“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

ТАҚДИР ЎЙИНИ

ТАҚДИР ЎЙИНИ
 
Жаҳонгир “Еттинчи ҳаёт” эссесини  “Яратгандан неча бор ўзимга завол сўрадим...” деб бошлайди. 
Ҳақиқатдан ҳам шундай бўлган. Кўзи ожизланиб, оёқлари юрмай, тўрт девор ичида яшашга маҳкум бўлганидан кейин у ўзига ўлим тилай бошлаган эди. Баъзан мен унга дори берганимда ҳатто “Опа менга заҳар беринг, мен ўлай...” дер эди. 
Адаси (Шукур Холмирзаев)нинг вафотидан кейин унинг қулоғига “Энди Жаҳонгир ёза олмайди”, деган гаплар чалинган эди. Шунинг учун ҳафсаласи пир бўлиб, у: “Энди мен ёзмайман, барибир адамнинг соясида қолиб кетаман”, дер эди. У янги асар ёзиш ҳақида ўйламай ҳам қўйди. Аммо туриб-туриб бирор бир таъсирли воқеани эслаганда, у: “Яхши эпизод экан, бирорта асарга киритиб юборса бўлар экан”, деб қўярди. Унинг томирларида ёзувчининг қони оқарди, шунинг учун миясида ўз-ўзидан қандайдир сюжетлар, воқеалар айланиб юраверар эди. 
Ниҳоят бир куни: “Опа, мен ёзаман, ёзмасам бўлмайди, қўлимдан бошқа нима ҳам келарди”, деди. У ётган жо¬йида аста-секин ёза бошлади. Кўзи яхши кўрмагани сабабли катта-катта ҳарфлар билан бирин-кетин тўрт асар ёзди. Охирги асарлари “Тумор” ва “Еттинчи ҳаёт” ўқувчиларга, хусусан, адабиёт аҳлига манзур бўлганида, уларнинг мақтовига эришганида унинг дили қувончга тўлди. “Мени ёзувчи сифатида тан олишди, мен ёзувчиман”, деди. Ёзувчилар уюшмаси раҳбарияти унинг китобини чоп этишга розилик берганида, у ўзида йўқ хурсанд бўлди. “Демак, мен бекорга яшамаган эканман”, – деди. 
Унда яна бир бор яшашга, ижод қилишга иштиёқ пайдо бўлди. У яқинлашиб келаётган туғилган кунини қандай нишонлашни, китоби нашрдан чиққанида ким-кимларни уйга таклиф қилиш ҳақида режалар туза бошлади.
Аммо у аҳволи оғирлашиб бораётганини ҳис қилар, жонҳолатда нашриёт муҳаррирларига, уюшма ходимларига қўнғироқ қилар эди. “Наҳотки, китобимэнди чиқаётганида ўлиб қолсам-а”, – дер эди. Афсуски унга китобини кўриш насиб этмади. “Еттинчи ҳаёт” эссесида у Владимир Висоцкийнинг қўшиғидан бир мисра келтирган.
“Эҳ, биз, биз қанчалар хоҳлар 
эдик,
Нақадар биз буни истар эдик
Уйқуга кетгандек ўлимга кетсак...”
Худди шу қўшиқда айтилгани каби Жаҳонгир ўзи хоҳлагандек уйқусида бу дунёни тарк этди...
 
Саида  ХОЛМИРЗАЕВА