“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

ЯНГИ ЙИЛ ЮРАККА БУЮРСИН!..

Иқбол ҚЎШШАЕВА

Долғали 2016 йил билан хайрлашиб, ҳали мавҳумликларга тўла 2017 йилни кутиб олаётган куним мен учун умрларга татигулик кун бўлди. Шу тун осмонда янги ОЙ заминимизга, ҳаётимизга НУР соча бошлади. Мана, тўрт фаслоналикнинг телбанамо бахти ва ширин машаққати билан ўтди, ўтмоқда. Қадрдоним 2017 йил, надимимсан менинг. Сендан ранжисам айб бўлар. Ҳар бир кунинг кўзимга тўтиё. Ҳар бир онинг мен учун имтиҳон. Сенинг оқимингда дунёни — одамларни, айниқса, ўзимни  бошқатдан кашф этдим. Бахтни танидим. Мурғагимнинг тим қора қуралай кўзидаги ҳадик, ишонч ва қувончда ўзимни — ўрнимни топдим. Ундаги ҳадик қўрқувга, ишонч ишончсизликка, қувонч ўкинчга дўнмаслиги — ҳаётим мазмунига айланди.

Байрамлар, табриклар — нима у? Табрикни қабул қилмоқ учун қалб унга тайёр турмоғи керак. Байрам, аввало, юракка буюрсин. Кўнгилда «булбуллар дард-ла йиғлаб турса» кўз тақвимнинг бўялганини кўради, холос.

Жонингданда азиз жонларингни кўзида мунг кўрсанг, Сен учун олам кузнинг хаста кўрпасига ўраниб олса, маъносини йўқотса — Янги йил йилларингни юлқилаб тортиб олувчи аёз кампир авзойида туйғуларингни топтаб, юрагингни тепкилаб келади. Совуқ саналигича қолади.

Шукрки, кириб келаётган йилни ширин умидлар, ёрқин хаёллар қуршовида кутяпман.

Сенинг ҳам қадаминг қутлуғ бўлсин, 2018 йил! Ҳар бир инсон юрагига баҳор тароватини, ёз ҳароратини, куз саховатини, қиш оқлигини олиб кел! Қўйгин, банда банданинг бардошига таъзим этмасин.