бу пойдеворни бугунги ўрта авлод вакиллари мустаҳкамламоқда. Мустақиллигимиз келажаги, тараққиёти эса бугунги ёшларимизга боғлиқ. Шунинг учун уларнинг маънавиятини юксалтириш учун миллий ва умуминсоний қадриятларимизни улар онгига тўғри сингдиришга, ота-она, устозларни эъзозлашни ўргатишга катта аҳамият беришимиз керак. Миллий қадриятларимиз ва муқаддас динимиз таълимотларига ҳурмат кўрсатишни ўргатиш бурчимиздир, — дейди учрашувларда Муртазо ака.

Муртазо Султонов ҳозирда фарзандлар ва невара-чеваралар камолини кўрмоқда. Уларни яхши ўқитиб, эл-юрт корига ярайдиган инсонлар қилиб тарбияламоқда. У ҳаёти давомида ўнлаб ҳақиқий дўст ва муносиб шогирдларни, Маҳфузаой аядек садоқатли турмуш ўртоғини топди. Муаллохон, Дилфузаой, Мақсуджон, Шаботжондай ўз касбини ардоқлайдиган, Ватанга, халқига астойдил хизмат қиладиган, меҳнатсевар ва камтарин фарзандларни тарбиялаб вояга етказди. Қуш уясида кўрганини қилади, деганларидек, бу ибратли хислатлар эндиликда фарзандлар, невара ва чеваралар ҳаётида ҳам шаклланмоқда.

 

Аъзам ИСҲОҚОВ