“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

БИР ҚУТИ ГУГУРТ

 

Низом КОМИЛ

— Урушдан кейинги оғир йиллар эди...

Хонадонлардан муҳтожлик ҳали аримаган, қишлоқ аёлларининг аксарияти фронтда ҳалок бўлган фарзандларига мотам тутиб, қора либос ки­йиб юришарди.

Аммо биз — мактаб ўқувчилари бахтиёр эдик, мағрур эдик, очликни писанд қилмасдик, чунки тепамизда бошимизни силайдиган “улуғ отамиз” Сталин бор эди.

Биз туман марказига туташ дўппидеккина қишлоқда яшардик. Қишлоқ теварагини кўз илғамас пахта далалари қуршаб олган эди.

Бир куни онам мени рўзғорга у-бу нарса харид қилиб келиш учун бозорга, туман  марказига жўнатди. Белимга чорсини боғлаб йўлга тушдим. (Во дариғ, ўша кезлари оддийгина тўрхалта ҳам анқонинг уруғи экан-да!) қишлоқдан чиқиб,  бир-икки чақирим юрганимдан кейин олисда одам шарпаси кўринди. У мен томонга қараб келарди. Яқинлашганида дарров танидим. У тил ва адабиёт муаллимимиз Мамажон Йўлчиев эди.

— Ҳа, эшон! – деди у жилмайиб. — Йўл бўлсин?

—    Бозорга, — деб жавоб бердим ийманибгина.

— Шошманг, — деди у қўлидаги тўрхалтани титкиларкан. Сўнг ундан бир қути гугурт олиб, менга узатди. — Мана буни олинг керак бўлади.

Ҳанг-манг бўлиб қолдим. Қўлимда бирор чўпи ҳам ишлатилмаган яп-янги гугурт қутиси турарди. Ўша пайтдаги ҳолатимни тасвирлаш учун чапдаст бир ёзувчи керак.

— Бир қути гугуртга ҳам шунчаликми, дейишга шошилманг. Боя айтганимдек, замон оғир эди. Ўчоқдаги ўтинни олов олдириш учун оташкуракни кўтариб, қўшнима-қўшни тутантириқ излаб чиқардик. Бу гапда заррача муболаға йўқ. Бу ҳар бир хонадоннинг бошидаги ҳар кунги савдо эди.

Ҳали ҳануз эсимда: муаллимим туҳфа этган бир қути гугурт туфайли қарийб бир ой тутантириқ тиланишдан халос бўлганмиз.

Дунёда сағирлар бошини силаган яхши одамлар кўп. Аммо мен олис-олисларда қолган ўша дала йўлини, муаллимим Мамажон Йўлчиевни ва, албатта, у зот туҳфа этган ва менга бир олам қувонч бағишлаган бир қути гугуртни ҳануз унутолмайман.

— Мана, орадан ярим асрдан кўпроқ вақт ўтди. Бу гаплар ҳозир чўпчакка ўхшаб кўринади. Илоҳим, чўпчаклигича қолсин.

— Бугунги кунларимиз  тўғрисида достонлар ёзиш керак. Аммо бунга менинг қурбим етмайди.

 

Лобар НОРБОЕВА ёзиб олди.