“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

МЕНИНГ БИРИНЧИ МУАЛЛИМИМ

Носир ФОЗИЛОВ,

Давлат мукофоти  лауреати

Кунларнинг бирида тумандан вакил келди, катталарни йиғиб мажлис ўтказди. Мажлисдан сўнг “Қишлоғимизда мактаб очилармиш, болаларни ўқитишармиш, ҳозирча Поччахон Қудратов деган одам муаллимлик қилиб турармиш. Мактаб биноси битгач, янги муаллим келармиш”, деган гап-cўзлар пайдо бўлди. Эртасига Поччахон амаким қоғоз-қалам кўтариб, уйимизга кириб келди-да:

— Ўртоқларингни йиғиб, идора олдига олиб кел! Эртадан ўқишни бошлаймиз, — деди.

Катталарни орқага, кичикларни олдинга ўтқазган амаким:

— Бугундан бошлаб сизларга амаки эмас, муаллимман, — дея жиддий қиёфада сўзлади. Ҳамма болалар ҳайрон эди. Мен ҳам.

Дастлабки сабоқларимиз гоҳ онгиз устида, гоҳ қишлоқ идорасида, идора банд бўлган кунлари эса биронта хонадонда давом этди. Оилада мол боқиб, ўтин териб, кетмон чопиб юрган қишлоқ болалари учун ҳарфларни ўрганиш ва ёзиш қийин кечди. Бунинг устига алифбе китоби икки кишида, бири колхоз раисининг ўғлида, иккинчиси эса муаллимимизда бор эди. Келаси йили ўша биз кутган мактаб биноси битди. Мактаб деганимиз иккита хона, бир даҳлиздан иборат бўлиб, оҳак билан оқланган эди. Қишлоқ аҳли уни анча вақтгача мактаб эмас, балки Оқ уй, деб атаб юрди.

Муаллимимнинг дарс жараёнидан ташқарида айтган ибратли ҳикоя­лари, жониворларнинг феъл-атворлари ҳақидаги ғалати-ғалати ҳангомалари кейинчалик асар ёза бошлаганимда жуда-жуда асқатди. Боя ҳикоямиз бошида инсон табиат фарзанди эканлигини, она табиатдан айро яшаёлмаслигини айтган эдим. Ҳозир мен қандай асар ёзсам, ҳикоями, қиссами ҳаммасида табиат билан инсон ҳаётининг уйғунлиги ҳақида гап боради. Муаллимимнинг табиат ҳақида берган сабоқлари учун ҳали-ҳануз миннатдорман.

Бир воқеа сабаб мен қишлоқдаги мактабда эмас, бошқа таълим муассасасида ўқишимга тўғри келган. Биз иккинчи синфга ўтганимизда бизнинг мўъжаз илм даргоҳимизга янги ўқитувчи келди. Ўша йили ўқув йили бошидан Таман муаллим бизни, Поччахон муаллим эса биринчи синф ўқувчиларини ўқита бошлади. Таман муаллим биз учун сал нотаниш оҳангда, дона-дона қилиб сўзларди. “Мы” дегани биз, “ты” дегани сен, “спасибо” дегани раҳмат, “хорошо” дегани яхши, деб такрор-такрор тушунтирарди. Биз эса муаллимимизнинг гапини қайтариб, синф­ни бошга кўтарардик. Синф тинчиганида синфдошим Аъзамхоннинг дарсда ўтиргани эсидан чиқдими, бирданига овозининг борича “мы”, “мы”, “мы”, деб такрорлай бошлади. Муаллим аста унинг олдига борди-да, қўлидаги қалин муқовали йўқлама дафтар билан “мана сенга мы”, деб бошига чунонам туширдики, ҳаммамиз қотиб қолдик. Шу воқеа сабаб эртасига мен мактабга бормадим. Нега тўнимни тескари кийганим ҳақида ҳеч кимга оғиз очмадим. Биринчи муаллимим эса биларди, бироқ индамади. Нима ҳам десин? Янги муаллим жуда жоҳил, болаларни урар экан, десинми? Йўқ, бундай дегани у журъат қилолмасди. Хуллас, бобом ортидан эргашиб, ўша куниёқ Ёйилмани тарк этдим. У мени Кориз қишлоғи марказидаги бошланғич мактабга олиб борди. Бу даргоҳни мен ўқиган мактаб билан ҳечам қиёслаб бўлмасди.

Янги синфдошлар билан танишиб, ўқий бошладим. Кунларнинг бирида катта танаффусга чиққанимизда рўпарамда жилмайиб турган биринчи муаллимим Поччахон амакимга кўзим тушиб қолди. Худди дадамни кўргандай унинг бағрига отилдим. У юзларимдан ўпиб, қаттиқ бағрига босди:

— Ёшингни арт, кап-катта бола ҳам йиғлар эканми? — деди.

Орадан анча йиллар ўтди. Тўртинчи синфни битиргач, Туркистон шаҳридаги Ойбек домланинг қайнотаси Носирбойнинг ички ва ташқи ҳовлисига жойлашган ўзбек мактабида таҳсил олган чоғларимда ҳам, Тошкентга келиб, Ўрта Осиё Давлат дорилфунунининг филология факультетида ўқиб юрган кезларимда ҳам биринчи муаллимим ҳамиша хабар олиб турди. Ўқишни тугатгач, дорилфунун ҳовлисида диплом топшириш маросими ўтказилаётган эди. Ҳамма битирувчиларнинг ота-оналари, ёру дўстлари, қариндошлари тўпланишган. Бизникилардан эса ҳеч ким йўқ эди. Мендан хабар оладиган меҳрибон бобом аллақачон оламдан ўтган, олис йўл босиб келгани эса ота-онам қариб қолишганди. Дипломи қўлига теккан дўстларимга ҳавас билан қараб гангиб турганимда курсдошларимдан бири биқинимга туртди:

— Боринг, сизни чақиришяпти!

Саҳнага чиқдим, ректорнинг қўлидан диплом билан кўкрак нишонини олдим. Сўнг у бир нималар деди, аммо унинг гаплари қулоғимга кирмади. Саҳнадан тушаётиб, қалқиб кетиб йиқилаёздим. Шу пайт кимдир мени қучоқлаб, бағрига босди.

— Ёшингни арт, тентак, — деди.

Бу менинг меҳрибоним, биринчи муаллимим Поччахон амаким эди. Турмуш машаққатларини кўрганда ҳам, Иккинчи жаҳон урушида иштирок этиб, қўлидан яраланганда ҳам, қишлоқдаги ноҳақликларга гувоҳ бўлганда ҳам йиғламаган муаллимим, қаршимда қувончдан кўз ёшларини тўхтатолмас эди...

    9 август 2016 йил.

Дўрмон