“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

ЎЗБЕК ТИЛИ

Халил РИЗО,

Озарбайжон шоири

ЎЗБЕК ТИЛИ

Қайси куни учиб келдинг, самолардан, ўзбек тили?

Қанот олдинг энг муқаддас садолардан, ўзбек тили!

 

Беланчакли келинларнинг тингладингми алласини,

Сен яралдинг ул илоҳий нидолардан, ўзбек тили!

 

Неча минг йил, асрлардан ошиб келган олтин қолип,

Айт, қандайин ҳосил бўлдинг?

 

Ҳимолайга, Тяньшанга тенгдош бўлган, эй мўъжиза,

Айт, қандайин ҳосил бўлдинг?

 

Қайси ойда, қайси кунда силкинди бу бизнинг жаҳон?

Элбурсу Алп, Помир тоғин бунёд қилди қай вақт вулқон?

 

Мен ўйладим, тафаккур-ла ечдим охир жумбоғларни:

Ўзбек тили елкасида тутиб турар бу тоғларни!

 

Сайр айладим гоҳ яқинда, гоҳ узоқда:

Қароқумда, Қарчиғайда, Қолбутоқда...

 

Тупроқдаги фил суяги изинг сенинг, ўзбек тили!

Каҳкашонлар кўшки боққан кўзинг сенинг, ўзбек тили!

 

Қалинлиги қанча қат-қат музликларни эритмишсан,

Қиличларни сусдирмишсан, найзаларни синдирмишсан.

 

Тандирларнинг янги пишган ширмой нонин тафтларини

Қонимизга жо айладинг, ўзбек тили!

 

Сайр айладим Зарафшонда, Еттисувнинг ҳавзасида.

Қашқадарё, Чу, Сарисув ёқасида.

 

Бир замонлар чўнг тоғларни оқизарди долғасида,

Нечун бундай озаймиш сув?

 

Дарё балки сенга бермиш ўз кучини, ўзбек тили!

Ул чақмоқлар зулмат кесган қиличингми, ўзбек тили!

 

Бизнинг улкан куррамиздан сен қадимсан.

Диним, Тангрим, маъбудимсан,

Тил юраги, юрак тили — ўзбек тили!

 

Бориб кўрдим Такатошни, Тешиктошни.

Кўрдим, биллур қасрларнинг нақшидирсан, заркошини.

 

Жавҳарини сендан олмиш неча ёқут, неча дури.

Эй, икки минг беш юз йиллик Самарқанднинг пойдевори.

 

Тингла, менга не айтадур жонимдаги шалола қон:

Қизил қалъа, Ёнбош қалъа, Кичик тепа, Сариқ қўрғон.


Тошкент, Бўзсув, Кўкча, Шўркўл, Бўри қазган, Тангри қазган...

Вужудимга қувват келар номлардаги асилликдан.

 

Ким айтибдур, фақатгина дарё ёки кўл номисан?

Менинг лочин юрагимнинг темир кесган қанотисан.

 

Мангу ёқут қоялардан оққан сувдек сизилмишсан,

Жайҳун бўлиб, Сайҳун бўлиб бу тупроққа сезилмишсан.

 

Юсуф, Лутфий ашъор битди тафаккурин зоҳирида.

Бобур сени унутмади олис Ганга соҳилида.

 

Ҳайҳот, бу кун унутган бор... қандай атай ул нодонлар

Нонингни еб, энди бўлса кариллайди ёт тилларда!

 

Сўзларингни ёқажаксан, йиқажаксан, ўзбек тили!

Бўронлардан соғ чиқмишсан, чиқажаксан ўзбек тили!

 

Сўйлатажак ўз туркусин тилимизга ўзбек тили,

Яроғимиз, байроғимиз, борлиғимиз ўзбек тили!

 

Озарбайжон тилидан Гулбаҳор САТТОРОВА таржимаси