“Kitob dunyosi” –
маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий газета.
2012 йил 26 январда қайта рўйхатдан ўтган.

Муассис:
“Tafakkur bulog‘i” масъулияти чекланган жамияти

Барча ҳуқуқлар қонунлар билан ҳимояланган. Сайт маълумотларидан фойдаланилганда манба кўрсатилиши шарт.

УЛКАН ҚАЛБДАГИ НАФИС ТУЙҒУЛАР

Халқ артисти Шукур Бурҳонов хотирасига

 

Ўзбекистон Қаҳрамони

Зикир Муҳаммаджонов

 

“Театр бу — қадамингиз тегиши биланоқ кундалик ҳаётдан, турмуш икир-чикирларидан холи қиладиган санъат қасри, муқаддас кошона, эзгулик меҳроби”, — деган адабий танқидчи В.Белинский. Бу билан у театрда Шукур Бурҳоновга ўхшаган буюк артист­ларнинг юксак меҳнатини назарда тутгандир, ҳойнаҳой. Ҳа, Шукур Бурҳонов аҳён-аҳёнда туғиладиган, ўз халқи тарозисига тушадиган артист. Театримиз тарихини усиз тасаввур этиб бўлмайди. Ўзбек Давлат академик драма театри деганда буюк артист номи биринчилар қаторида тилга олинади. Баъзи саҳнадошларим ижодий фаолиятини сарҳисоб этиб: “150-200 та роль ижро қилибман”, дейди. Шулардан баъзиларинигина хотирлаш мумкин, холос... Аммо Шукур Бурҳоновнинг роллари эсда қолгани учун ҳам кўпдир.

Мен саҳнага илк бор у кишининг “Темур” спектакли билан чиққанман. Ўша дамларгача оммавий саҳналардагина кўринардим. Шукур ака спектаклда бош қаҳрамон ролини ижро этарди. Ўшанда у кишининг театрга келганига 10 йил ҳам тўлгани йўқ эди. Аслида бу актёр саҳнага қадам қўйган йиллариданоқ бош ролларни ижро этган. Эсимда, Шукур ака учун илк синов бу — “Рустам” спектаклидаги Рустам образи эди. Уни буюк актёр Аброр Ҳидоятов билан бир кунда ижро этганида бор-йўғи беш йиллик ижодий тажрибаси бор эди, холос. Лекин бу ҳодиса ўша йилларда санъатимизда воқеа бўлганди. Биринчидан, роль бир кечада икки актёр томонидан ижро этилган, иккинчидан, устоз билан шогирд беллашган эди. Беллашувни кўриш учун томошабин эшикни бузгани ёдимизда. Ўша кечадан томошабинларгина мамнун бўлиб қолмади. Устоз Аброр Ҳидоятов ҳам ажойиб актёр бўй ростлаётганидан қувониб, уни бағрига босганди.

1939 йили ёзги бинода “Баҳодир” спектакли ижро этиларди. Спектаклни завқ билан ижро қилардик. Иккинчи парда бошланиши олдидан саҳнага Йўлдош Охунбобоев кўтарилди. У Шукур Бурҳоновга “Ўзбекистон халқ артисти” унвони берилганлигини эълон қилди. Одатда, аввало, “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист” унвони берилиб, “Ўзбекистон халқ артисти” унвони ундан кейинги поғона эди. Шукур ака катта унвонга тўғридан-тўғри сазовор бўлган биринчи санъаткор эди. Унинг юксак унвонга муносиб эканини чин қалбимиздан тасаввур қилардик. Шу йили Катта Фарғона каналини қазиш бошланди. Жамоамиз қурувчилар ҳузурига икки спектакль — “Бой ила хизматчи” ва “Уйғониш”ни олиб борган эди. Аброр Ҳидоятов “Бой ила хизматчи”да ўофур бўлса, Шукур ака “Уйғониш”да Маҳкам ролини ижро этарди. Театр жамоаси каналчилар қатори баракларда истиқомат қилди. Деярли ҳамма участкаларга саҳна ўрнатилиб, кенг майдонни томошабинлар эгаллади. Учқўрғон участкасида “Уйғониш” намойиш қилаётган эди, чанг аралаш тўзон кўтарилди. Бўрон шу қадар шиддатли эдики, саҳнада актёрлару қоқилган қозиқлар қолди, холос. Ҳатто саҳна безаклари ҳам учиб кетди, раҳбарлар спектаклни тўхтатишни маслахат беришди. Аммо Ш.Бур­ҳонов саҳнадан тушмас, томошабин ҳам қимир этмай ўтирарди. Ҳамманинг кўзи актёрда, гўё томошабин саҳна безаклари йўқлигини ҳам сезмас эди. Актёр томошабиннинг руҳий оламига ана шундай тез кириб борарди. Янглишмасам, Избоскан туман истироҳат боғида “Гамлет”ни намойиш этмоқчи бўлдик. Бунинг дарагини эшитган халқ ён-атрофдаги қишлоқлардан келаверди. Натижада клубга одам сиғмай кетди. Шунда Ш.Бурҳонов таклифи билан кенг майдонга тўртта машина кузовидан саҳна қилиниб, спектакль ижро этилган эди. Бундай шуҳрат Ш.Бурҳоновга ўз-ўзидан келдими? Кимдир: “Унда табиат инъом этган талант бор эди”, деса, кимдир: “Устози зўр бўлган”, дейди. Бу гапларнинг ҳар бирида маълум даражада ҳақиқат бор. Аслини олганда, Ш.Бурҳонов санъатга тааллуқли бирорта ўқув юртини битирган эмас. Фидойилиги, ўз устида тинмай ишлашгина маш­ҳур актёр бўлиб етишишига сабаб бўлди. У шошқалоқликни ёқтирмас, шуҳрат кетидан қувмас эди. Лекин ролдан кўнгли тўлмагунча саҳнага томон ошиқмасди.

Томошабинлар кўпинча: “Шукур Бурҳонов нега Отелло ролини ижро этмаган”, деб сўрайди. Театримиз мухлислари Отелло ролини ўзига хос анъанавий мезон деб билади. Лекин бундай иштиёқ Шукур аканинг кўнглида ҳам бўлган. Бу асар қўлга олинганида, яъни 1940 йили мен спектакль режиссёрининг ёрдамчиси бўлиб ишлардим. Роллар тақсимланаётганда Отелло ролига икки актёр — Аброр Ҳидоятов ва Шукур Бурҳонов тасдиқланди. Стол атрофида иш бошланганида Шукур ака Аброр аканинг ёнида бўлди. Режиссёримиз Маннон Уйғур ҳар бир сўзнинг маъносини чақишга алоҳида эътибор берарди. Аброр ака ролини ўқиганида Шукур ака астойдил қулоқ соларди. Ўша йиллари таркиб деган қоидага риоя қилинарди. Унга биноан, биринчи таркиб ижрочиси эди. Асар саҳнага чиққанда ҳам Аброр ака 2-3 репетиция қилгач, Шукур акага навбат тегар эди. Премьера яқинлашди. Шукур ака ҳали ролидан кўнгил тўлмагани сабабли ке­йинроқ ижро этишга розилик сўради. Лекин ролни ташлаб қўймади. Унинг устидан тинмай иш олиб бораётганини билиб юрардим. У кўпинча актёр ва режиссёр Шариф Қаюмов билан ишлашни ёқтирарди. Актёрлар билан ишлашда эринмайдиган Шариф аканинг ҳузурига Шукур ака боргани-борган эди. Ҳатто бир неча бор Отелло роли устида бафуржа ишлаш учун таътилда курортларга бирга кетишди. Мен ишдан ажралмаган ҳолда театр институтида ўқир эдим. Диплом ишимиз — “Макр ва муҳаб­бат”­ни репетиция қилиб турган эдик, аудиторияга Шукур Бурҳонов билан Ш.Қаюмов кириб келди. Уларнинг ёнида театрда ишлаб, бизга нутқ маданиятидан сабоқ берадиган Назира Алиева ҳам бор эди. Репетициядан сўнг бизга тезгина жавоб беришди-да, ўзлари қолишди. Мен ҳам қолдим. Аниқ билардимки, улар “Отелло”ни репетиция қилиш учун келишган. Шунда кичик бир саҳнани кўришга муваффақ бўлдим. Бу “рўмолча” эпизоди эди. Бироқ шу кичик кўринишнинг ўзидаёқ Ш.Бурҳонов бу ролни ғоят ҳайратомуз тарзда ўйнай олишига ишондим. Унинг шунча йил тайёрланиб, бу ролни ижро этмагани мени ҳалигача ҳайратга солади. Кейинроқ кимдандир шундай сўзни эшитиб қолдим: “Шукур ака — “Отелло” Аброр аканинг ҳотираси учун тасаввурдагича сақланиши керак”, деган эмиш. Бу гапга ишонса бўлади. Шундан кейин саволга жавоб топгандек бўлдим...

Эллигинчи йилларда Н.В. Гоголнинг 100 йиллигига “Ревизор” асарини саҳналаштирдик. Премьера яқинлашмоқда, лекин Шукур ака ишга келмай қўйди. Хабар олсак: “Касалман”, дейди. Аммо ётиб олиб роль устида ишлаётганини сезиб қолдик. Муддат қисқалигидан раҳбарлар икки оёқни бир этикка тиққан. Бу эса актёрга ёқмасди, чунки роль қиёмига етмаганлигини яхши биларди. Юбилей спектакли масаласига санъат ишлари бошқармасига чақиришди. Биздан олдин бу ерга Шукур ака келиб: “Мен та­й­ёр эмасман”, дея роль дафтарини бошлиққа ташлаб чиқиб кетибди. Хуллас, спектакль Шукур ака “тайёрман” деганда қўйилди.

Гамлет ролини ижро этишга ҳам актёримиз кўп йиллар тайёрланган. Лекин мутахассислар яхши баҳо бериб туришганида ҳам саҳнага чиқмади. Бир куни “Гамлет” спектаклига чипталар сотилган-у, Олим Хўжаев Москвадан етиб кела олмади. Шукур акага шунча илтимос қилишганида, “йўқ” деб туриб олди. Охири саҳна ишчиларига мурожаат этдик. Улар бирпасда Шукур аканинг розилигини олди. Гамлет ижро этилди. Актёр оддий одамлар билан тез тил топишиб кетарди. Уларнинг олдида беозор боладек суҳбатлашар эди. Тайёрланаётган роли ҳақидаги мутахассислар фикри билан унчалик қизиқмас, авволо, оддий кишиларнинг — саҳна ишчиларининг фикрини сўрарди.

Устоз билан “Айбсиз айбдорлар” спектаклида биргаликда қатнашардик. У Гриша Незнамовни ниҳоятда севиб ижро этарди. Бир спектаклда саҳнага чиқиб кетаётганда саҳна орқасида кимнидир пиқиллаб йиғлаётганини эшитиб қолдим. Билсам, гўё Кручинина ўғли — Гришани таърифлаётган-у, актёр ўзи (Гриша) ҳақидаги сўзларни эшитиб, таъсирланаётган экан. Мана, образга кириш! Мен Шукур Бурҳонов шошиб келиб, ўзини саҳнага урганини ҳеч эслолмайман. Кичик эпизод бўлса ҳам у илгаридан пухта тайёрланар эди. Нафақат ўзи, балки партнёрига ҳам катта талаб қўярди. “Мирзо Улуғбек” асарини репетиция қилаётган эдик. Ота-бола саҳнаси негадир кўнгилдагидек чиқмаяпти. Мен Абдулатифни ижро этардим. Шунда саҳналаштирувчи-режиссёр А.Гинзбург Улуғбекнинг (Ш.Бурҳонов) кўзига тикилишимни сўради. Актёрнинг кўзига тикилдим-у, сесканиб кетдим, кўзларидан даҳшат ёғиларди. Борлиғимни аллақандай қўрқув қамраб олди. Бу эса ролимга бутунлай бошқача руҳ бағишлади. Шу-шу эпизод “Шер билан тулки” деб номланиб қолди. Умуман, “Мирзо Улуғбек” ёзилишида Шукур Бурҳоновнинг муҳим ҳиссаси борлигини Мақсуд Шайҳзода ҳам эътироф этарди. Тошкент зилзиласига қадар бу икки ижодкор ҳам бир кўчада истиқомат қилган. Актёримиз ишдан қайтиши билан Шайҳ аканикига чиқар, ёзилган саҳифаларни биргаликда ўқиб, муҳокама қилар экан, муаллиф ҳам Улуғбек монологларини Шукур акага ўқитиб тинглашни яхши кўраркан. Бир куни Шукур ака Шайҳзоданикига мени ҳам олиб борди. Билишимча, Абдулатиф монологига ўзгариш киритишмоқчи экан, ўқиб кўрдик, фикримизни айтдик. Дарҳақиқат, қандай пьеса бўлмасин, уни ўқиш бошқа, саҳнада қўйиш бошқа. Ўқилганда беозор бўлиб кўринган сўзлар саҳнада ортиқчалик қилиб қолиши ҳеч гап эмас. Ёки бошқача ифода, сўзлар талаб қилиб қолинади. Шу боис муаллифлар ҳар доим театр билан ишлашни катта мактаб, деб билишлари керак.

Фидокор актёр олтмишга бормаёқ, жисман қарий бошлади. Қон босими тез-тез ошиб кетадиган бўлди. Икки фарзанддан ажралиш... ўам актёр вужудини дарахт­га тушган қуртдек кемира бошлади. У ҳеч кимга ҳасрат ҳам, надомат ҳам қилмас, сукут сақлашга одатланган эди. Тасодиф билан гулдек қизи мангуликка кетди. Бу дард аримаёқ ўғлининг жасади келтирилди. Уни қабристонга кузатяпмиз... Шукур ака сояга айланиб қолганга ўхшайди... Қабристон эшигидан киришимиз билан у уйғониб кетгандек ҳушёр тортди. Айрилиқ аламини аниқ тасаввур қилди, шекилли, аллақандай куч билан тўлиб тошди, нимагадир чанг солмоқчи бўлгандек интилди. Қўлларидан маҳкам ушладик. Тупроқ тортиб бўлингач, қўлимиздан чиқиб ўзини сўли қоча бошлаган тупроққа ташлади. “Шавкат!!!” шундай фарёд отилиб чиқдики, гўё бутун қабристон ларзага келгандай бўлди. Минглаб кишиларга завқ улашган дардли юракнинг фарёди ҳаммани йиғлатди. Шукур аканинг ҳаётда ҳам ғоят таъсирчан киши эканига яна бир бор ишондик.