“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

Йўллар ўзи йўл бошлар...

“Шамол қўшиғи” Шеърлар (Муаллиф – Икром Искандар) Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи. Тошкент – 2015

Истеъдодли шоир Икром Искандарнинг ўзига хос услубда ёзилган соф инсоний туйғулар чашмаси ила суғорилган шеърларини назм мухлислари севиб ўқийдилар, ўқиб ўйлайдилар. Чунки шоир шеърларининг ҳар сатри кишини ўйга толдириб, юрагига чўғ солади.

Шоирнинг янги шеърларидан тартиб берилган ушбу армуғон ҳам Сиз азиз шеърият мухлислари кўнглидаги соғинч ҳиссини жўш урдириб, руҳиятингизни шеърий жозиба ила мунаввар этади, деган ниятдамиз.

* * *

Асов отда ўтиб борар

кузнинг бир парча куни

ҳилпираган этаклари

бирров тегар юзимга,

қуруқшаган шохга мезон

илинади юкуниб,

хазонлар жон қадар иссиқ

кўринади кўзимга.

 

Бу тўрт кунлик дунёсида

сенсиз бир он яшашдан

тополмасдан ҳеч бир маъни

кўнглим ер ич-этини.

Бешафқат Вақт беозордай

кўринса-да ташидан,

очиқ тақвимнинг бетини

варақлайди бетиним.

 

Интиқ юрак ҳатто бир сўз

айтишга ҳайиқади,

айрилиқнинг денгизида

суза олмасанг ёмон.

Шамол сувни тўлқинлатар

ва ҳайдайди қайгадир,

мавжлантириб дилни соғинч

бошлаб кетар сен томон.

 

* * *

Саҳардан кечга довур

қувончдан тўлиб-тошган

ташна вужуди билан

баҳра олар қуёшдан.

 

Қуёш билан бирга у

осмонларда сайр этар –

тонгда тутганча қўлин,

кунботар қадар кетар,

чопқиллайди, бу висол

юрагига завқ солар,

унга ҳеч ғала-ғовур

ва тиқилинч автолар.

 

Кун ботганда қоронғу

ўйлар ўртаб кўксини,

катта кўча бўйидан

қайтар экан ўксиниб,

таққа қотар ва ногоҳ

тасаввурга қоришар –

кун акси кўз ўнгида

чироқ каби ёришар...

 

Сен кетганда соғинчинг

қадалгандай юракка,

шаҳарнинг чироқлари

уйқу бермас теракка.

 

* * *

Хаёлда ёдингни сочдай ўриб, ман

кўнглимнинг тубида асраб қўрибман,

билмам, бундан ортиқ нени сўрибман –

тушимда туш кўрдим –

сени кўрибман.

 

Нега юрагимни бунча доғлабман,

ўзи истамаган йўлга боғлабман,

сени унутмоққа ҳаргиз чоғлабман –

тушимда туш кўрдим –

сени кўрибман.

 

Балки, баъзи ишда тезтобман, лекин,

шу важ умр отин қистабман, лекин,

мен сени унутмоқ истабман, лекин,

тушимда туш кўрдим –

сени кўрибман.

 

Мен сенга бегона, сен ҳам менга ёт,

ёдингни унутмоқ истабману бот,

ҳаётим ичида сирли бир ҳаёт –

тушимда туш кўрдим –

сени кўрибман.

 

* * *

Сен гулларни парвариш

қилмоғинг кундалик иш,

яна бир ҳимо1 недир –

гулга интилган каби

менга интилсанг эди.

Сезар меҳринг тафтини,

гулларинг чанқабдими,

шивирлаб нелар деди –

сувга интилган каби

менга интилсанг эди.

 

Бир парча нур татийди,

оддий ва одатийдир –

гулларингга кун едир...

Нурга интилган каби

менга интилсанг эди...

 

Мен эса жон ҳалпимда2,

қовжираган қалбимда

гўё топгандай чаман –

гулга интилган каби

мен сенга интиламан.

 

Ва ё чексиз саҳрода

қолиб пою пиёда,

жонимни ҳам тиламай

сувга интилган каби

мен сенга интиламан.

 

Сенсиз қоронғу дунё,

кўзимга тўлиб рўё,

минг йилки тун ила ман

нурга интилган каби

мен сенга интиламан.

 

* * *

Еллари сочингдай таратар ифор,

бўйнингда ҳилпироқ сочиқдир.

Қошинг каби қора қалдирғочлари,

гуллари ақиқдир лабингдай,

осмони кўнглингдай очиқдир...

 

Мен севиб қолган шу кўкламнинг.

 

* * *

Сен томон борар бўлсам,

йўллар ўзи йўл бошлар,

гирдида пояндоз гул

шаклига кирган тошлар.

Семиргайман симирган

сарим – сарин ҳаволар.

Дарахтларнинг мавжуди

авжланади наволар –

чамамда, дарахтлар ҳам

сен ҳақда ўйлагайдир,

шохларида жон қуши

васфингни куйлагайдир.

Яқинлашар олислар,

бир ғубор йўқ орада.

олам чиройга, нурга,

сирга тўлиб боради.

шабаданинг қатида

чорловинг илғаюрман.

Юрагимни шабнамнинг

сувларига чаюрман.

Кўкайимни соғинчлар

селдай ювар гулдираб,

оқиб кетар ғам-қайғу,

йўқолади кудурат.

Кўзида қуёш кулган,

сочи тун, қоши қамар,

сенсан борар манзилим,

ошиқман, ошиқаман...

 

ҲАР ГАЛ

Эшик қўнғироғи чалинар секин.

Эриниб ҳомуза тортасан. Лекин

асло шошилмайсан бориб очишга:

– Мўлтони бўлса керак...

 

Бўсағада турар мўлтони кўнглим.

 

* * *

Кетдинг. Кета туриб қайрилдинг, нега

тошдай жонсиз қотдим ушбу ҳолдин мен?

Ғижим рўмолингдай кафтингда турган

юрагимни ногоҳ кўриб қолдим мен...

 

Икром ИСКАНДАР

 

1. Ҳимо – енгил ҳаракат (шева)

2. Жон ҳалпимда – жоним ҳапқириб